Линклар

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани узил-кесил белгилаш ҳаракатида


Ўшдаги қирғиндан омон истаб ўзбек чегарасига ëпирилган ўшлик ўзбеклар¸ бу ерда Тошкент қаздирган чуқур хандақларга дуч келган эди.

Ўшдаги қирғиндан омон истаб ўзбек чегарасига ëпирилган ўшлик ўзбеклар¸ бу ерда Тошкент қаздирган чуқур хандақларга дуч келган эди.

Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондан ўзбек-қирғиз чегарасидаги делимитация ва демаркация жараёнини тезлатишни сўради. Кузатувчиларга кўра, қирғиз ҳудудига ўз хавфсизлиги учун таҳдид манбаи деб қараëтган Тошкент ўз ҳудудларини батамом белгилагач¸ чегарани хандақ ва бетон деворлар билан мустаҳкамлаш пайидан бўлмоқда.


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси қошидаги Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси 3 август куни тарқатган хабарда айтилишича, икки давлат чегараларининг ҳали келишилмаган ҳудудларида зиддиятли вазиятларни келтириб чиқармаслик ва чегара бўйлаб хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон томонидан ўзбек-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация жараëнини якунига етказиш зарур.

Бу хабар ортидан Қирғизистон Давлат чегаралари хизмати полковниги Ақилбек Нишоновнинг Озодликка айтишича, 23 июл куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида икки давлат чегара хизмати расмийлари учрашувида Ўзбекистон томони баҳсли ҳудудлардаги демаркация ва делимитация ишлари жараёнини тезлатишни таклиф этган:

- Қирғиз-ўзбек чегарасидаги делимитация ва демаркация қилинмаган баҳсли ҳудудлар жуда кўп. Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида қирққа яқин шундай ҳудуд бор. Уларнинг масофаси ҳар хил, баъзилари 2-3 километр, баъзилари кўпроқ дейди Қирғизистон чегара хизмати расмийси.

Икки давлат мустақил бўлганидан бери ўтган қарийб 20 йил давомида чегара масаласининг ҳамон охирига қадар ҳал этилмаганини изоҳлаган қирғиз чегарачилари маъсули¸ бу жараëнда турли расмиятчилик кўп эканини айтади:

- Биласизми¸ ер масаласи жуда оғир масала. Бу ҳукуматлар даражасида ҳал қилинади. Икки томон комиссияси бу ҳудудларни кўриб, ўрганиб чиқиши ва келишиши лозим. Бу жараён анча узоққа чўзилиши мумкин. Аввал комиссиялар кўриб чиқади, кейин икки мамлакат парламентларида ратификация қилинади, ундан сўнг президентлар имзо чекади, дейди Қирғизистон Давлат чегаралари хизмати полковниги Ақилбек Нишонов.

Фарғона вилоятининг 325 квадрат километр ҳудуддаги Сўх тумани Қирғизистондаги баҳсли чегараси жуда кўп анклав ҳисобланади. Тўрт томони Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Сўх ҳали тўла делимитация ва демаркация қилинмагани учун икки давлат аҳолиси ўртасида жуда кўп можаролар бўлиб туради. Ўтган йилда Қирғизистон сўхликларга ўз яйловларида чорва боқишни тақиқлаб қўйди. Бунга жавобан сўхликлар Қирғизистон автомобилларини ўз ҳудудидан ўтказмай қўйдилар. Қирғизистонликлар эса бунга жавобан Ўзбекистонга ўтадиган йўлни тўсиб қўйди. Фақат шу йилнинг 1 июнидаги ўзаро келишувдан сўнг бу муаммолар ечими топилгандай бўлди. Сўхлик Камол Азизов делимитация қилинмагани туфайли баҳс мавзуи бўлиб қолаëтган ҳудудларни санайди:

- Чашма қишлоғи бор. Иккита Чашма бор. Ўзбекистоннинг Чашмаси ва Қирғизистоннинг Чашмаси бор. Кейин Сўхнинг Чархободи ва Боткенга ўтиш. Ҳафқан қишлоғидан кейин у томони Қирғизистон. Ўзбекистонга кириш учун иккита йўл бор. Чашма¸ Қадамжой орқали Риштонга кирасиз ва Бурганди орқали кирасиз, дейди сўхлик Камол Азизов.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев¸Тошкент ҳукуматининг ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар хусусидаги узоқ йиллик келишмовчиликни Қирғизистондаги ҳозирги ҳукумат заиф бўлиб турган бир пайтда бир ëқлик қилишни талаб этишини "кулгили уриниш" дея баҳолайди:

- Қирғизистонда ўзи вазиятни назорат қиладиган ҳукуматнинг¸ ҳукумат бошлиғининг ўзи йўқ. Структура бўйсунмаëтган пайтда қанақа қилиб чегара бўйича бунақа ишни бажариб бўлади? Биринчи номерли масалаларни ҳал қилмаяптию. Инсоннинг ҳаëти билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қила олмаëтганда¸ бу энди жуда кулгили нарсаю¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Фарғона водийсининг Қирғизистон билан чегара ҳудудларида чегара муаммолари бошқа минтақалардаги айни муаммоларга нисбатан анча жиддий. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати ташқаридан келадиган хавфдан ўзини иҳота қилиш мақсадида, бутун чегарани тиканли симлар, чуқур хандақлар ва бетон деворлар билан ўраб олишга ҳаракат қиляпти¸ дейди бу кузатувчи:

- Чунки аҳоли пунктлари устидан кўпгина чегаралар ўтган. Ўртадаги чегарани ҳукумат томонидан назорат қилиш бугун ҳаддан ташқари актуал масалага айланаяпти. Чунки Қирғизистондаги этник зиддият чегаранинг бу томонига¸ яъни Ўзбекистонга таъсир қилиши мумкин¸ деган хавотирлар бор. Энг асосийси¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатан чегарани аниқлаб олиб¸ менинг назаримда¸ девор қуриш ëки хандақлар қазиш кучайтириши мумкин. Чунки Ўзбекистон¸ Тожикистон ва Қирғизистондаги муаммолар бундан кейин кучайиш эҳтимоли мавжуд¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан ўзаро чегара ҳудудларини мустаҳкамлаш ҳаракатлари 2009 йилда Андижон ва Хонободда содир бўлган портлашлардан сўнг кучайди. Шундан сўнг, Марказий Осиё давлатлари орасидаги чегара ҳудудларида биринчи бор тиканли симлардан ташқари одам ўтолмайдиган чуқур хандақлар ва баланд бетон деворлар пайдо бўла бошлади.

Ўш ва Жалолободдаги қирғин пайтида Қирғизистондан қочган ўн минглаб одамнинг бу чуқур хандақлардан қўл ушлашиб чиқаётгани, арқонлар билан тортиб олинаётгани акс этган лаҳзалар жуда кўп интернет сайтларида чоп этилди. Баъзи хабарларда бу хандақлардан ўтаётган одамлардан бир нечасининг тиқилинч ва босқинда қолиб нобуд бўлганлиги ҳам айтилади.

Бишкек билан ўзаро чегара чизиғини узил-кесил белгилаш ҳаракатини жонлантириш баробарида Ўзбекистон ҳукумати чегара чизиғига тушган аҳоли пунктларини ҳам тезроқ кўчириш пайидан бўлмоқда.

5 июл куни Озодликка мурожаат қилган Қувасой шаҳрининг Носиробод қишлоғидаги 20 га яқин хонадонга маҳаллий ҳокимият томонидан ўзларига бир ой ичида кўчиш буйруғи берилганини хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG