Линклар

logo-print

ЮНЕСКО Саразмни жаҳон маданий мероси обидаси деб топди


Кўҳна Саразм кенти, мутахассисларга кўра, беш минг йиллик тарихга эга.

Кўҳна Саразм кенти, мутахассисларга кўра, беш минг йиллик тарихга эга.

Тарихи беш минг йилга бориб тақаладиган Саразм кенти Тожикистон шимолидаги Панжакент шаҳри ҳудудида жойлашган. Эллик асрлик тарихга эга Саразмда ўша даврдаги ёдгорликлари бутунлай сақланиб қолгани айтилмоқда.

- Ўтказилган қазиш ишлари мобайнида топилган обидалар, ёдгорликлар шундан далолат бермоқдаки, Саразм беш минг йил илгари Ўрта Осиёдаги энг йирик маданий, маърифий ва тижорат марказ бўлган. Айтмоқчиманки, Саразмда топилган тилла, кумуш, мис ва бошқа қимматбаҳо металлардан ишланган обидаларнинг мана шу жиҳатлари билан Ўрта Осиёдаги ягона шаҳар ҳисобланади. Ҳозир бу ерда юздан зиёд тарихий ёдгорлик мавжуд. У “очиқ осмон остидаги музей шаҳар” дея эътироф этилади, дейди ЮНЕСКО вакили Жованни Бокардо.

ЮНЕСКО вакилининг сўзларига кўра, тарихий шаҳарда ўтказилган қазиш ишлари жараёнида Ҳиндистон, Баҳрайн, Хитой ва Туркманистон давлатлари халқларига тааллуқли бўлган кўзалар, идиш-товоқлар, мато ва бошқа буюмлар топилган.

Панжакентлик олим Суюнбой Тилабовнинг айтишича, ушбу шаҳарда азалдан ўзбекларнинг уч уруғи яшаган ва ҳозир ҳам истиқомат қилади.

- Саразмда ўша асрларда ўзбекларнинг Туёқли, Ўрай чубот ва Гўрач қабилалари истиқомат қилишган. Бугунги кунда ҳам мана қабилаларнинг авлодлари яшамоқда, дейди Суюнбой Тилабов.

Панжакентлик зиёли Максуд Худойбердиевнинг айтишича, ўша даврда ўзбек миллатига мансуб одамлар турли касб соҳиби бўлганлигига далиллар бор. Ўша қабилаларнинг бугунги авлодлари ота-боболари ишини давом эттирмоқда.

- Мана шу шаҳар топилишидан олдин бу ерда ғор бўлган. Унга бир одам бемалол кириб чиқарди. Ҳозир 80-90 ёшга кирган қарияларнинг ҳикояларига кўра, улар мана шу ғорга неча марталаб кирган, ўйнашган. “У ерда узангилар, отнинг жабдуқлари, эгарлари ёйинки таёқ ва бошқа қуролларни ўз кўзимиз билан кўрганмиз”,деб айтишарди, дейди Мақсуд Худойбердиев.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, қадимий Саразм кенти ўтган асрнинг 80-йилларида тожикистонлик ва чет эллик бир гуруҳ археологлар томонидан топилган эди. Ўшанда археологлар заҳматлари туфайли эрамиздан аввалги IV-II асрларга тааллуқли маданий-маърифий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган Сўғд минтақаси ҳакида тафсилотлардан бутун жаҳон воқиф бўлганди. Бироқ шўролар давлати парчаланиши, Тожикистонда фуқаролар уруши бошлангани сабаб археологиқ тадқиқотлар жараёни тўхтаб қолганди. Орадан йиллар ўтиб, бу қадимий жойда яна қидирув ишлари бошланди ва шов-шувга арзирли топилмалар топилди.
XS
SM
MD
LG