Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:10

Аксар ўзбеклар хорижга доимий кетиш ниятида эмас


Бугун Россия ëки бошқа юртларга иш излаб кетаëтган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бу йўл сўнггида ўзларини нима кутаëтганини билишмайди.
Бугун Россия ëки бошқа юртларга иш излаб кетаëтган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бу йўл сўнггида ўзларини нима кутаëтганини билишмайди.

“Gallup” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистонда балоғат ёшига етган аҳоли орасида хорижга чиқиш истагида бўлганларнинг 24 фоизи чет давлатларда вақтинча ишлаш, 30 фоизи ўқиб қайтиш ва 6 фоизи эса доимий яшашга кетиш орзусида яшамоқда.


“Gallup” ўтказган сўровга кўра, тақрибан ҳар тўрт одамнинг бири Ўзбекистондан у ёки бу сабаб чиқиб кетиш илинжида яшамоқда, деган хулоса чиқади.

Ўзбекистонлик тадқиқотчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, “Gallup” келтирган бу рақамлар Ўзбекистонда 2007-2008 йилларда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига тўғри келади.

- Ҳақиқатан ҳам¸ 88 фоиз аҳоли “Доимий кўчиб кетишни хоҳлайсизми?” деганда “Йўқ” деб жавоб берган. 4 фоиз аҳолимиз “Жавоб беришга қийналаман” деган. 6¸5 фоиз аҳоли “ҳа” деб жавоб берган. Доимий кўчиб кетишни хоҳловчилар қайси вилоятларда кўпроқ деган савол келиб чиқса¸ биринчи ўринда Тошкент вилояти туради ва “Ҳа” деб жавоб берганларнинг 16 фоизи Тошкент вилоятига тўғри келади. Иккинчи ўринда 15¸5 фоиз билан Тошкент шаҳри¸ учинчи ўринда Жиззах вилояти¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Аммо, бошқа собиқ иттифоқ давлатларидан фарқли Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда чет давлатларда доимий яшаш учун кетишни истаётганлар нисбатан озроқ.

Сўровда қатнашган ўзбекистонликларнинг 94 фоизи хорижга доимий яшашга кетиш истаги йўқлигини айтган.

“Gallup” тадқиқотчиларига кўра, чет давлатларда ишлашни орзу қилаётган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги вақтинча четга кетиб ватанда қолган оиласига пул жўнатиш ва четда тажриба орттириб, тил ўрганиб мамлакатга қайтиш истагини билдирганлар.

- Бу миллий онг билан¸ миллий тафаккур билан боғлиқ. Мана Ғарбдаги ëки Америкадаги ўзбеклар билан гаплашадиган бўлсак¸ улар ижтимоий муаммоларга қарамасдан¸ Ўзбекистонга қайтишни хоҳлайди. Умуман ўзбек жамияти маълум бир консерватизмга¸ соғлом консерватизмга эга¸ менинг назаримда. Ўзбек жамиятидаги она юрт тушунчаси деймизми ëки мусулмон жамияти¸ ўзбекчилик¸ дунëнинг бошқа жойларида топилмайдиган маълум бир ҳиссиëтлар айнан этник ўзбекларда ва Ўзбекистонда яшайдиган этник тожикларда мавжуд¸ дейди Камолиддин Раббимов.

“Gallup” сўрови ёши 15 дан юқори бўлган минглаб респондентлар орасида юзма-юз савол-жавоб тариқасида ўтказилган.

Мамлакатдаги ишсизлик ва носоғлом ижтимоий вазиятнинг одамларни ризқ излаб чет давлатларга кетишга ундаётган асосий омиллардан экани айтилади.

Аммо тошкентлик социолог Мурат Ахтямовнинг айтишича, одамларнинг чет давлатларга кетиш истагини фақат ижтимоий муаммолар билан боғлаш нотўғри.

- Менимча¸ келтирилган бу рақамлар ҳақиқатга яқин. Лекин уларни қандай талқин қилиш бу бошқа масала. Агар буни фақат қашшоқлик, ишсизлик ва ҳукуматнинг нотўғри олиб бораётган сиёсатининг маҳсули, дея талқин қиладиган бўлсак, бу жуда заиф далил бўлар эди. Бу ерда жаҳон глобаллашиб бораётганини ҳам инобатга олиш керак. Яъни бу ерда бозор омилини ҳам ҳисобга олиш керак. Одамлар қаерда кўп иш ҳақи тўланса¸ ўша ерга кетишмоқда. Нафақат Ўзбекистондан, нисбатан фаровонроқ Россиядан ҳам ҳар йили 2 миллион ишчи кучи Ғарб томон оқади. Ҳатто Хитой ва Ҳиндистондан ҳам малакали ишчилар яхшироқ маош илинжида чет давлатларга кетишга интилади. Миллионлаб турклар ҳозир Германияда ишлаб юрибди. Яъни бу ерда бозор омили ҳам эътиборга олиниши керак, дейди ўзбекистонлик жамиятшунос Мурат Ахтямов.

“Gallup” ўтказган сўров натижаларига кўра, собиқ Иттифоқ ўлкаларида 70 миллион одам чет давлатларга кетиш орзусида яшамоқда. Айниқса Арманистон, Молдова, Беларус, Қирғизистонда аҳолилари орасида четга кетиш истаги анча кучли. Арманистон ва Молдовада четга кетиб ишлашни орзу қилаётганлар 50 фоизга яқин.

- Бундай манзарани биз ҳам кузатяпмиз. Бу ерда энг катта муаммо ишсизлик. Шунингдек, сиёсий сабаблар ҳам бор. Ҳукумат сиёсатидан норози бўлганлар орасида ҳам кетиш истаги юқори. Лекин, россияликлар орасида кетишни истовчилар ҳозир анча камайган. Бу Россияда иш топиш имконлари яхшилангани билан боғлиқ, дейди Москвадаги Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқотчиси Степан Львов.

“Gallup” маълумотларига кўра, Россияда четга кетиш орзусида бўлганлар 22 фоизни ташкил қилади.

Степан Львовнинг айтишича, Россия сўнгги йилларда мигрант юборувчи давлатдан кўра, четдан ишчи кучи қабул қилиб олувчи давлатга айланган.

- Бошқа МДҲ давлатлари фуқаролари учун айнан Россия бугун иш топиш мумкин бўлган давлат ҳисобланади, дейди Степан Львов.

Ўзбекистонлик тадқиқотчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ўзбекистонда уч йил аввал ўтказилган сўровлар аҳоли орасида Россияга кетиш истаги юқори бўлганини кўрсатган.

- Кетишни хоҳлаëтганларга “Қайси давлатга доимий кўчиб кетишни хоҳлардингиз?” деганида¸ аксарият аҳоли Россияга, деб жавоб берган. Россияга бўлган муносабат 2007-2008 йилларда 2004 йилдагига нисбатан мутлақо ўзгарган десак бўлади. Чунки 2004 йилда Россияга доимий яшашга кетишни хоҳловчилар сони 12-13 фоиз бўлган. 2007-2008 йилда 50 фоизга яқинлашаяпти. Россиянинг имижи ўзгараяпти¸ Россияда ижтимоий барқарорлик шаклланди дейишимиз мумкин. Постсовет ҳудудида Россия бир томондан иқтисодий аҳволи¸ иккинчи томондан у ердаги авторитар ҳукумат у ердаги муаммоларни консервация қилаяпти¸ дейди ўзбекистонлик тадқиқотчи Камолиддин Раббимов.

“Gallup” тадқиқотларига кўра, МДҲ давлатлари орасида Туркманистон аҳолиси орасида четга кетиш истаги жуда суст. Бу давлатда вақтинча хорижга кетиб ишлашни хоҳловчилар 19 фоизни, доимий кетишни истовчилар эса 5 фоизни ташкил қилади.


Озодлик сўраганлар нима дейди?

“Gallup” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумоти ортидан, Озодлик ҳам айрим ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, “Агар имкон туғилса¸ Ўзбекистондан хорижга кетган бўлармидингиз” деган саволга жавоб излади. Суҳбатдошларимиз турли касб ва турли ёшдаги кишилар бўлиб, уларнинг жавоблари ҳам хилма-хил бўлди.

Тошкент шаҳрида яшовчи Абдуҳамид Камолов:

- Бир мақол бор. “Ўзга юртда шоҳ бўлгандан¸ ўз юртингда гадо бўл” дейди. Бу ватанда ота-боболаримиз ўтган. Уларнинг руҳлари шу ерда. Киндик қонимиз тўкилган ер бу ер. Қандай шароит бўлмасин¸ қанча бойлик бўлмасин¸ нима бўлишидан қатъий назар¸ яхши яшаш¸ яхши кийиниш таклиф қилинмасин, барибир мана шу тупроқ ота ватан. Тупроғи кўзга суртадиган тупроқ. Шунинг учун ҳам мен ҳеч қачон чет юртларга кетиш ниятим бўлмаган¸ кетишни хоҳламайман ҳам.

Сурхондарёнинг Денов туманида яшовчи Абдулла Азимов:

- Ўзбекистонни ташлаб кетиш тўғрисида ҳеч қачон фикр келмаган. Ташлаб кетмайман ҳеч қачон. Сабаби¸ Ўзбекистонда аста-секинлик билан юксалиш бўлаяпти. Аста-секинлик билан ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетади. Бирдан бўлмайдику. Шунинг учун ҳам ҳеч қачон кетишга қарор қилмаганман. Кетмайман¸ қандай вазият бўлишидан қатъий назар. Буни ватанпарварлик деб тушунасизларми¸ ватанни севиш дебми¸ билмадим. Иқтисодий томондан бўладиган муаммолар ҳам кетишга мажбур қила олмайди. Ҳеч қачон Европага ҳам¸ Америкага ҳам ҳавас қилмаганман. Сабаби¸ у ерда демократия бўлгани билан бизда ўзбек халқида қадим-қадимдан ота-онага ҳурмат¸ устозга ҳурмат¸ ватанни севиш деган нарсалар бор. У ëқда демократия бўлгани билан устозга ҳурмат йўқ¸ ота-онага ҳурмат йўқ.

Хоразм вилоятидан Гўзал опа:

- Ҳа кетар эдим. Чет элларга кетар эдим.

Озодлик: Масалан¸ қаерга?

- Жанубий Кореяга.

Озодлик: Нима учун Жанубий Кореяга?

- Менга Корея ëқадида.

Озодлик: Доимий кетиб яшаган бўлармидингиз?

- Ўзи шуни хоҳлар эдим. Ўзбекистондан тўйиб кетдим.


Қозоғистонда бир неча йилдан буён чўпонлик қилаётган асли андижонлик Азизбек:


- Менга ҳозир қозоқ хўжайиним бир йилга 12 та қўй беради. Ҳар ойга 15 минг танга беради. Пулни харажатларимга ишлатаман. Менга ҳозир фақат қўйим қоладида. 12 та қўйни сотиб¸ бир нарса қилиб йиғиб¸ мана бу ердан паспорт тўғирлатиб¸ шу томондан уй олай деяпманда. Қозоғистоннинг одами бўлиб қоламан. Мен Ўзбекистонга қайтмайман. Нимага деганда¸ у ëқда тирикчилик ўтказишнинг ҳеч иложи йўқ. Иложи бўлса¸ агар бу ерда дангал гражданство бераман дейдиган бўлса¸ Ўзбекистон гражданствосидан кечаман. Нимагаки¸ Қозоғистоннинг шароити яхши. Ўзбекистонга қайтиш безполезно.

Тошкент шаҳри¸ Ҳамза туманида яшовчи Абдуқаҳҳор Мусаев:


- Тўғрисини айтсам йўқ, ҳеч қаерга кетмайман. Сабаби¸ шу ерда туғилдим¸ бошқа юрт бошқа юртда барибир. Минг нима бўлган тақдирда ҳам ишқилиб кун ўтаяпти. Бир кун келиб ўзгарар бу система. Шундай ўтиб кетмайдию. Кетиш ҳақида¸ даже бу ҳақда ўйламаганман ҳам.

Россияда ишлаётган сурхондарёлик Алижон ака:


- Барибир Ўзбекистонга қайтаман¸ ҳар қандай шароитда. Чунки ҳеч бир жой ўзимизникига келмайди. Тинчлик¸ бошқа томон¸ ҳар тарафлама. Тарих бўйича¸ миллий анъаналаримиз яна бошқа нарсалар бўйича билган¸ чуқурроқ англаган одамнинг ҳеч қайсиси Ўзбекистондан чиқиб кетаман¸ демайди. Мен барибир ўзим туғилган қишлоқни¸ Ўзбекистонни яхши кўраман. Ўзбекистонда ўзбек бўлиб туғилганимга шукур қиламан. Менга нафақат Россия¸ балки Америка фуқаролигини таклиф қилса ҳам қола олмайман. Ҳозир энди Ўзбекистонда иқтисодий танглик. Ҳар бир оила ўзини тиклаяпти. Балки бизда ҳам жуда зўр бўлиб кетар. Мен ҳам Ўзбекистоннинг жуда кўтарилиб кетишини¸ ўзимизнинг юртда тинчгина ишлашни¸ бу сарсончиликлар ўтиб кетишини хоҳлайман. Бу ҳолатдан мен ҳеч кимга шикоят қилмоқчи эмасман. Агар бу ерда тиллодан тоғ берса ҳам¸ энди кимларгадир керакдир¸ лекин айнан менга бу ерда фуқаролик ëки бошқа бир имконият керак эмас¸ ҳар қандай иқтисодий тангликка тушиб қолсам ҳам¸ барибир мен ўзимнинг юртимга қайтаман.

Россияда меҳнат муҳожири сифатида юрган Иқболжон ака:


- Россияга келган одамларнинг кўпчилигида қайтиб бориш нияти йўқда. Тирикчилик умуман қийин бўлиб қолдида ҳозир. Масалан¸ мен ҳам Россия фуқаролигини олиш ҳаракатида юрибман. Биз ҳам соғинамиз уйни. У ëғини ўйлаймиз¸ бу ëғини ўйлаймиз. Ўзбекистонга борганимиз билан тирикчилик яхши бўлмайди. Яна шу ерга қайтиб келамизда иложсиз. Ҳозир 40 тача болалар билан ишлаймиз. Уларнинг 20-25 таси Россия фуқаролигини олиб бўлган. Тирикчилик шу ерда бўлаяпти. Иккинчи юртимиздай бўлиб қолаяптида бу ер ҳам.


Россия фуқароси¸ асли андижонлик Маъмуржон Қодиров:


- Ўзбекистонда ойликлар умуман кам¸ мен мактабда ишлаганман¸ кейин райкомкомсомолда ишладим. Қарасам олий маълумотли бўлсам-д¸а жуда ойлигимиз паст. Кейин Россияга келиб олдик. Шу тақдир тақозо экан. Россия бизга ëқиб қолди. Россияда яшадик. Худога шукур¸ кам бўлмайлик¸ деймиз. Аввало Худо. Яхши топиб¸ оила боқиб тирикчилик ўтказаяпмиз қисқаси. Ўзбекистонни биз ҳам соғинамиз. Худога шукур онам тирик. Отам ўтиб кетган 1993 йилда. Ўзбекистонни қўмсаймизда барибир. Жон деб борардик. Эртами-кечми¸ Ўзбекистон она юрт¸ барибир борамизда.

Озодлик: Борамиз деганда фақат меҳмонга боришни назарда тутаяпсизми?

- Албатта, меҳмонга борамизда. Ҳозир бола-чақаларим шу ерда ўқишаяпти.
XS
SM
MD
LG