Линклар

Наоми Кэмпббелл Ҳаага судида кўрсатма берди


Кэмпбеллга тортиқ қилинган "иркит тошчалар" Тэйлорга қарши ишлаши мумкин.

Кэмпбеллга тортиқ қилинган "иркит тошчалар" Тэйлорга қарши ишлаши мумкин.

Либерия собиқ президенти устидан ўтказилаётган БМТ трибуналида кўрсатма берган британиялик супермодел Наоми Кэмпбелл 1997 йилда ЧарлзТэйлордан совға сифатида бир неча дона олмос олганига иқрор бўлди.



Асли британиялик қора танли супермодел Наоми Кэмпбелл Чарлз Тэйлор устидан ўтаётган трибуналда пайшанба куни берган кўрсатмаларида Либериянинг собиқ етакчиси қатнашган зиёфатдан кейин “кўринишидан иркит бир неча дона тошларни” олганини гапириб берди.

Кэмпбеллга кўра, кейинчалик унга бу тошларнинг олмос ва Тэйлорнинг тортиғи эканини айтишган.

40 яшар Кэмпбелл 1997 йилда Жанубий Африкада ўтказилган базмдан кейин Тэйлор унга ишлов берилмаган олмосларни берганига оид иддаолар бўйича сўроққа тутилди.

Прокурорларнинг таъкидлашича, бу иддаолар рост бўлиб чиқса, собиқ президент Тэйлорнинг олмослар саводси билан шуғуллангани ҳамда олмослардан олинган даромадни Сьерра Леонедаги фуқаролар уруши пайтида жанггариларга қурол сотиб олиш учун сафрлаганига далил бўла олади.

Тэйлор Либерия ва Сьерра Леонеда 250 мингдан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритган можаролар пайтида уруш жиноятларини амалга оширганликда айбланмоқда. Унга нисбатан жаъми 11та айблов илгари сурилган.

Наоми Кэмпбелл ўз кўрсатмаларини Инжилга қўл қўйиб қасам ичишдан бошлади.

- Мен Инжилга қўл қўйиб қасамёд қиламанки, ҳақиақатни, бор ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни гапираман.

Супермоделнинг қасамёдидан кейин прокурор Бренда Ҳоллис етакчилик қилаётган қораловчилар гуруҳи Кэмпбелл 1997 йилнинг сентябр ойида Жанубий Африкада нима билан машғул бўлганига оид саволларни берди.

Кэмпбелл Африкада Нелсон Манделланинг болалар жамғармаси ҳомийлик қилган бир нечта тадбирда қатнашгани ҳақида кўрсатма берди.

Жанубий Африканинг ўша пайтдаги президенти Нелсон Манделланинг уйида берилган зёфатда Кэмпбэлл ва Тэйлор иштирок этган. Кэмпбэллнинг айтишича, зиёфатдан кейин у ўз хонасида дам олаётганда, эшикни кимдир тақиллатиб, уни уйғотиб юборган. Эшикни очганда эса, икки номаълум шахс унга бир халтачани узатган.

- Мен халтанинг ичида бир нечта тошни кўрдим. Улар жуда кичик ва кўринишидан иркит тошчалар эди, деган Кэмпбелл бу тошчаларнинг олмос эканини дарров англамаганини қўшимча қилди.

Лекин эртасига ўзининг собиқ агенти Кэрол Уайт ва актриса Миа Фэрроу билан нонушта пайтида кимдир унга бу тошчалар Тэйлор томонидан тортиқ қилинган “қонли олмослар” эканини айтган.

Судья Жулия Себтинде шу ерда Кэмпбеллдан аниқлик киритишини сўради:

- Кэмпбелл хоним, сиз ҳамкасбларингиз миа Фэрроу ва Кэрол Уайт бу совғани жаноб Тэйлор берган бўлиши мумкинлиги ёҳуд айнан жаноб Тэйлор берганини айтди деяпсиз. Бу ҳақда сиз нима, деб ўйлагансиз, дея савол берди суд раисаси.

Кэмпбэлл бу саволга жавоб берар экан ўша пайтда Тэйлорни танимаганини таъкидлади.

- Мен шундай бўлса керак, деган хулосага келдим. Мен Чарлз Тэйлорни танимас эдим, у ҳақда ҳеч нарса эшитмаган эдим, ҳатто Либерия, деган мамлакат борлигини ҳам билмаган эдим. Боз устига қонли олмослар, деган иборани ҳам биринчи марта эшитишим эди. Шунинг учун бу шундай бўлса керак, дея хулоса қилиб қўй қолдим, дея жавоб берди супермодел.

Кэмпбелнинг айтишича, у тошларни бир дўстига бериб, ҳайрия мақсадларида ишлатишни илмтиос қилган.

Наоми Кэмпбелл Ҳаага трибуналида ҳикоя қилиб берган воқеа рўй берган вақт прокурорлар учун жуда муҳимдир. Чунки Ҳоллис етакичлигидаги қораловчилар гуруҳи Сьерра Леонедаги фуқаролар уруши авж олган 1997 йилда қурол-олди сотдисига оид йирик келишувдан бир неча ҳафта аввал собиқ диктатор Тэйлор ихтиёрида олмослар бўлганини исботлашга ҳаракат қилмоқда.

Тэйлорнинг ҳимоячиси Кортенэй Гриффитс Наоми Кэмпбеллнинг кўрсатмалари “тўлалигича тахминларга асосоланган”, дея эътироз билдирмоқда.

Ҳозирда Ҳаагадаги қамоқда сақланаётган Тэйлор 1996-2003 йилларда Либерия президенти бўлган. 2003 йилда Сьерра Леоне бўйича БМТнинг махсус суди унга нисбатан расмий айбловларни илгари сурган.

Тэйлор 1991-2002 йилларда давом этган Сьерра Леоне фуқаролар уруши пайтида турли уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиняотларни амалга оширганликда айбланмоқда. Трибунал Тэйлорнинг Сьерра Леонедаги жанггарилардан қурол-аслаха эвазига олмосларни олганлигига оид иддаоларни кўриб чиқмоқда.

Прокурорлар супермодел Кэмпбеллнинг ҳамкасблари Уайт ва Фэрроуни келаси ҳафта судга чақиртиришни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG