Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:06

Нью Йоркда янги масжид қурилишига имкон туғилди


11 сентябрда қулатилган эгизак миноралар жойи яқинида масжид қурилиши мумкин.
11 сентябрда қулатилган эгизак миноралар жойи яқинида масжид қурилиши мумкин.

Нью Йорк шаҳар ҳокимияти комиссияси 2001 йил 11 сентябрда амалга оширилган ҳужум зарбидан шикастланган бинони бузишга рухсат бериш ҳақидаги таклифни бир овоздан қўллаб-қувватлади.


Нью Йорк шаҳар ҳокимиятининг Тарихий жойларни сақлаш комиссияси йиғилишида 152 йил олдин Манҳэттеннинг қуйи қисмига қурилган бинони тарихий бинолар рўйхатидан чиқариш ва уни бузишга рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилинди.

Нью Йоркдаги айни бино ўрнига Исломий марказ ва масжид қуриш лойиҳаси тарафдорлари комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарорни катта хурсандчилик билан олқишладилар.

Айни пайтда лойиҳага қарши бўлган консерваторлар комиссия қарори юзасидан штат судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишларини айтди.

- Бизга айнан шу жойга масжид қуриш керак эмас. Одатда мусулмонлар босиб олган халқлар, маданиятлар ёки динлар устидан қозонилган ғалабанинг тимсоли ўлароқ ўша ерларга масжидлар қурган. Бу келажакда “Қўшма Штатларни забт этамиз” қабилидаги кўрсатмадир, деди Исломий марказ ва масжид қуришга қаршилардан бири Марион Дрейфус.

Бироқ 3 август куни Нью Йорк шаҳар ҳокими Майкл Блумберг Исломий марказ ва масжид қурилиши учун эски бинони бузишга рухсат бериш ҳақида ҳокимият комиссияси қабул қилган қарорни қўллаб-қувватлашини айтди.

- Бу бино хусусий мулк ҳисобланади. Бино соҳиби ундан ибодатхона сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ҳукумат бу ҳуқуқни рад қилиш салоҳиятига эга эмас, деди Майкл Блумберг.

Нью Йорк марказида катта масжид қурилишига қарши бўлган Аляска штатининг собиқ ҳокими, республикачилар партияси аъзоси Сара Пейлин ва Намояндалар палатасининг собиқ раиси Ньют Гингрих бу масалани мамлакат миқёсида сиёсий масала даражасигача кўтарган.

Аммо Нью Йорк шаҳар мэри Блумберг сешанба кунги чиқишида америкаликлар ўз қадриятларидан ортга чекинмаслиги кераклигини таъкидлади.

- Агар биз мусулмонларга бошқаларга нисбатан ўзгача муносабатда бўлсак, ўз қадриятларимизга хиёнат қилган ва “душманлар манфаатига” хизмат қилган бўламиз, деди Нью Йорк ҳокими.

Исломий марказ ва масжид қуриш лойиҳаси “Кордоба ташаббуси” деб номланган гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган. Бу гуруҳ ўзининг интернет сайтида мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад Ислом олами ва Ғарб ўртасида алоқаларни яхшилашдан иборат эканини айтган.

Исломий марказ ва масжид қуриш лойиҳаси ҳамкори “SoHo Properties” ширкати Италиянинг Уйғониш давридаги меъморий услубида қурилган эски бинони Исломий марказ қуриш учун қарийиб 5 миллион долларга сотиб олган.

“SoHo Properties” ширкати раҳбари Шариф Ал-Жамол бу лойиҳа динлар ўртасидаги тотувликка ҳисса қўшишини айтди.

- Бу ҳозир амалга ошиши лозим бўлган мулоқот. Мазкур марказ зарур бўлган мулоқотни ўрнатишда ёрдам беради, деди “SoHo Properties” ширкати раҳбари Шариф Ал-Жамол.

Дастлабки режада 13 қаватли Исломий марказ ва масжид бинолари қурилишининг 100 миллион долларга тушиши назарда тутилган. Айни пайтда Марказда масжиддан ташқари яна бассейн, баскетбол майдони, мажлислар зали ва кулинария мактабининг ҳам бўлиши кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG