Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:33

Муҳожирлар таносил касалликларидан огоҳлантирилмоқда


Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларга ўзбек тилида чоп этилган брошюралар тарқатилмоқда.
Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларга ўзбек тилида чоп этилган брошюралар тарқатилмоқда.

Глобал майдонда кўпайиб бораëтган меҳнат муҳожирлари турмуш тарзидан туғилаëтган саломатлик мауммоларига ечим сифатида БМТ жамғармаси Россиядаги меҳнат муҳожирлари¸ хусусан ўзбекистонлик мардикорлар учун ОИТС каби касалликларга қарши тарғибот материаллари тарқатмоқда.


Россиянинг 10 минтақасида БМТнинг Глобал фонди томонидан амалга оширилаëтган айни тадбирдан кўзланаëтган асосий мақсад – меҳнат муҳожирлари орасида тарқалаётган ОИТС, сифилис, сил ва ҳоказо оғир юқумли касалликлар олдини олишдир.

Бу ҳақда Озодликка Глобал фонд лойиҳасини Татаристонда амалга ошираётган “Янги аср” инсонпарварлик ташкилоти ходими Алфия Мифтахова қўшимча маълумот берди:

- Биласизми, мен бевосита турли жойлардан, хусусан Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирлари билан ишлайман. Уларга биз ҳимоя ва шахсий гигиена воситаларини тақдим этамиз. Шунингдек, биз муҳожирларни ОИТС, гепатит, сифилис ва бошқа жинсий касалликларга доир Москвада чоп этилган ўзбек тилидаги адабиёт билан таъминламоқдамиз. Сўнгги пайтларда жорий қилинаётган кескин миграция қоидалари тиббий марказимизга меҳнат муҳожирларидан бўлаëтган мурожаатлар сонини ҳам ошириб юборди. Мана кеча куни 16 киши, бугун эса 18дан ортиқ меҳнат муҳожири мурожаат қилишди.

Бир неча йил ичида муҳожирлар сони 9 баробарга ошди. Ташкилотимиз иш бошлаганида муҳожирлар асосан туркияликлар эди, ҳозир келаётганларнинг аксарияти, сўзсиз, ўзбекистонликлардир. Афсуски, улар орасида аллақачон бу касалликларга чалинганлар кам эмас, дейди “Янги аср” инсонпарварлик ташкилоти шифокори Алфия Мифтахова.

Лойиҳа юзасидан шаҳар шифокорлари кўнгиллилар ёрдамида бозорлар ва Қозондаги қурилишларда меҳнат муҳожирларига презервативлар¸ интим гигиена салфеткалари¸ антисептик воситалар ва китобчалар тарқатмоқда.

ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш бўйича БМТнинг Глобал фонд лойиҳасини амалга ошираётган бу ташкилот ходимининг сўзларига кўра, бу касалликларнинг татаристонликларга нисбатан муҳожирлар ораси кенг тарқалгани кузатилмоқда.

2009 йил давомида Татаристон Республикаси Тери-таносил касалликлари диспансери (РККВД) ходимлари томонидан меҳнат муҳожирлари орасида 14 нафар ОИТС ва 32 нафар сифилисга чалинганлар аниқланган. Бу йилнинг ўзида ОИТСга чалинган 4 нафар, сифилис юқтирган 18 нафар муҳожир қайд этилди, дейди Марказий Тери-таносил касалликлар диспансери бош шифокори ўринбосари Гўзал Вафина:

- Поликлиникамиз қошида очилган Чет эл фуқароларини тиббий кўрикдан ўтказиш марказида муҳожирларга тиббий хужжатлар олинишини осонлаштирувчи “ягона ойина” тизими жорий қилинган. Татаристонга аслида чет эл ишчи кучини жалб қилиш квотаси 30 минг кишини ташкил этади. Лекин Қозонда ўтказилиши режалаштирилган Универсиада ва метрополитен қурилишининг меҳнат муҳожирларисиз битмаслиги аниқ. Шу боис бу ерга келаëтган муҳожирлар сони квотадагидан ачна кўпдир, дейди бош шифокор ўринбосари Гўзал Вафина.

Бу мутахассисга кўра, тери-таносил касалликлари юқтирган муҳожирлар сони Татаристонда қайд этиладиган жами беморлар сонининг бир фоизини ташкил этса-да, ҳуқуқсизлик, камситиш, оиладан узоқлик ва доимий стресс ҳолатлари меҳнат муҳожирларини маҳаллийларга нисбатан ичкилик, наркомания ва тартибсиз жинсий алоқага ружуъ қўйишга мажбур этади.

Муҳожирларнинг бегона юрт¸ бегона маданиятда яшай туриб¸ осонликча турли таносил касалликларига йўлиқиш сабаблари ҳақида гапирган ўзбекистонлик муҳожир Муҳаммаджон, барча сабабларни бевосита шахснинг ўзидан қидириш кераклигини айтади:

- Бу касалликларнинг кўпаяётгани сабаби, кўрмаганнинг кўргани қурсин деганларидек, камбағалнинг бир тўйгани деб, кўчада юрган ҳар хил аёллар билан яқинлашиб уларни саломатчилигини ҳам билмасдан ўзига сифилис, СПИД касалликкларини орттириб олади. Ҳаммаси ўзимиздан! Касал бўлиши ҳам, пул топиши ҳам ўзига боғлиқ, дейди Россияда меҳнат қилаётган Муҳаммаджон.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилга қадар Россияда 500 мингдан кўпроқ одамнинг ОИТС га чалингани аниқланган. Улардан қанчасининг Россиядаги бир неча миллионлик муҳожирлар армиясига тегишли экани ҳозирча аниқ эмас.
XS
SM
MD
LG