Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:25

Вагон жанжали янги босқичга ўтдими?


Тожик темирйўлчилари Ўзбекистон Тожикистон юк вагонлари учун транзит нархини 10 кўтарганини таъкидлаган бир пайтда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати вакиллари юк транзити борасида бундай ўзгаришдан бехабарликларини айтмоқдалар.

Тожикистон темир йўллари корхонаси расмийси Сусанна Хачатурованинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон темир йўллари ширкатининг сўнгги қарорига биноан жорий йилнинг 9 августидан бошлаб Тожикистонга тегишли барча юк вагонлари янги нархнома асосида транзит қилинади.

Расмийнинг айтишича, бу борада Ўзбекистон темир йўлларининг Тожикистон томонга йўллаган телеграммасида огоҳлантирилган.

Хачатуровага кўра, Ўзбекистон белгилаган янги нархнома асосида мамлакатга транзит қилинадиган ҳар бир вагон, контейнер, цистернадаги маҳсулот нархи ҳам 10 фоизга оширилади.

- Транзит нархи 10 фоизга оширилар экан, демак, бизнинг ҳам мижозларимизга хизмат кўрсатиш учун ҳаражатларимиз й0 фоизга кўтарилади, дейди Сусанна Хачатурова.

Ўзбекистоннинг темир йўл транзитига нархни кўтаришига оид қарори тожикистонлик савдогарларнинг бир ташвишини икки қилган кўринади.

Кўп йиллардан буён Эрондан Тожикистонга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кираётган тижоратчи Аҳмадвали улардан биридир.

Аҳмадвали ўзбекистонлик темир йўлчиларнинг бу қарори савдогарлар учун қаттиқ зарба эканини, транзит нархининг оширилиши эса бевосита маҳсулот нархинининг ошиб кетишига туртки бўлишини айтади.

- Маҳсулот қимматлагандан кейин ўз-ўзидан солиқ ҳам оширилади. Чунки солиқ маҳсулот нархига қараб белгиланади. Бу биз учун кўпроқ жабр-да, дер экан тужжор маҳсулот нархининг бир неча бараварга қимматлашиши оддий аҳоли турмушини янада оғирлаштириб юбориши мумкинлигини айтади.

Расмий маълумотларга кўра, барча турдаги маҳсулотларнинг 90 фоизи Тожикистонга ташқаридан олиб кирилади.

Таҳлилчилар Ўзбекистон томонидан юк вагонларига транзит нархининг оширилиши ортидан Тожикистон бозорларида нарх-наво мисли кўрилмаган даражада ошиб кетиши мумкинлигига эътибор қаратмоқдалар.

Чунки, таҳлилчиларга кўра, озиқ-овқат, қурилиш ва бошқа шу каби ўнлаб турдаги маҳсулотларнинг 75 фоизи Тожикистонга Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб кирилади.

- Тирикчилигимиз учун зарур маҳсулотларнинг асосий қисми Ўзбекистон темир йўллари орқали мамлакатимизга транзит қилинади. Транзит нархи оширилдими - ўз-ўзидан маҳсулот нархи ҳам ошади. Яшаш янада қийинроқ бўлади, дейди Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Фаррух Умаров.

Унга кўра, Ўзбекистон бу қарори ортидан Тожикистонга бир неча томондан қаттиқ зарба беради.

Умаровнинг айтишича, Тожикистон иқтисодиётининг асосини ташкил қилган алюминий ва пахта ҳам айнан Ўзбекистон темир йўллари орқали хорижга, аниқроғи Эрон ва Болтиқбўйи бандаргоҳларига узатилади.

Айни пайтда Ўзбекистон темир йўлчилари юк вагонлари транзити учун нархнинг оширилганига оид маълумотлар “ёлғон хабар” эканини айтишмоқда.

- Бу нарсадан менинг хабарим йўқ. Мен ҳали бунақа нарсани эълон қилганим йўқ, дейди “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатида юк вагонлари транзити учун нарх белгилаш ишларига масъул бўлган, аммо исми ошкор қилинишини истамаган ходим биз билан телефон орқали суҳбатда.

Аммо Тожикистон темир йўллари ширкат масъуллари Ўзбекистон томони юк вагонлари транзити учун 9 августдан жорий қилган янги нархнома шу йил декабрига қадар амал қилишини ва янги йилдан транзит учун яна янги нархнома эълон қилинишини билдирдилар.

Аснода Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари юк вагонлари транзитига оид тортишувларда ҳалигача бир тўхтамга келганлари йўқ.

Расмий Душанбе вақти-вақти билан Тожикистонга тегишли юк вагонларини Ўзбекистон ўз ҳудудида асоссиз ушлаб қолаётганидан бонг урса, Тошкент вакиллари бунинг техник ва логистик сабабларга содир бўлаётганини такрорлашдан чарчамайди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган энг сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилган Тожикистонга тегишли юк вагонларининг сони 1100 тани ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG