Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:52

Термитлар Ўзбекистон бўйлаб ҳужумга ўтмоқда


Зоолог олимга кўра¸ термитлар маликаси йўқ қилинмагунича¸ уларни қириб тугатиб бўлмайди.
Зоолог олимга кўра¸ термитлар маликаси йўқ қилинмагунича¸ уларни қириб тугатиб бўлмайди.

Тошкент ҳукуматининг термит - қирчумолиларга қарши курашиш ҳақида йиллардан бери қабул қилаëтган қарорлари амалий натижа бермаëтир. Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 27 мингта хонадон ва турли бинолар термитдан зарар кўрган. Зоолог олимлар термитларнинг бутун республика бўйлаб тарқалаётгани оқибати қўрқинчли эканидан бонг урмоқдалар.


Бешариқда термит уйларнинг устунлари, қуруқ ёғочларни еб адо қилмоқда, дейди бешариқлик Нишонбой Ўрозалиев. Унга кўра, 3-4 йилдан буён термитлар уй қурилишидаги қуруқ ёғочларга фаол ҳужумга ўтган:

-У уйнинг тўсинини ейди эканда. Егандан кейин пастга апилкага ўхшаган оқ қуйқумлар тушиб қолаяпти. Бизда жуда кўп, дейди бешариқлик Нишонбой Ўразалиев.

Ўзбекистонда термитларнинг кўпайиб бораëтгани ҳукуматни ҳам жиддий ташвишга солган кўринади. Бу муаммони июн ойида ўтказилган махсус мажлисда кўриб чиққан ҳукумат расмийлари термитларга қарши курашиш учун муҳандис –қурувчилар ва биолог-энтомологлар ҳисобидан отрядлар ташкил қилишга қарор қилдилар.

Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Зоология институти Энтомология бўлими мудири, профессор Оловиддин Ҳамроевнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда термит тарқалмаган вилоят деярли қолмаган:

-Ўзбекистонда ҳамма вилоятларда бор термит. Термитлар энг кўп учрайдиган макон деймизми¸ кони деймизми Қашқадарë¸ Сурхондарë¸ бундан ташқари Қорақалпоғистон республикаси¸ Хоразм вилоятининг бир қисми¸ Бухоронинг Ромитан¸ Шофиркон¸ Қоракўл¸ Қоровулбозорга ўхшаш жойларида учрайди. Фарғона водийсида ҳам азалдан бор. Водил райони¸ Қўқон атрофидаги районларда¸ қисман Андижонда¸ Наманганнинг Чуст туманларида учрайди, дейди профессор Оловиддин Ҳамроев.

Термитнинг кўриниши бир сантиметр атрофидаги чумолидек экани¸ рангининг эса чумолидан оқишроқ бўлишини айтган профессор термитларнинг азалдан ëғоч кушандаси эканини таъкидлайди.

- Асосан улар ëғоч билан озиқланади. Ëғоч ва ëғоч маҳсулотлари. Айтайлик¸ 69 турдаги маҳсулотга зарар етказиши мумкин. Йўлида агар ўзи озиқланмайдиган тўсиқ бўлса¸ шу тўсиқдан ўтиш учун ҳар хил пластиклар борми¸ бошқалар борми¸ электр ўтказгичларнинг изоляторлари борми¸ шунга ўхшаган кўп нарсани¸ ҳаттоки лойни ҳам ейди¸ дейди Оловиддин Ҳамроев.

Олимга кўра, термитларнинг кўзи кўр бўлади ва ҳид билиш орқали керакли озуқасини топади.

-Термитлар хонадонларда деворлар орасида¸ ер остида¸ шифтнинг лой босган нималарининг тагида кичик-кичик уя қуриб яшайди. Лекин уларнинг асосий уяси тупроқда бўлади. Тупроқнинг¸ сув ости сувларига узоқ-яқинлигига қараб¸ бир ярим-икки метрдан бир қанча метр чуқурликкача тушиши мумкин.

Термитлар¸ асосан¸ бир неча табақаларга бўлинади. Айтайлик¸ маликаси ер остида бешикчада ëтиб¸ фақат тухум қўйиб кўпаяди. Маликаси эҳтиëжига қараб бир минутда 30 тагача¸ бир суткада 42 ярим мингтагача тухум қўйиши мумкин. Кейин унинг иккинчи табақаси ëнида шохи бўлади. Энг ашаддий табақалар бу ишчилар бўлади. Ишчилари ҳам қуради¸ ҳам бузади¸ ҳам ҳаммасини боқади, дейди термитлар жамоасидаги табақаланиш ҳақида тўхталган профессор суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда термитларни кўпайишига қарши курашиш жуда мураккаб, чунки термитлар ҳар хил инфекция ва дорилардан ўзини узоқ тутади, деб давом этади Оловиддин Ҳамроев.

-Уларга қарши кураш жуда ҳам мураккаб. Уларда шунақа бир хусусиятлар борки¸ агар ўшаларнинг зоти касал бўлиб қолса ëки нобуд бўлиб қолса¸ тўрттаси йиғилиб¸ уни охиригача ўлдириб¸ буларнинг ўзларининг мозори бор¸ ўша жойга ташлайди. Кейин ўша тўрттасини ҳам хунук касалликлар юқмаслиги учун бошқалари ўлдириб¸ ташлаб¸ у ерни жуда ҳам тоза ҳолда сақлайди. Шунинг учун любой ишлатиладиган дорилар бўлса¸ ҳид бўлса ëки йўлида уч-тўрттаси ўлиб қолса¸ термитлар у жойни ташлаб бошқа ëққа қараб юришни давом эттиради¸ дейди ўз умрини термитлар ҳаëтини ўрганишга бағишлаган профессор.

Термитлар ҳаëт тарзидан келиб чиққан ҳолда, профессор Ҳамроевга кўра, Ўзбекистон Зоология институти олимлари термитлар учун махсус емиш тайёрлаган:

- Бизларнинг усулимиз термитлар озиқлангандан кейин ҳеч бўлмаганда икки-уч ойдан кейин ўлиши керак. Мақсад нимадан иборат? Мақсад шундан иборатки¸ ўша озуқани маликасигача етказиш керак. Чунки термит уйнинг тепасида¸ томида бўлса¸ девордан тушгунча икки-уч метр ўтса¸ унинг уяси фараз қилайлик хонадондан беш-олти метр бўлса¸ 20-30 метр жойгача айтайлик аста-секин озуқани бир-бирига бериб¸ ташиб¸ дори таъсир қилгунча маълум вақт ўтиши керак. Қачонки биз маликани бартараф қилсак¸ ўша ердаги термитларнинг бутунлай ҳаммаси бартараф бўлади¸ дейди профессор Ҳамроев.

Олимларга кўра¸ одамлар узоқ йиллардан бери термитларга қарши курашиш учун минг бир усулни қўллаб кўрган. Масалан¸ қадимда янги иморат қуриладиган ер аввал сув билан захлатилган. Бу ҳолатда термитлар мазкур жойни тарк этса-да, уларни тамоман йўқ қилишнинг иложи бўлмаган.

Ўзбекистонда термитларга қарши курашишга оид ҳукумат биринчи қарор 1992 йилда қабул қилинган эди. Иккинчи қарор эса Хива шаҳрини термитлардан ҳимоя қилишга қаратилган эди. Бу қарордан сўнг Хивадаги тарихий ёдгорликларга тушган термитларга қарши курашиш учун Зоология институти ходимлари иш олиб бормоқда, дейди Хивадаги “Ичон-Қалъа” тарих музейи директори ўринбосари Рустам Искандаров:

- Масжидда¸ бошқа жойларда бор эди. Зоология институтидан ҳар доим дори қўйиб¸ қараб туришибди. Ҳали ҳеч қайси бино зарар кўриб йиқилиб кетгани йўқ. Мана бунақа бўртиб-бўртиб чиққан лой учрайди. Масжидда йўқолиб кетди, масжидда деярли кўринмайди. Аввал кўп эди. Ëдгорликларнинг баъзи бирларида бор, дейди Хивадаги “Ичон-Қалъа” тарих музейи директори ўринбосари Рустам Искандаров.

Термитларга қарши курашиш ҳақидаги ҳукуматнинг учинчи қарори 2007 йилда қабул қилинган эди, дейди профессор Оловиддин Ҳамроев. Унга кўра, ана шу қарор ижроси юзасидан термитларга қарши курашувчи 42та отряд тузилиши керак эди. Бироқ маблағ масаласидан қийинчилик бўлганлиги туфайли бу отрядлар тузилмай қолган. Фақат хўжаликларда 2-3 кишилик гуруҳлар тузилдики, уларнинг ишлари самарасиз бўлди, дейди профессор. Энди эса:

- Экспедиция сафида отряд тузилиб¸ ўша отряд асосан термитларнинг тарқалиш маконлари¸ уларнинг қалинлиги ва бошқа масалалар билан шуғулланиши керак. Бундан ташқари ҳозир Зоология институтида термитларга қарши емхўраклар тайëрлаш йўлга қўйилган, дейди Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Зоология институти Энтомология бўлими мудири, профессор Оловиддин Ҳамроев.

Энтомолог олимларга кўра, агар Ўзбекистон ҳукуматининг термитларга қарши курашга оид қарорлари бажарилмай қолишда давом этса, мамлакатда термитларнинг кўпайиши иқтисод ва аҳоли саломатлиги учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
XS
SM
MD
LG