Линклар

Бишкек яқинидаги Қирғизшелк мавзеида тўпланган “Мекен туу” партияси лидери Урмат Барқтабасов тарафдорлари кучишлатар тизимлар томонидан БТРлар ёрдамида тарқатилди. Давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳаракат қилгани айтилаётган Урмат Барқтабасов кечга яқин қамоққа олинди.

Расмий ахборотда айтилишича, Урмат Барқтабасов милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати қўшма амалиёти пайтида Иссиқ кўл вилоятидаги Балиқчи шаҳрига қочиб кетаётганда қўлга олинган. Унинг машинасидан катта миқдорда қурол ва ўқ-дори топилган.

Соат 16 ларга яқин Қирғизшелк мавзесида бошқа вилоятлардан келиб, Бишкекка ўтишга ҳаракат қилаётган Урмат Барқтабасов тарафдорлари қуршовида қолган махсус милиция кучларига ҳарбийлар ёрдамга келган.

Бу ерга тўпланган бир неча минг одам милиция ва ҳарбийлар томонидан БТРлар ёрдамида тарқатилмоқда. Кучишлатар тизимлар ҳавога қарата ўқ отиб, шовқин гранаталарни қўлламоқдалар. Барқтабасов тарафдорлари тартибсиз ҳолда қоча бошлаганлар. Кучишлатар тузилмалари уларни таъқиб қилмоқда. Ҳозирча намойишчилар ҳибсга олинмаётгани маълум қилинди.

Лекин айрим хабарларда айтилишича, милиция томонидан тарқатилаётган намойишчиларга Урмат Барқтабасовнинг Бишкекдаги тарафдорлари ёрдамга жўнамоқда. Вазият мураккаблигача қолаётир.

Бундан сал аввалроқ, соат 15 ларда Қирғизшелк мавзеида милиция махсус кучлари томонидан Урмат Барқтабасовнинг пойтахтга киритилмаётган тарафдорлари фитначилик ҳаракатларини бошлаганлар. Улар орасида “Бишкекдан бизга ёрдам келаяпти”, деган гаплар тарқаган.

Орадан кўп ўтмай Бишкек томонидан бир неча юз одам етиб келган. Оқибатда милиция махсус кучлари икки тарафдан Урмат Барқтабасов тарафдорлари сиқувида қолган.

Соат 15.20 да олинган хабарга кўра, воқеа жойида ҳавога қарата ўқлар отила бошлаган. Ўқларни ким отаётгани ҳозирча номаълум. Айрим ахборот агентликлари тарқатган хабарларда айтилишича, Ўрмат Барқтабасов тарафдорлари қўлида камида 15 та тўппонча бор.

Айни пайтда "Мекен туу" партияси раҳбари Урмат Барқтабасов мамлакат муваққат ҳукуматига ултиматум қўйгани маълум қилинди.

Урмат Барқтабасов ва Қирғизистон президенти маслаҳатчиси Тўпчибек Турғуналиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтган.

“Мекен туу” партияси раҳбари ҳукуматдан бугун Бишкекда ўтказилиши режаланган қурултой ишига тўсқинлик қилмаслик, унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларининг барчасини бекор қилиш ҳамда зудлик билан Қирғизистон Бош вазири этиб тайинланишни талаб қилган.

Маълум бўлишича, Турғуналиев Урмат Барқтабасов талабларини президент Роза Ўтунбаевага етказишга ваъда берган.

Ҳукумат расмийси, шунингдек “Мекен туу” партияси раҳбарини пойтахтда намойиш уюштирмаслик ҳамда оломонни тарқатиб юборишга чақирди.

Урмат Барқтабасовнинг ўзи эса журналистларга музокаралар ҳозирча натижа бермаганини билдирган.

5 август куни Қирғизистон пойтахтида мамлакатдаги тақрибан 100 сиёсий партиянинг бири – "Мекен туу" ("Ватан байроғи") партияси уюштираётган митинг-қурултойнинг оммавий тартибсизликка айланиб кетиши мумкинлиги бишкекликлар хавотирини оширмоқда.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирига кўра, Бишкек ваҳимада – яна оммавий тартибсизликлар чиқиб кетиш эҳтимоли бор.

Хабарларга қараганда, пойтахт милицияси кучайтирилган режимга келтирилган.

"Мекен туу" партияси раҳбари Урмат Барқтабасовга кўра, деб хабар қилади Озодлик мухбири, 5 август куни ўтадиган митинг-қурултойга республиканинг турли жойларидан келадиган 30-40 минг киши қатнашиши кутилмоқда.

Ҳам Қирғизистон, ҳам Қозоғистон фуқароси эканлиги айтиладиган Урмат Барқтабасов 2005 йилги президент сайловига ўз номзодини қўйган эди.

Сайловдан кейин, 17 июн куни Барқтабасов ва унинг тарфдорлари Қирғизистон ҳукумати биносига (президент девони ҳам шу бинода) бостириб кирган эди.

Мазкур воқеа юзасидан Барктабасов устидан жиноят иши қўзғатилган ва у қидирувга берилган эди. Мамлакатдан қочиб кетган Барктабасов 5 йил давомида чет элда юрди ва хабарларга қараганда, 13 июн куни Дубайдан Бишкекка учиб келди.

5 августга белгиланган митинг-қурултойда, Урмат Барктабасовнинг айтишича, Қирғизистондаги жорий вазият, бўҳрондан чиқиш йўллари, Қирғизистоннинг истиқболи муҳокама қилинади.

Қурултой иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга 15 минг кўнгилли жалб этилган.

- Биз халқ манфаатларини ҳимоя қилаяпмиз холос, тахт талашаётганимиз йўқ. Халқнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олиш керак. Қурултой иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга халқ қўшинининг 15 мингга яқин йигити, спортчилар жалб этилган, деган Озодлик мухбирига Урмат Барқтабасов.

Айни пайтда "Ата Мекен" ("Она Ватан") партияси (лидери Ўмурбек Текебаев) ҳам халқ орасидан кўнгиллилар қўшинини йиға бошлади. Атамекенчилар 5 август кунги митинг-қурултой оқибатида шаҳарда яна бошланиб кетиш эҳтимоли бор талон-тарожнинг олдини олиб қолмоқчи.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Зарилбек Рисалиев Озодликка Барктабасов ўтказмоқчи бўлаётган митингнинг ғайриқонуний тадбир эканлигини айтган. Унинг айтишича, митинг ўтказишга рухсат сўраб Бишкек шаҳар мэриясига Барқтабасов мурожаат қилмаган.

Рисалиевга кўра, Бишкек шаҳар милицияси сафларида Урмат Барқтабасовни, агар митингга келса, ушлаб Қозоғистонга топширишга тайёр турган зобитлар кўп. Чунки Барқтабасов устидан Қозоғистонда ҳам жиноят иши қўзғатилган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг хабар қилишича, 5 август куни Бишкек шаҳар милициясининг 2500 нафардан зиёд ходими кучайтирилган режимда ишлайди.

Милиция ходимларига 10 мингга яқин халқ дружиначиси ёрдам беради.

Ортда қолган тунда ҳам милиция ходимлари ёнида 5 мингга яқин халқ дружиначиси бўлгани хабар қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG