Линклар

logo-print

Тожикистонда болаларга диний таълим берган диндор ушланди

  • Гулнора Равшан

Тожикистоннинг Рудакий туманига қарашли Дарёобод қишлоғида яшовчи масжид имоми Мавлавий Абдуқаҳҳор ва унинг ўнга яқин шогирдлари ўтган ҳафтада Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Бу маълумотни мазкур вазирлик матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев тасдиқлар экан, Мавлавий болаларга ноқонуний диний машғулот ўтказганини қайд этди.

- Ҳибсга олинишининг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, болалар таълим олган маскан гигиена талабларига жавоб бермаган ва машғулотлар ҳам ноқонуний олиб борилган. Иккинчидан, Мавлавийнинг шогирдлари 4 ёшдан 16 ёшгача бўлган. Ваҳоланки, қонунчилигимизга мувофиқ, етти ёшгача бўлган болаларга диний таълим ва араб алифбосидан сабоқ бериш мумкин эмас, дея билдирди Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Расмийдаги маълумотларга кўра, Мавлавийнинг 70 га яқин шогирди бўлиб, у шу кунгача болаларга ҳеч бир расмий рухсатномасиз диний таълим бериб келган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 25 мартида Тожикистонда “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун имзоланган эди.

Мазкур қонуннинг 8-моддасида болаларга лицензиясиз диний таълим бериш мумкин эмаслиги таъкидланади.

“Ҳар бир фуқаро ихтиёрий тарзда диний таълим олиш ҳуқуқига эга. Жойлардаги масжидлар ўз низомномаси асосида гуруҳлар ташкил қилиб дин асосларини ўргатиш ҳуқуқига эга. Диний таълим расмий рухсатнома (лицензия) асосида олиб борилиши шарт. Диний таълим 7 дан 18 ёшгача бўлган болаларга, уларнинг ота-оналари розилиги билан берилиши лозим”, дейилади “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-бандида.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иддаоларига кўра, масжид имоми Мавлавий Абдуқаҳҳор ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, қонунни оёқости қилган.

Мавлавий ва унинг шогирдлари ҳибсга олингандан сўнг унинг ҳовлисида ёлғиз қолган кекса отаси: “Ўғлим фақат болаларга Исломдан таълим бергани учун ҳибсга олинди”, дер экан тафсилотларни айтишдан тийилишини маълум қилади.

Мавлавийнинг қўшнилари болалар устози билан ҳибсга олингунга қадар шу ҳовлида яшаб, таълим олганларини айтишади.

Айни пайтда, 2 август куни Тожикистон Ислом уйғониш партияси интернет сайтида ёйинланган хабарларга кўра, қарийб бир ҳафтадан бери вақтинчалик қамоқда сақланаётган Мавлавий Абдуқаҳҳор ва унинг ўнга яқин шогирди ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан дўппосланган.

Мазкур партия раиси ўринбосари Маҳмадали Ҳайит расмийларнинг бу ҳатти-ҳаракати жамиятда диний экстремизм куртакларининг пайдо бўлишига шароит яратади, дея мулоҳаза билдирди.

- Ҳукуматнинг дин тўғрисида имзоланган янги қонун доирасида йўлга қўйган бу тадбирлари, чекловлари, табиийки, ёшларимизнинг диний экстремизмга юз тутишига олиб келади. Ва агар бундан ҳам жиддийроқ тўсиқлар қўйилаверса, Худо кўрсатмасин, мамлакатдаги тинчлик-барқарорлик издан чиқиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас, дейди Маҳмадали Ҳайит.

Аснода иқтидордаги ҳукуматнинг янги қонун доирасида болаларга диний таълимни чеклаб қўяётгани айрим ота-оналар норозилигига ҳам сабаб бўлаётир.

- Тожикистонда аксарият фуқаролар мусулмон. Бу мутлақо нотўғри иш. Нега энди болаларга диний таълимни чеклашади? Мусулмончиликка қарши иш қилаяпти, мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини оёқости қилаяпти ҳукумат. Ислом дини инсонни тарбияловчи, тўғри йўлга йўлловчи диндир, биз унинг қонун қоидаларига амал қилишимиз лозим, дейди Ваҳдат туманида яшовчи Саодат исмли суҳбатдошимиз.

Ўтган уч ҳафта давомида Тожикистон шимолида ҳам лицензиясиз диний таълим берган бир неча диндор ҳибсга олиниб, дастлабки терговдан сўнг улардан жарима ундирилиб, сўнг қўйиб юборилган эди.

Айтиш ўринлики, Мавлавий Абдуқаҳҳор тожик жамиятида унчалик танилган дин олими эмас. Шунга қарамай, шогирдлари билан ҳибсга олинган Мавлавий шу кунгача қўйиб юборилмаётгани кўпчиликнинг норозилигига ва турли баҳсларга сабаб бўлиб қолмоқда.

Айрим норасмий манбаларга кўра, Мавлавий Эрон ва Покистонда диний таълим олиб қайтгандан сўнг ўзи истиқомат қилган қишлоқ болаларига Исломдан сабоқ бера бошлаган.
XS
SM
MD
LG