Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:13

Ўзбекистон далалардаги қўл меҳнатидан воз кечмоқчи эмас


Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш болалар меҳнатига барҳам берадиган ягона йўл сифатида кўрилади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш болалар меҳнатига барҳам берадиган ягона йўл сифатида кўрилади.

Ўзбекистон ҳукумати 2010 йилнинг иккинчи ярми давомида ишлаб чиқаришни кўзлаган 10 минг 900 дона қишлоқ хўжалиги техникасидан атиги 40 донаси пахта териш машинаси бўлади. Бу ўзбек расмийларининг терим чоғида қўл меҳнатидан, хусусан, болалар меҳнатидан ҳали-бери воз кечмоқчи эмаслигидан далолат беради.


Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2 август куни эълон қилинган қарорига таяниб, UzDaily.uz сайтининг хабар қилишича, 2010 йилнинг иккинчи ярми давомида ишлаб чиқарилиши кўзланган қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарининг асосий қисмини пахтага ишлов берувчи тракторлар, ер ҳайдовчи тракторлар ва пахта ҳамда ғалла етиштиришда ишлатиладиган тракторларга тиркама техник асбоб-ускуналар, жумладан, плуг, сеялка, прицеп, култиватор ва ҳоказолардан иборат.

Ҳукумат қарорида айтилишича, 2 000 дона пахтага ишлов берувчи ТТЗ-80.11 русумли, 1000 дона пахта ташувчи ТТЗ-80.10 русумли, жами 400 дона ер ҳайдовчи тракторлар Тошкент трактор заводида ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, республика ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда 170 дона ғалла ўрувчи ва 40 донна пахта терувчи машина ишлаб чиқариш режаси ҳам ҳукумат қарорида белгиланган.

Қарорда айтилишича, 10 мингдан ортиқроқ техниканинг 6 000 дан ошиқроғига харидор тайин. Жойлардаги фермер хўжаликлари ёхуд техникани таъмирлаш устахоналари маҳаллий банклар тақдим қиладиган кредит ва лизинг воситасида шунча техникани харид қилиб олади.

Тошкент трактор заводи расмийсининг Озодликка айтишича, аслида трактор заводининг ҳозирги иш қуввати билан йил охирига қадар, яъни қолган 5 ой ичида 5000 донагача трактор ишлаб чиқариш ҳам мумкин.

Ҳозир тракторнинг мотори ва баъзи эҳтиёт қисмлари хориждан келтирилмоқда, асосий қисми эса Ўзбекистоннинг ўзида тайёрланмоқда.

Аммо Тошкент трактор заводи шу кунларда ҳукумат томонидан тасдиқланган протокол асосида чекланган миқдордагина трактор ишлаб чиқармоқда.

- Ҳозир завод бир йилда, протокол бўйича режа бор, ана шу режа доирасида 3 минг донадан 5 минг донага қадар трактор ишлаб чиқараяпти. Булар, асосан, ТТЗ-80.11 ва ТТЗ-80.10 тракторлари. Яъни завод 80 фоиз қувват билан ишлаяпти, деса бўлади. Йилнинг охирига қадар яна 3 минг тракторни бемалол ишлаб чиқарамиз. Аслида эса 5 мингтача трактор ишлаб чиқаришимиз ҳам мумкин, деди трактор заводининг Озодлика мухбирига жавоб берган расмийси.

Яъни бу расмий билан суҳбатдан англаганимиз шу бўлдики, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун сув билан ҳаводек зарур бўлган тракторлар ва уларга тиркама техникаларни ишлаб чиқарувчи ягона йирик завод бўлган ТТЗ ҳозир ўз имкониятдан кўра камроқ сонда техника ишлаб чиқармоқда.

Бундан ташқари, фаолият йўналишига кўра Ўзбекистонда ягона саналган Гулистон тажриба-таъмирлаш машинасозлик заводи ҳам ҳозирда атиги 40 фоизлик қувват билан ишламоқда.

Бу завод қошидаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда завод иши билдириладиган талабга қараб қолгани, маҳаллий ҳокимиятлардан келадиган талаб эса камайиб кетганини айтмоқда.

Албатта, аграр республика бўлган Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг ҳар қандай турдаги техникасига эҳтиёж катта. Экин майдонида ишлаётган деҳқонга қулоқ тутсангиз, техника масаласи жуда оғир аҳволда эканидан шикоят қилади.

- Ҳозир далада нормалний тракторнинг ўзи йўқ, деса бўлади. Борлари ҳам камида 15-20 йиллик, ҳатто 30 йиллик тракторлар бор. Кўпи таъмирланавериб, таъмирланавериб, тўкилай, деб қолган, дейди жумладан, кўп йиллар давомида Сирдарё вилоятида трактор ҳайдаган ва ҳозир тракторсиз қолган Абдуқаҳҳор ака.

Аммо қишлоқ хўжалигини техника билан таъминлаш тизимининг деҳқонга ноқулай тарзда ташкиллаштирилгани, Абдуқаҳҳор акага кўра, Гулистондаги каби йирик таъмирлаш заводларининг оёғини боғлаб қўйган.

- Боиси, далага техника солаётган фермерлар йирик заводлар билан ҳамкорликда ишлайдиган «МТП» — Машина-трактор паркларига имкони бўлса кам мурожаат қилади. «МТП» кўрсатадиган техник хизмат жуда қиммат ва қониқарлимас, дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, асосан, аграр соҳага ихтисослашган республикада шу кунларда пахта йиғим-теримида зарур бўлган тракторларга эҳтиёж жуда катта экани маълум. Йиллар давомида Ўзбекистонда пахта қўл меҳнати билан, аянчлиси, болаларнинг қўли билан терилмоқда.

Сўнгги икки йилдан буён пахтани болалар қўли билан териб олгани учун халқаро ҳажамиятнинг кескин танқидига учраб келаётган Ўзбекистон ҳукуматининг 2 август кунги қарорида кейинги 5 ойи ичида ишлаб чиқариладиган 10 минг техникадан атиги 40 донасини пахта териш машинаси бўлиши айтилган.

Агар ҳукмат расмийларининг баёнотига таяниладиган бўлса, Ўзбекистон жаҳон бозорларига етказиб бераётган пахтанинг асосий қисмини фермер хўжаликлари етиштириб бермоқда. Расмий маълумотларда ҳозир республикада жами 80 минг 628 та фермер хўжалиги бор ва уларнинг 41 минги пахта ва дон етиштириши, уларнинг ҳар бирига ўртача 62 гектардан ер майдони тўғри келиши айтилади.

Шунча майдондаги пахтани йиғиб олиш учун қўшимча равишда етказилиши айтилган 40 дона пахта териш машинаси, ўзбекистонлик пахта етиштирувчилардан бирининг сўзларига кўра, аслида дарёдан томчи.

- Муҳими, бу машиналарни ҳозир борига қўшимча дейиш имконсиз, чунки пахта терим машиналари собиқ иттифоқидан қолган мерос эди ва бугунга келиб далалардан мутлақ ғойиб бўлган, дейди наманганлик фермер Абдураҳмат Қурбонов.

Абдураҳмат ака кўп йиллик фермер ва унинг 20 гектарлик хўжалиги бор. Шунинг 10 гектарига пахта экади, 10 гектарига ғалла.

- Умуман, район бўйича бирорта пахта терадиган машина йўқ. Эҳтимол, чўл зонасида қолгандиру¸ лекин бизнинг зонада пахта фақат қўлда терилаяпти. Чамамда 20-25 йилдан бери янги машина бўлмаяпти, дейди Абдураҳмат ака.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Вазирлар маҳкамаси расмийларига мурожаат қилиб: “Нега энди 10 минг дона қишлоқ хўжалиги техникасининг атиги 40 донаси пахта терим машинаси, эҳтиёж катта бўлган бу техника нега бу қадар оз сонда ишлаб чиқарилмоқда?” деган саволга жавоб ололмадик.

Бироқ ўзбекистонлик фермерларда бу саволга жавоб тайин - "Пахтани текин тердириб олиш мумкин бўлган бир пайтда пул сарфлаб, пахтани техникага тердиришнинг нима ҳожати бор?» дея савол ташламоқда улар.

- Одам кўп. Аҳоли чиқаяпти. Мана мактаб чиқаяпти¸ коллежни олиб чиқади. Пахта терадиган қўл кўп. Пахтанинг ўзи ниҳоятда кам. Кам экилаяпти-ку. Натижада пахта терадиган машинага эҳтиëж ҳам қолмади. Одамлар бир килосига 70-80-100 сўм берилаëтганига пахтазорнинг тепасида туради. Аммо одамларни сола олмайсиз. Коллеж ўқувчисини олиб келамиз¸ нимани олиб келамиз, деб аҳолига теришга имконият кам қолаяпти. Пахтани териб олиш жараёни тўлиқ маҳаллий ҳокимиятлар назоратида ва агар пахта терадиган машинани ўзингиз топиб келсангиз ҳам майдонга сололмайсиз, дейди Абдураҳмат ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, мустақилликнинг дастлабки йилларида собиқ совет замонидан мерос қолган техника хомталаш бўлган кезда, пахта териш комбайнларини ҳам хусусийлаштириб олишга муваффақ бўлган шоввозлар бўлган.

- Улар пахта майдонига киритилмагач, бу машиналар секин-секин йўқ бўлиб кетди, дейди Абдураҳмат ака.

Ҳозир Тошкент трактор заводи таклиф қилаётган ТТЗ-80, ТТЗ-100 тракторлари эса фермерлар учун ниҳоятда қимматга тушмоқда.

- Битта тракторни тахминан 39 миллион, деяпти. Биттаси ТТЗ-100 олиб келди, шекилли. Катта фермерлардан 100-150 гектар ери борлар кредит олиб¸ шу билан 10 фоизини ўтказган. Қолганини 10 йил давомидами кредит сифатида тўлаб нима қиларкан. Бизга ўхшаб кичик ери борлар унақа тракторни олиб, 10 йилда ҳам уза олмаймиз қарзини. Шунинг учун эски тракторларни хусусий қилиб олган йигитлар бор. ўшалар яхши қилиб қўйган. Шулар МТП дан арзонроқ нақдига қилиб беради. Шуларга қилдираяпмиз, дейди наманганлик фермер Абдураҳмат Қурбонов.
XS
SM
MD
LG