Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:24

Тожикистонда Роғун экспертизаси муҳокама қилинди


Тожик расмийлари иддаосича, Роғун ГЭСи халқаро стандартларга мос равишда қурилади ва минтақа экологиясига зарар етказмайди.
Тожик расмийлари иддаосича, Роғун ГЭСи халқаро стандартларга мос равишда қурилади ва минтақа экологиясига зарар етказмайди.

3 август куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қабулида бўлган Жаҳон банки вакиллари Теодор Алерс ва Моту Кониши Роғун лойиҳасини юқори даражада халқаро экспертизадан ўтказиш борасида топшириқ олдилар.

Тожикистон президенти матбуот хизмати кеча ана шундай маълумот тарқатди.

Ўз навбатида, Жаҳон банки вакили Теодор Алерс, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, дунё диққат марказида бўлиб турган бу тадбирга таниқли мутахассислар жалб қилинганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Роғун лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг қатъий талаби асосида халқаро экспертизага ҳозирланган ва жорий йил март ойи бошларида Тожикистон билан Жаҳон банки ўртасида мазкур гидроиншоот лойиҳасини халқаро техник ва иқтисодий экспертизадан ўтказиши борасида икки ёқлама шартнома имзолаган эди.

Ана шу шартнома асосида май ойи бошларида дунёнинг турли мамлакатларидан ўнта халқаро эксперт ташкилот Душанбега келганди.

Ўтган ҳафтада халқаро тендерда беллашган ўнта ташкилотдан тўрттаси халқаро тендернинг биринчи босқичида ғолибликни қўлга киритгани эълон қилинган эди.

Танловнинг биринчи боcқичидан ўтган халқаро эксперт ташкилотлар тендернинг кейинги босқичи учун ҳозирлик кўраётган айни пайтда Имомали Раҳмон ҳукумати Роғуннинг минтақа экологияси учун ҳеч қандай хавфи йўқлигини Ўзбекистонга, қолаверса бутун дунёга исботлаб беришга шайлангани кузатилади.

Ўзбекистон расмийлари эса Роғун ГЭСи экспертизаси юзасидан ўз талаблари шунчаки инжиқлик маҳсули эмаслигини таъкидлайдилар.

- Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қачон Роғун ГЭСи қурилишига қарши бўлган эмас. Бизни ташвишга солган нарса унинг минтақа экологияси учун хавфи эди, холос. Агар халқаро экспертлар Роғун ГЭСи келгусида минтақа экологияси учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини чинакамига исботлаб берса, Ўзбекистон ҳатто Роғун консорциумида қатнашишга ҳам ҳозир, дея билдирди мухбирингиз билан ўзаро суҳбатда Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов.

Расмийга кўра, Ўзбекистоннинг ягона талаби - Роғун лойиҳаси албатта мустақил экспертлар томонидан ўрганилиши лозим, гидроиншоот эса юқори малакали мутахассислар томонидан сифатли ва замонавий технология асосида қурилиши шарт.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло ўзбек дипломатининг бу фикрини Тожикистон манфаатларига мувофиқ эканини қайд этади.

- Агар Ўзбекистон элчихонаси расмийси шундай баёнот берган бўлса, бу Тожикистон учун бир умид учқинидир. Шу айтилганлардан сўнг буни қўшни давлатнинг аввалги қаттиққўл сиёсатидан бир қадам ортга чекиниши, деб ҳам қабул қилиш мумкин, дейди Рашид Ғани Абдулло.

Бошқа бир таҳлилчи, тожикистонлик сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов эса Ўзбекистон ҳукуматининг бу хайрихоҳлиги ишонарли эмас, деб ҳисоблайди.

Сиёсий таҳлилчига кўра, бу ерда хавфсизлик эмас, балки кўпроқ сиёсий масала яширин.

- Чунки икки давлат раҳбари бир-бирига ишонмайди. Ҳатто уларда у ёки бу давлат қўшни мамлакат иқтисодиётини савол остига қўйиш учун баъзи тадбирлар қўллаши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас, дейди сиёсий таҳлилчи Мамадазимов.

Аммо бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар расмий Тошкент Россия босими остида Роғун қурилишига қаршилик кўрсатаётган бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайдилар.

Таҳлилчилар Роғун ГЭСида қурилиш ишларининг 70 фоизи Шўро давлати томонидан амалга оширилганини ва бу гидроиншоотни ўз мулки деб билган руслар бугун Роғун акциясининг 70 фоизига даъвогар бўлаётганини урғулашади.

Роғун ГЭСи ўтган асрнинг 70-йиллари Душанбедан 110 километр нарида, Вахш дарёси устида қурила бошлаган эди.

СССР тарқаб кетганидан сўнг ГЭС майдонида қурилиш ишлари тақа-тақ тўхтаб қолди, мустақилликка эришган Тожикистон эса уни ўз кучи билан қуришга кўзи етмади. Кўп ўтмай мазкур иншоот тўғони сурункали ёққан ёмғирдан емирилиб кетди.

Орадан қарийб 17 йил ўтиб, Тожикистон ҳукумати яна Роғунни қуришга киришди ва сўнгги икки йил мобайнида давлат бюджетидан бу гидроиншоот қурилиши учун тахминан 150 миллион АҚШ доллари ажратилди.

Гарчи Тожикистон томони Роғуннинг биринчи ва иккинчи агрегатлари 2013 йил бошига қадар ишга туширилишини режалаштираётган эса-да, халқаро кузатувчилар Тожикистон ҳукумати бу гидроиншоотни ўз кучи билан қура олмаслигини таъкидлайди.

Олтита агрегат ва 3,6 мВт қувватга эга бўлган Роғун ГЭСи қурилиши учун тахминан 3 миллиард АҚШ доллари лозимлиги айтилади. Аҳолисининг 50 фоизи қашшоқликда кун кўраётган Тожикистонда эса, кузатувчилар таъкидича, бунча маблағ йўқ.
XS
SM
MD
LG