Линклар

Ўзбекистон демография бобида минтақа "Хитой"ига айланадими?

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда бораëтган туғиш ëшидаги аëлларни бичиш кампанияси танқидчилари Каримов ҳукуматини¸ бугунги иқтисодий муаммони келажак авлодни ўлдириш эвазига ҳал этишга уринаëтганликда айблашмоқда.

Ўзбекистонда бораëтган туғиш ëшидаги аëлларни бичиш кампанияси танқидчилари Каримов ҳукуматини¸ бугунги иқтисодий муаммони келажак авлодни ўлдириш эвазига ҳал этишга уринаëтганликда айблашмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати аëлларнинг учинчи фарзанд кўришини истамаяпти. Ўзбекистонлик тиббиëт ходимининг айтганларидан чиқадиган хулоса шу. Ўзбекистон ҳукумати олиб бораëтган туғишни чеклаш сиëсати мамлакатдаги демографик вазиятни жиловлай оладими? Ўзбекистондаги аҳоли ўсиш суръатлари нима учун ҳукуматни хавотирга солмоқда?




2010 йилга келиб Ўзбекистонда аҳоли сони расман 28.048 миллион кишини ташкил этди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра 2010 йил биринчи чорагида доимий аҳоли сони 1¸7 фоизга ўсган.

Микроиқтисодий тадқиқодлар ва прогноз институти ходимининг исмини айтмаслик шарти билан Озодликка билдиришича¸ кейинги 19 йил ичида Ўзбекистон аҳолиси 33¸7 фоизга кўпайган¸ яъни мустақиллик даврида 7 миллион чақалоқ туғилган.

Аммо суҳбатдошга кўра¸ 2010 йил биринчи чорагида 129,2 минг чақалоқ туғилган. Бу 2009 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоизга камроқдир.

Ўзбекистон ҳукуматининг туғилишни чеклашга қаратилган чора-тадбирларининг илк "самара"си бу¸ дея гапни калта қилди суҳбатдошимиз бўлган кичик илмий ходим.


Ўзидан кўпайган ўзбек

“Илоë ўзларингдан кўпайинглар¸ қўша-қўша фарзандлар кўринглар” дейишади дуога қўл очган оқсоқоллар.

Ўзбек жамиятида серфарзандлик ижобий ҳолат¸ камфарзандлик қусур ҳисобланади. Фақат бир фарзанди бор аëл сан-манга борган дугонасидан “ëлғизингни қучоқлаб ўл” деган қарғишни эшитиб¸ уч кун ўзига кела олмади.

Кўп фарзанд кўрганларга совет пайтида “Қаҳрамон она” деган орден берилар ва бу орден соҳиблари қатор имтиëзларга ҳам эга эдилар. Кўп фарзанд кўрган аëлни қаҳрамон қилишдек совет анъанаси ўзбек зеҳниятида аввалдан бор бўлган каби ерлашди.

Ушбу ëзувлар муаллифи 1984 йилда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганида¸ бир йил ичида икки марта фарзанд кўрган аëллар шукрона сифатида мактабга лампочка¸ челак ëки супурги ҳадя қилишганнии эслайди.

Ўша пайтларда кўча ва хиëбонларда бола кўтариб турган серфарзанд она ҳайкали кўзга ташланар эди. Халқлар дўстлиги майдонида ҳам уруш етимларини асраган серфарзанд Шомаҳмудовлар ҳайкали қад кўтарган эди.

Мустақиллик даврида серфарзанд она ҳайкали мотамсаро она ҳайкали билан алмаштирилди. Кўп болали Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ҳайкал шаҳар ташқарисига бадарға бўлди.

Бундан олдин қаҳрамон она ва уларга бериладиган имтиëзлар ҳам совет тимсолларига қўшилиб йўқ бўлган эди.


Қўшнилар хавотири

Ўзбекистон минтақа “Хитой”ига айланиб ўз қўшниларини инсон ресурслари билан ғарқ қилиши мумкин.

Бу хавотирни билдирган қозоғистонлик таҳлилчи Ярослав Разумовнинг Zona.kz нашрида ëзишича¸ 2025 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 33 миллионни ташкил қилади ва улардан 22 миллиони қишлоқ аҳолиси бўлади. "Бу аҳоли йилига 72 миллиард куб литр сув истеъмол қилади. Ҳозирдан шаклу шамойили кўринаëтган эртанги кунда Ўзбекистон минтақа Хитойига айланади. Хитой аҳолиси дунë учун қандай мавқеда бўлса¸ Ўзбекистон ҳам Марказий Осиëда ана шундай хавотирли рутбага чиқади" деб ëзди қозоғистонлик таҳлилчи қўрқув билан.

Москвадаги Демография институти раҳбари Анатолий Вишневсийнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон қўшниларининг бундай хавотирлари¸ қисман¸ асоссиз.

- Ўзбекистон аҳолисининг 6 миллионга яқини меҳнат муҳожирлари сифатида чер элда юрибди. Масалан¸ кейинги 19 йил ичида Россия аҳолисининг 7 миллионга камайганини ҳисобга олсак¸ бу борада бирор муаммони кўрмаймиз. Россия ҳам¸ Қозоғистон ҳам Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларини жойлаштириш имконларига эга¸ дейди Москвадаги Демография институти раҳбари Анатолий Вишневсий.


Оқсаройнинг бичиш сиëсати

Ўзбекистон аҳолисининг кўпаяëтгани қўшнилардан кўра ўзбек ҳукуматини хавотирга солган кўринади. Ҳукуматнинг туғишни чеклашга қаратилган маъракаси ихтиëрий жарроҳлик контрацепцияси (ИЖК) деб аталса-да, ушбу амалиëтнинг кўп ҳолларда мажбурий тарзда қилингани айтилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида бундай жарроҳлик амалиëтларини бевосита ўтказиб келаëтган мутахассиснинг Озодликка айтишича, ҳозирга қадар стерилизация тавсия қилинган аëлларнинг қарийб ярми бичиб бўлинган.

- Бунда прокурорлар ҳам бор¸ судлар ҳам бор, ҳокимликлар ҳам бор. Ҳаммаси қатнашаяпти. Ички ишлар бўлимларининг бошлиқлари ҳам қатнашаяпти. Фуқаролар йиғинининг раислари¸ котиблари ҳам қатнашаяпти. Фуқаролар йиғинларида аëл кишилардан иборат маслаҳатчи¸ деган штат бор. Шулар ҳам бирга юриб бўйсунмаганларни кўндиришга ҳаракат қилади¸ дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида бундай жарроҳлик амалиëтларини бевосита ўтказиб келаëтган мутахассис.

Москвадаги "Бола ҳуқуқлари" ташкилоти раҳбари¸ Россия жамоатчилик палатаси аъзоси Борис Алтшулернинг Озодликка айтишича¸ ўзбек ҳукуматининг бичиш кампанияси халқаро қонун назарида жиноятдир.

- Фалонча аëлни стерилизация қилинг¸ деб разнарядка бериш фалонча одамни ўлдиринг¸ деб разнарядка беришга ўхшайди. Бу - жиноят. Балки Каримов ўз халқини террор қилишдан бошқа нарсани билмас. Ахир масала бундай ечилмайдику! Аҳоли кўпайган бўлса¸ иқтисодни кучайтириш керак¸ иш ўринлари яратиш лозим. Бугун пайдо бўлган бюджет тешигини келажак авлод ўлими билан ямаш мудҳиш жиноятдир¸ дейди Москвадаги "Бола ҳуқуқлари" ташкилоти раҳбари Борис Алтшулер.


Маърифатли оналар жамияти

Москвадаги Бола ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари демографияни нозўравон йўл билан изга сола олган Японияни мисол қилиб келтиради

- Мана Японияни олайлик. Туғилиш ҳаддан ташқари кўпайиб кетганида¸ улар тарғибот¸ тушунтириш йўли билан муаммони ҳал қилишди. Табиатан уятчан японлар зеҳниятни синдириш эвазига исталмаган ҳомиладан сақланишнинг турли йўлларини ўрганишди. Мен Ўзбекистондаги қишлоқ аëлларининг ҳолидан бир оз бўлса ҳам хабардорман. Улар ҳомиладан сақланишнинг оддий усулларини ҳам билишмайди. Каримов ҳукумати ўз маъмурий заҳирасини уларни бичишга эмас балки маърифатли қилишга сарфласа бўлар эди¸ дейди Борис Алтшулер.

Ўзбекистон фанлар кадемияси тил ва адабиëт институти тадқиқотчиси¸ фан номзоди Сайфиддин Рафиддинов ҳам илм-маърифат бу борада энг мақбул йўл эканини айтади.

- Масалан¸ жадид адабиëтига назар солсак¸ улар шу пайтда “Миллат илмли бўлиши керак¸ маърифатли бўлиши керак. Жаҳолатга ботган миллар қул бўлади” деб куйиниб айтди. Авлоний бўладими¸ Фитрат бўладими¸ бошқа бўладими қанча-қанча шеърлар бор. Ўқисангиз¸ миллатни фақатгина илмга¸ тараққиëтга ундаган.

Ўқимишли оилаларнинг баъзилари бугунги кунда атайин ҳам фарзандни кўпайтирмайди. Чунки уларда ортиқча масъулият бордек туюлади. Дейлик “Болани ҳозирги шундай қийинчилик бир пайтда боқиш¸ тарбия қилиш осон эмас. Унинг соғлиғига¸ ўқишига диққат қилиш керак” деган ўй-фикр билан улар шунга яраша ҳаракат қилишади. Оддий чўпон¸ нималарда бу ташвиш кўпроқ кўринмайди. Лекин чўпоннинг боласи дала-даштда ўсиб юриб ҳам¸ медицина кўригидан кам ўтса ҳам соғлом¸ бақувват бўлиши ҳам мумкин. Биз ўзимиз буни баъзан вилоятларга борганда кўрганмиз. Дейлик шароитлар бўлмаган ҳолда ҳам соғлом¸ бақувват болаларни кўрганмиз. Келажакда айнан чўпоннинг болаларидан ҳам яхши курашчилар¸ яхши зиëлилар ҳам чиқиши мумкин. Бунақаси ҳам бор. Ҳамма нарсани назарияга боғласангиз¸ гоҳида назариялар ҳам тўғри чиқмайди.

Тўғри тарбия жуда муҳим. Тарбияга диққат қилишимиз керак. Мен юқоридаги гапимга худди тескари бўлиб қолаëтгандай бўлиб туюламан. Лекин бу мавжуд шароитга ҳам боғлиқ. Мана совет даврида 10 та фарзанд туғиб¸ 10 та фарзанди ҳам олий маълумотли бўлган оилаларни ҳам биламиз. Бугунги кунда ҳам фарзандни тарбиялаш ота-онанинг зиммасидаги вазифа. Лекин қолган ëн-атроф ҳам куйиниши керак. Мана ҳокимиятлар бор¸ дейди Ўзбекистон фанлар кадемияси тил адабиëт институти тадқиқотчиси¸ фан номзоди Сайфиддин Рафиддинов.


Ўнта бўлса ўрни бўлак¸ қирқта бўлса қилиғи

Ўзбекистон аҳолисининг аксияти мусулмонлардир¸ шу боис исломнинг нуфус масаласидаги нуқтаи-назарини ҳам айтиб ўтмак жоиздир¸ дейди олим Сайфиддин Рафиддинов.

- Масалан¸ Ислом динида пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида “Никоҳланинглар ва кўпайинглар. Мен қиëмат куни сизларнинг кўпликларингиз билан фахрланаман” дейдилар. Шунинг учун “фарзанд битта¸ учта ëки бешта бўлиши керак" деган гап Ислом динида йўқ. Ислом динида аборт қилиш деган нарса ҳам йўқ. Гуноҳ бўлади. Жон киргандан кейин олиб ташланса¸ гуноҳ саналган. Исломда фарзанд масаласида чеклаш йўқ. Фақат битта талаб бор. Ота-она соғлом фарзанднинг дунëга келишига сабаб бўлиши керак. Бунақа чеклов йўқ. Хоҳласа 10 та туғади¸ хоҳласа 20 та туғади. Мана онамиз 10 та туққан. Оллоҳга шукур ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Хуллас¸ Исломда битта бўлсин¸ учта бўлсин ëки бешта бўлсин деган гап йўқ. Ҳар бир она хоҳлаганча туғиш ҳуқуқига эга. Фақат битта шарт. Бу она битта туғадими¸ ўнта туғадими бу болаларни яхши инсон қилиб тарбиялаши керак. Миллатпарвар¸ ватанпарвар бўлиши керак¸ дейди Сайфиддин Рафиддинов.

Сайфиддиновга кўра аëларни бичиш¸ аборт қилиш Исломда тақиқланган амаллардир.


Сўнг сўз ўрнида


- Мана қаранг Германияни ер ҳудуди Ўзбекистонникидан анча кичик. Қазилма бойликлари ҳам йўқ¸ аммо у ҳудудда Ўзбекистондагидан уч баравар кўп одам яшайди. Улар ўз мамлакатларининг нафақат пойтахтида¸ балки исталган овлоқ нуқтасида фаровон ҳаëт кечиришмоқда.

Бугун ўзбек аëлларини бичишдек жиноятга қўл уриб¸ ўз халқи генофондини қирқаëтган Каримов бундай фаровонликни ярата олмади. Каримовдан кейингилар бундай фаровонликни ўз халқига яратиб берар¸ деб гапини умид билан тугаллади Россия жамоатчилик палатаси аъзоси Борис Алтшулер.
XS
SM
MD
LG