Линклар

logo-print

Шу йилнинг 1 август оқшомида Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Масалиев қишлоқ округи ҳудудида жойлашган “Дўлана” кафесида оммавий муштлашув бўлиб ўтди.

Муштлашув натижасида тан жароҳати олган икки фуқаро Қизилқия шаҳар касалхонасига мурожаат қилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати юз берган нохуш ҳодиса маиший характерга эга бўлганини қайд этиб, фуқароларни провокацияга берилмасликка чақирди.

Қирғизистон МХХ матбуот хизмати маълумотларига кўра, муштлашувдан кейин воқеа содир бўлган жойга асосан маҳаллий ёшлардан иборат турли миллат вакиллари йиғила бошлаган, уларнинг кўпчилиги маст аҳволда бўлиб, ўзларини анча тажовузкора тутган. Йиғилганлар сони 250-300 кишига етган. Зиддиятни бартараф қилиш ва яна оммавий муштлаш чиқишининг олдини олиш мақсадида воқеа жойига келган Учқўрғон милиция бўлими ходимлари ва Ҳайдаркон чегара отряди махсус топшириқ бажарувчи бўлими ёрдамида йиғилганлар тарқатилган.

Яна матбуот хизматининг маълум қилишича, ички ишлар идоралари, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва махсус топшириқларни бажарувчи отряд аскарлари томонидан кўчаларнинг муҳим чорраҳалари ҳамда Учқўрғон ва Масалиев қишлоқ округлари кўчаларида мобил қўриқчилик гуруҳлари ташкил этилган. Учқўрғон ва Қарадўбў қишлоқларида ёшлар гуруҳлари тарқатиб юборилган, милиция уларни тарқатиш учун осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ отишга мажбур бўлган. Кўрилган чора-тадбир чоғида фуқаролардан ҳеч ким жабр кўрмаган.

Мазкур оммавий муштлашув ҳодисаси юзасидан Қадамжой туман ИИБ томонидан жиноят иши очилган.

“Аҳоли орасида зарур тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Умуман олганда, бу чора-тадбирларни қўллаётган аҳоли маиший зиддиятларга миллатлараро низо бўёғини беришга йўл қўйиб бўлмаслигини айтмоқда. Учқўрғон қишлоқ кенгаши депутатлари томонидан алкоголли маҳсулотлар сотишни таъқиқлаш ҳамда соат 21.00 дан кейин кўнгилочар масканлар ва умумий овқатланиш жойларини ёпиш ҳақида қарор қабул қилинди”, дея маълум қилади Қирғизистон Миллий хавф хизмати.

Эслатиб ўтамиз, айтилган аҳоли пунктларида турли миллат вакиллари истиқомат қиладилар. Бу ҳудудларда қирғизлар билан биргаликда минглаб ўзбеклар (жумладан, Қизилқия ва ёндош қишлоқларда), тожиклар (хусусан, Учқўрғон ва бошқа қишлоқларда) ҳамда бошқа миллат вакиллари яшайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG