Линклар

Сузоқда ҳам ўзбек жамоаси фаоллари қамоққа олинди


Қирғиз милиционерларининг ўзига тўқ ўзбеклар уйига ўқ-дори ëки наркотик ташлаб¸ уйдирма билан қамоққа олаëтганига оид шикоятлар тўхтамаëтир.

Қирғиз милиционерларининг ўзига тўқ ўзбеклар уйига ўқ-дори ëки наркотик ташлаб¸ уйдирма билан қамоққа олаëтганига оид шикоятлар тўхтамаëтир.

Ўш ва Жалолободдаги қирғиндан сўнг ўзбек жамоаси етакчиларини ҳибсга олиш муттасил давом этмоқда - куни-кеча Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази фаоли Усмонали Аблазов ҳамда нафақадаги полковник Баҳодир Жалолов оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик айби билан ҳибсга олинди.


Сузоқ туманидаги Ўзбек миллий-маданий маркази фаолларидан бири бўлган Усмонали Аблазов айни пайтда Сузоқ касалхонасида¸ милиция назоратида сақланмоқда, деди Аблазовнинг ҳибсга олингани ҳақдаги хабарни тасдиқлаган Сузоқ туман Ички ишлар бўлими раҳбарининг муовини:

- “Сампа” пахта тозалаш пункти ҳудудида 11 киши ҳалок бўлган. Мана шунга алоқадор деб, ундан ташқари оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб иккалови қўлга олинган. Усмонали Аблазов тартибсизлик ташкилотчиларидан бири бўлган, Баҳодир Жалолов эса Бишкек-Ўш магистралида автомашина ҳайдовчилари, таксистларни ноқонуний тўхтатиб¸сўроққа тутган. Иккалови ҳам ўз айбига иқрор бўлди. Айни пайтда Усмонали Аблазов Сузоқ тумани касалхонасида махсус палатада даволанаяпти, деди Сузоқ туман Ички ишлар бўлимининг исмини айтишни истамаган мутасаддиси.

Усмонали Аблазов ҳақида жамоатчиликка гапиришни истамаган унинг яқинлари Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳозирда тутқуннинг аҳволи оғирлигини айтишди.

Айни пайтда Сузоқ туман Ички ишлар бўлимида сақланаётган нафақадаги полковник Баҳодир Жалоловнинг турмуш ўртоғи Азиза опа ўзбек жамоасининг бу фаолининг аҳволи ҳақида куюниб гапиради:

- “Мени милицияхонага чақираяпти экан” деб ўз оëғи билан кетди. Боргандан кейин ўша ерда ушлашиб¸ Ўш-Бишкек йўлида уруш бўлиб¸ одамлар нобуд бўлган экан¸ ўша ерда қатнашган деб сразу олиб кирибди. Бордим¸ кўришдим. Ҳозир ИВС (вақтинчалик изолятор)да ўтирибди. Тергов ишлари бўлаяпти. Мен “Нима иш қилгансиз?” десам¸ “Урушда мен қатнашмаганман. Бировга бир тарсаки ҳам урмаганман” деди. “Биттасини тутиб олдик. Сиз ҳар қалай милиция ходимисиз. Шуни кўринг. Йўл-йўриғини биласиз” деб уйдан олиб чиқиб кетишган. Қувонч деган адвокат олган эдик. Бир-икки кун “судгача очиқ юриб турсин” деб ҳаракат қилди. Бўлмади. (йиғлаб) Телевидениеда вообше шарманда қилишди. “Милициянинг уйида каска¸ нима” деб пичоқларни олиб чиқиб “оружие” деб умуман мен телевизорга қарашга қўрқиб қолдим. Қирғизистон телевидениесидан¸ 5 канал¸ КТР, дейди ҳозирда қотилликда айбланаётган нафақадаги полковник Баҳодир Жалоловнинг аёли.

Ўз исмини хавфсизлик нуқтаи-назаридан ошкор этишни истамаган жалолободликлардан бири¸ иккала ўзбек фаолига қўйилаëтган айблар асосланган воқеа -11-12 июн кунлари Сузоқда бўлиб ўтган отишма тафсилотларини гапириб берди:

- Пахта тозалаш йўлида қаердадир отишма бўлган. Ўзбек ҳам ўлган¸ қирғиз ҳам ўлган. Ўзбеклар ҳеч қачон урушнинг бошини бошлашмаган. У тарафдан отишма бўлганда¸ булар уже қараб турган эмас. Булар ҳам кейин ҳимояга ўтишган. Шундан кейин улардан ҳам¸ булардан ҳам нобуд бўлган. Кимки пулдорроқ одам бўлса¸ у унақа ишларга аралашмаган бўлса ҳам¸ у одамни олиб кириб¸ бир нарсаларни бўйнига юклаб¸ қанчалаган доллар пулларни олишлик¸ албатта¸ колхозда вақтида хизмат қилиб келган одам¸ пулни пешона тери билан қилган одам бойиши ҳам мумкин. Энди асосан ўзбекларнинг пулдорлари тушаяпти. Камбағаллар ҳам бор¸ лекин асосан бойлар. Пулини бергандан кейин оқлаб чиқаришаяпти. Бошчилик қилганлар¸ у ерда улар бўлмаган. Улар ëрдам берган бўлиши мумкин, дейди ҳибсга олинганларнинг бегуноҳлигига ишонишини таъкидлаëтган жалолободлик суҳбатдошимиз.

Халқаро ташкилотлар Ўш ва Жалолободдаги воқеаларидан сўнг зўравонликларда айбланиб қўлга олинаётганларнинг аксарияти айни шу зўравонликлардан энг кўп жабр чеккан ўзбеклар эканлигини айтмоқда. Ҳибсга олинган ўзбекларнинг қийноқларга солинаëтани ҳақида Ҳюман Райтс Уотч¸ Халқаро Амнистия ва Чегара билмас шифокорлар каби ташкилотлар баробарида БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига қадар тизимлар махсус баëнот эълон қилиб¸ ўз ташвишларини бир неча бор ифода қилишди. Хусусан¸ Чегара билмас врачлар гуруҳи вакилининг Озодликка айтишича¸кейинги бир ой ичида 51 нафар калтакланган ўзбек тиббий ëрдам сўраб мурожаат қилишган.

Шу вақтга қадар республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддинов, Ўш вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Иномжон Абдурасулов, Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаев, Қорасув шаҳар депутати Ёдгор Усмоновлар ҳибсга олинган, сўроққа тутилган ва қўйиб юборилган эди.

Бундан ташқари, Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти ва “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов ҳамда Жалолобод шаҳар масжиди имоми Муҳаммаджон Аҳмедовлар ҳибсга олинган ва ҳануз тутқунликда қолмоқда. Жалолобод ўзбеклари етакчиси Қодиржон Ботиров эса ҳануз бедарак.

Булардан ташқари, Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов ҳам ҳибсда сақланмоқда. Ўш вилоят коменданти матбуот котиби Раҳматилло Аҳмедовга кўра, депутат Мўминов ҳам Қирғизистон Жиноят Кодексининг 229, 233-моддалари билан оммавий татртибсизликлар уюштирганликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG