Линклар

logo-print

Ўзбекистон бўйлаб бензин тақчиллашда давом этмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистондаги АËҚШларидаги бензин учун навбат кутишлар ҳали-вери тугайдиган кўринмайди.

Ўзбекистондаги АËҚШларидаги бензин учун навбат кутишлар ҳали-вери тугайдиган кўринмайди.

Ўзбекистон пойтахти ва вилоятларида бензин тақчиллиги сурункали тус олмоқда. Тошкентдаги бензин қуйиш шаҳобчаларида куннинг биринчи ярмида бензин топиш мумкинлиги айтилаëтган бир пайтда¸ вилоятларда бир литр бензиннинг қора бозорда 4000-5000 сўмга чиққани хабар қилинмоқда.


1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда бензин нархлари ўртача 15 фоизга оширилганига қарамай, мамлакат бўйлаб бензин тақчиллигича қолмоқда. Озодликка сим қоқаëтган оддий ўзбекистонликларнинг айтишича¸ автомобилига ёқилғи қуйиш учун ҳайдовчилар тонг саҳардан навбатга туришга мажбур. "Бироқ, бензин олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди, навбат келган тақдирда ҳам 10 литрдан ортиқ бермайди", дейди хусусан хоразмлик Матёқуб.

- Икки-уч¸ тўрт-беш кунлаб навбатда туришади. Бензин кам келса¸ тўрт-беш кунлаб ëтишади. Унда ҳам 10 литр беради. Бу 10 литрни 1350 сўмдан беради. Тирикчилик қилиш керак¸ иложи йўқ. Қўлдан олиб соламиз. 10 литр бензин етмайдику¸ дейди Матëқуб.

АЁҚШлардаги бензин танқислиги ҳайдовчиларни олиб-сотарларга мурожаат этишга мажбур қилмоқда. Шаҳобчаларда ўзи йўқ бензиннинг бир литри учун нарх 1220 сўм бўлса, қўлда 4000 сўм¸ дейди Хоразмдаги вазият ҳақида маълумот берган Матëқуб.

- Бензин қўлда 4000 сўм. Биз мана таксичилик қилиб тирикчилик қиламиз. Аҳвол оғир. Мана ëнимда таксичи ўртоқларим ҳам бор. Заправкаларда бензин йўқ. 4000 дан бўлсаям олаяпмиз энди¸ дейди хоразмлик ҳайдовчи.

Айни пайтда бензин тақчиллиги билан боғлиқ ҳолат транспорт хизматлари нархларида акс этмай қолмаëтир.

- Олдин 1500 сўм билан бориладиган жойга ҳозир 3000 билан олиб боришаяпти. Дамасларнинг газ қўйилганлари 500 сўмдан ҳайдаб турибди. Бензинда юрадиганлар ишламай турибди. Яхшиси бензинни кўчага чиқариб сотгани яхши. Асосан йўл ҳақи қиммат бўлиб турибди. Тошкентга одам бошига 70-80 минг сўм олишаяпти. 50 минг сўм эди. 30 минг сўмга қимматлади¸ дейди Матëқуб.

Маҳаллий расмийларга кўра¸ аҳолининг ўртача даромади 200-300 минг сўмни ташкил этадиган Хоразм вилоятида бензин тақчиллиги билан боғлиқ муаммо сабабларини ўрганиш учун вилоят ҳокимлигига боғландик. Ҳокимлик расмийларидан бири бир ҳафта ичида вазият яхшиланиб кетишини айтди.

- Бир ҳафталарга яхши бўлиб кетади¸ деб туришибди. Тунов куни Жумагалдиев ўтказган мажлисда “Бир ҳафталарга яхшиланиб кетади” деди¸ дейди Хоразм вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси.

Бу гапни айтган Хоразм вилоят ҳокими муовини Усмонбой Жумагалдиевнинг ўзи билан боғлана олмадик.

Бензин тақчиллиги сабабларини “Хоразм Нефтбаза”си идораси расмийлари ҳам тушунтириб бера олишмади.

- Нефтбаза бензинни заправкага чиқаради. Кунора чиқиб турибди. Нима учун бензин тақчиллигининг сабаби учун вилоят ҳокимига чиқасизда¸ деди “Хоразм Нефтбаза”си идораси расмийси.

Вилоят ҳокими билан боғланиш уринишларимиз ҳам бесамар бўлди. Вилоят ҳокимлигидаги расмийлардан яна бири Озодлик билан суҳбатда бензин тақчиллигини ëнилғини “режасиз” ишлатиш оқибати¸ деб изоҳлади.

- Сабаби плансиз ишлатиб юборишган. Яна бир ҳафталарга жойига тушиб кетади дейишди¸ дейди вилоят ҳокимлигидаги расмийлардан бири.

Ҳокимлик расмийсининг бу изоҳига фикр билдирар экан хоразмлик ҳайдовчи Матëқуб¸ буни Ўзбекистонда советлардан қолган "режали иқтисодий тизим"нинг ҳамон сақланиб қолаëтганининг тасдиғи¸ дея атади:

- Бозор иқтисодиëтида план деган нарса бўладими? Талаб бўлса¸ чиқариб сотавериш керак. Нима деган гап бу? Бензин қўшни республикалардан арзон бўлса¸ зарари йўқ эди. Ўшанда “бошқа республикаларга олиб чиқиб сотаяпмиз” деб айтарди. Лекин унақа эмаску. Қўшни республикаларда биздан арзонку. Билмадим булар Афғонистонга ўтказиб сотишаяптими ëки Тожикистонга сотишаяптими. Лекин Туркманистонда¸ Қозоғистонда бензин бизларга нисбатан арзон¸ дейди хоразмлик ҳайдовчи Матëқуб.

Авваллари, Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига бензин қўшни Туркманистондан яширин йўллар билан олиб келинар ва вилоятда бензин Ўзбекистоннинг бошқа жойларига қараганда анча арзон эди. Бугун эса бу йўналиш ёпилган.

Қозоғистон ҳам шу йилнинг май ойидан бензин маҳсулотларини четга чиқаришни тўхтатди. Бу маълумотни Қозоғистон Нефт вазирлиги вакили Айян Атигаев тасдиқлади.

- Қозоғистондан ташқарига бензин маҳсулотларини чиқариш май ойида ман этиб қўйилган, дейди Айян Атигаев.

Қозоғистоннинг нефт маҳсулотлари экспортини тақиқлагани Ўзбекистонда бензин қаҳатлашишига олиб келгани айтилади.

Қозоғистон ҳукумати дастлаб нефт маҳсулотлари экспортини жорий йилнинг 1 июлига қадар тақиқлаган ва буни мамлакат ички бозорини ҳимоялаш мақсади билан изоҳлаганди. Эндиликда ушбу тақиқ жорий йилнинг 1 ноябрига қадар узайтирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG