Линклар

logo-print

Рамазон арафасида Сўғдда нарх-наво кўтарилди


Саратоннинг пишиғида ҳам бозордаги мевалар нархи кўпчилик учун қўл етмаслигича қолмоқда.

Саратоннинг пишиғида ҳам бозордаги мевалар нархи кўпчилик учун қўл етмаслигича қолмоқда.

Тожикистонда, хусусан, Сўғд вилоятида шу кунларда озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, хориждан келтириладиган ун, қандолат ва бошқа маҳсулотлар нархларининг кўтарилишидан тожикистонликлар ташвишга тушиб қолдилар. Расмийлар¸ рамазоннинг нарх ошишига таъсири йўқлигини айтмоқдалар.


- Ҳозир буғдой ва бошқа дуккаклилар ҳосилини йиғиштиришнинг айни палласи бўлса-да, бозордаги нархлар осмонга чиқиб кетаяпти. Мана, ун, ёғ, макаронни олсак. Ахир булар кундалик истеъмол қилинадиган маҳсулотлар-ку. Ҳамма нарса икки сомоний, ҳатто ундан ҳам қиммат бўлибди (шу кундаги курс билан 1 АҚШ доллари 4,38 сомонийга тенг – таҳр.). Бир қоп ун 110 сомонийга чиқиб кетди (илгари 90 сомоний эди). Бир кило гўшт эса бирданига икки сомонийга кўтарилди. Сабзи килоси 2,5 сомонийдан пастга тушмаяпти. Ойлигимиз оз. Оилада битта ўғлим ишлайди, холос, дейди ўзини Муҳаррам Абдусаломова деб таништирган аёл.

Бозор расталарини айланиб юрган Алижон ака нархларнинг осмону фалакка чиқиб кетганидан хуноби ошиб, савдогарларнинг фойда кетидан қуваётганидан, одамларда инсоф қолмаётганлигидан нолиди.

- Вилоят ҳукумати раҳбарлари: “Рамазонда нархлар арзонлайди”, деган эди, акси бўляпти-ку. Ҳали рўза бошланмасидан нархлар қимматлашди. Оиламиз олти кишидан иборат, олаётган пенсиям рўзғор тебратишга етмаяпти, дейди Алижон ака.

Айни пайтда Сўғд расмийлари бугунги иқтисодий шароитда ҳукумат мулозимлари бозордаги нарх-наволарга ўз таъсирини ўтказолмаслигини қайд этмоқдалар. Вилоят агросаноат бошқармаси раҳбари Бобожон Домуллоевнинг айтишича, бозорлардаги баҳони савдогарларнинг ўзлари белгилайди.

- Айтайлик, ҳосилни йиғишга киришилганда бир кило буғдой нархи 40 дирам эди. Бугун эса бизга маълум бўлмаган сабабларга кўра, тижоратчилар бир кило буғдой нархини 40 дирамга кўтаришди. Уларнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда қурғоқчилик бўлган ва буғдой импорти камайган экан, дейди Бобожон Домуллоев.

Нарх-навонинг август ойига - айни пишиқчилик палласига келиб кўтарилишига, бозорлар масъулларининг айтишларича, ўзига хос сабаблар бор.

- Нархлар нима учун кўтарилаётганлигини турлича изоҳласа бўлади. Доллар қиммат, бензин қиммат, минерал ўғит ҳам қиммат бўлаяпти, деди овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган Хўжанддаги Пайшанба бозори маъмурияти вакили Ҳаким Олимов.

Айрим таҳлилчилар Тожикистонда озиқ-овқат нархларининг кўтарилишини июл ойидан мамлакатда ойлик ва пенсиялар миқдори 33 фоизга оширилгани билан боғламоқдалар.

Бошқалар эса озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида барқарорликнинг йўқлигига бозорларда маҳаллий маҳсулот камайиб кетганини сабаб қилиб кўрсатмоқдалар.

- Қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш шароити анча қийинлашган. Бунга жорий йилда ёғингарчилик кўп бўлгани ҳам сабаб бўлди. Деҳқонлар яхши ҳосил етиштира олмади. Асосийси эса илгари қишлоқларда мавжуд бўлган кичик корхоналар, ширкатлар йўқ бўлган. Деҳқончилик билан шуғулланадиганлар камайиб бораяпти. Назаримда, қишлоқларда кичик корхоналар қайтадан ташкил этилса, янги иш жойлари пайдо бўлади, маҳсулот кўпаяди, дейди Маcтчоҳ туманида истиқомат қилувчи Ботирали шу тариқа озиқ-овқат нархларини ҳам пасайтириш мумкинлигини қўшимча қиларкан.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, азал-азалдан шаҳарни деҳқонлар боққан. Бу жараён ривожланган мамлакатларда ҳанузгача давом этмоқда. Бироқ Тожикистон ахолиси чет эл маҳсулотлари ва Россиядан келаётган пулларга кўз тутиб, тайёрига баковул бўлиб, ишлашни хоҳламаяпти.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Тожикистондаги озиқ-овқат маҳсулотларнинг 90 фоизи Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Дубай, Эрон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатлардан импорт қилинади.
XS
SM
MD
LG