Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:57

Ўш шаҳар мэри:"Менга билдирилаётган айбловларнинг барчаси асоссиз!"


30 июл куни яна бир бор Ўшга сафар қилган Қирғизистон Ўтиш даври президенти Ўтунбаева яна бир бор Мелис Мирзакматовга ишонч билдириб қайтди.
30 июл куни яна бир бор Ўшга сафар қилган Қирғизистон Ўтиш даври президенти Ўтунбаева яна бир бор Мелис Мирзакматовга ишонч билдириб қайтди.

Ўшда 10 июн куни бошланган қирғиндан буëн Озодлик мухбирлари суҳбатлашган юзлаб¸ балки минглаб ўшлик ўзбекларнинг ишончига кўра¸ бу зўравонликлар ортида турган асосий шахслардан бири Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакматов бўлади. Озодлик мухбири билан суҳбатда шаҳар мэри бундай айбловни рад этишга уринди.


Хизмат сафари билан Қирғизистонда бўлган Озодлик мухбирлари 21 июл куни Ўш шаҳар мэри Мелисбек Мирзакматов билан учрашиб, унга биринчи навбатда ўшликларни қизиқтираётган саволларни берган эди. Ўша кунги суҳбат мазмуни билан мухбиримиз Сизни ўз вақтида таништирган. Бугун эътиборингизга Ўш шаҳар мэри билан ўтказилган суҳбат матнини ҳавола қилмоқчимиз.

Озодлик:
БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай кеча баëнот берди. Баëнотда кейинги кунларда кўплаб ëш йигитлар қўлга олингани ва уларнинг деярли барчаси ўзбек йигитлари эканлиги¸ уларга қийноқлар қўлланилаëтгани ҳақида гап боради. Шунга нима дейсиз?

Мелис Мирзакматов: Менда бундай информация йўқ. Афтидан, бу яна бир иғво.

Озодлик: Биз кеча маҳаллаларда бўлиб, уйи ёндириб юборилганлар билан гаплашдик. Уларни, асосан, икки масала ташвишга соляпти. Биринчиси – хавфсизлик масаласи – ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари зўравонлигидан хавфсизлик масаласи. Маҳаллалар аҳли комендант соати бошланиши арафасида ҳамда эрта тонгда одамларни дарвозаси олдидан ҳарбийлар қўлга олиб, опкетиб қолаётганидан шикоят қилмоқда. Кеча Калинин кўчаси маҳалласидаги Тўлайкан тор кўчасида айнан ана шундай ҳолат юз берганига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Сиз шаҳардаги вазиятдан хабардормисиз? Шаҳар мэри сифатида мана шундай ҳолатларнинг олдини ола биласизми?

Мелис Мирзакматов: Мен бу саволга қисқа жавоб бераман. Муваққат ҳукуматнинг Ўш шаҳри, Ўзган, Аравон ва Қорасув туманларида Фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги декрети бор. У 11 июн, тунги соат 2 да чиққан. Қонунларимизга кўра, Фавқулодда ҳолат эълон қилинган кундан бошлаб менинг барча ваколатларим Комендантга ўтади. Лекин шуни айтишим керакки, халқ ўзининг ҳуқуқларини ҳамда Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунни билмайди. Дарвозасининг олдида турибдими – демак, қонунни бузяпти. Бугунгидай ҳолатларда қонун барчага баробар бўлиши керак. Мен ҳамшаҳарларимизни бир неча бор Фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонунга оғишмай риоя қилишга чақирганман. Жуда оз вақт қолди, 10 август куни комендант соати бекор қилинади.

Озодлик: Ёндирилган уйлар қачон қайта тикланади? Давлатнинг ёрдами қай кўринишда бўлади?

Мелис Мирзакматов: Биз, аввало, миллатига қарамасдан шаҳарликларни биринчи навбатда гуманитар ёрдам – озиқ-овқат билан таъминладик. Шаҳарни қайта тиклаш иккинчи босқичдир. Биз шу кунда шаҳарнинг Бош плани устида ишлаяпмиз. Тажриба шуни кўрсатдики, биз ўт ўчириш машиналарини жойларга кирита олмадик. Чунки кўчалар тор. Иккинчидан, миллатлар аралаш яшаши масаласи бор. Масалан, Южний (Турон) микрорайонида ҳеч қандай тўполон бўлгани йўқ. Биз миллатлар аралаш яшайдиган кварталлар барпо этмоқчимиз. Ҳовлиларда болалар ўйнасин, дўстона, яхши қўшни бўлиб яшашсин. Шунинг учун биз секин-аста бир миллатли кварталларни йўқ қилмоқчимиз. Уларни аралаш кварталларга айлантирмоқчимиз. Шу кунда Ўш шаҳри бўйича кўрилган зарар аниқланди. Зарар 1 миллиард 336 миллион сўмни ташкил қилди. Тегишли актлар тузилган. Шу кунда халқаро молиявий ташкилотлар, донорлар билан ишлаяпмиз. Кечаю кундуз ишлаяпмиз.

Озодлик: Сиз айтган рақам шаҳар муниципалитети кўрган зарарми ёки оддий шаҳарликлар кўрган зарарми?

Мелис Мирзакматов: Бу - шаҳарликларнинг мулкига етган зарар. Биз бош планни ишлаб чиқаяпмиз ва шаҳар аҳлига икки вариант таклиф қилмоқчимиз. Кўпқаватли уйлар ва иккинчи вариант – алоҳида уйда яшамоқчи бўлганларга ер участкалари беришни режалаштиряпмиз. Демак, жабрланганларда танлаш имкони бўлади.

Озодлик: Бир миллатли мавзелар бўлмайди, деяпсиз. Масалан, Амир Темур (10 адир) ёки Турон (1 адир, 9 адир) микрорайонларида фақат ўзбеклар яшайди. Бу мавзеларнинг тақдири қандай кечади? Мажбурлаб аралаштирасизми?

Мелис Мирзакматов: Тушунинг, бу иш бирдан бўлиб қолмайди. Келажакда, деяпман. Мен вайрон бўлган кварталларни айтяпман. Сиз айтаётган кварталлар ўзгаришсиз қолаверади. Биз янги кварталларни аралаш яшайдиган қилмоқчимиз.

Озодлик: ЕХҲТ ўз полиция кучларини Ўшга юбормоқчи. Улар керакми? Улар Ўшда қандай рол ўйнаши мумкин?

Мелис Мирзакматов: Шаҳарликларнинг кўпчилиги полиция комиссиясининг Ўшга киритилишига қарши. Мен ҳам кўпчилик фикрига қўшиламан. Чунки улар менталитетимизни, урф-одатлармизни билмайди.

Озодлик: Лекин келишса, ҳамкорлик қиласиз?

Мелис Мирзакматов: Албатта, бу табиий. Чунки, қарор юқорида қабул қилинган.

Озодлик: Энди, Сизнинг Ўш воқеаларидаги ролингиз масаласига тўхталсак. Ўринбосарларингиз – Темур Қамчибеков ва Бақит Аманбаевларнинг ўз вақтида берган баёнотларига қараганда, Ўш воқеаларида сизнинг бевосита иштирокингиз бор?

Мелис Мирзакматов: Келинг, очиқчасига гаплашамиз. Бақит Аманбаев 9, 10, 11, 12, 13 июн кунлари ишга келгани йўқ. 14 июн куни пайдо бўлди. Оғир кунларда қўрқоқлар билан ишламайман, дедим унга. (Шундан сўнг Мирзақматов ўрнидан туриб иш столи олдига борди ва у ердан бир қоғоз кўтариб қайтди) Мана Темур Қамчибековнинг касаллик тарихи. (Мирзақматов касаллик тарихини ҳижжалаб узоқ ўқиди. Унинг айтишича, "нафақат Қамчибеков, балки унинг аждодлари ҳам руҳий касалдир") Хўш, айтингчи, мен қандай қилиб, бундай кишилар билан ишлай оламан?

Озодлик: У ҳолда табиий савол туғилади: уни ким ишга олган?

Мелис Мирзакматов: Қонунларимизга биноан мен ўзимнинг уч вице-мэримни ишга тайинлай оламан. Биринчи вице-мэрни тайинлаш президентнинг ҳуқуқи. Қамчибеков инқилоб тўлқинида ишга тайинланиб қолган эди. Лекин халқ тақдири ҳал қилинаётган вақтда мен қараб туролмадим. Уни ишдан олдим. Чунки унинг касаллиги ирсий касалликдир.

Озодлик: Халқ тилида айтсангиз, қанақа касаллик унинг касаллиги?

Мелис Мирзакматов: Просто, псих.

Озодлик: Атрофингизда жуда кўп гаплар юрибди. Афтидан, айнан Сиз муаммонинг бир қисмисиз. Мабодо, президент Сиздан истеъфо беришингизни сўраса, кетасизми?

Мелис Мирзакматов: Аксинча, президент менга шаҳарни қайта тиклашни топширди. Барқарорлик устида, икки халқ муросаси йўлида ишлашни буюрди. Президентгаям ҳар-хил миш-мишлар етиб борган. Лекин у ҳар томонлама ўйлаб, текшириб кўриб қарор қабул қилди. Мен 7 апрелдан кейин шаҳарни талон-тарож бўлиб кетишидан сақлаб қолдим. Биронта дўконча ҳам таланмади. Бир томчи ҳам қон тўкилмади. Юқоридагилар ҳам, аҳоли ҳам менинг фаолиятимни тўғри баҳолайди, деган фикрдаман. Қон тўкилишининг олдини олиш учун 2009 йили биз ҳатто махсус режа ҳам ишлаб чиққанмиз. Менга нисбатан билдирилаётган айбловларнинг барчаси асоссиздир.
XS
SM
MD
LG