Линклар

logo-print

Чинорлар Чирчиқда ҳам чирқиллади


Toшкент марказидаги қадим чинорлар бошига тушган қирғин бугун Чирчиқда ҳам такрорланмоқда.

Toшкент марказидаги қадим чинорлар бошига тушган қирғин бугун Чирчиқда ҳам такрорланмоқда.

Чирчиқ шаҳри марказидаги юздан ортиқ дарахтлар кесилди. Чирчиқликларнинг айтишича¸ бунга шаҳар ҳокимининг ободонлаштириш ҳақидаги қарори сабаб бўлган. Саноат шаҳри бўлган Чирчиқда тоза ҳавога катта эҳтиёж сезаётган шаҳарликлардан айримлари Озодликка бу қарордан норозиликларини билдирди.


Чирчиқ шаҳрининг марказий Навоий кўчасидаги юзлаб чинор, арча ва қайрағочлар бир четдан кесила бошлади. Чирчиқ шаҳрида яшовчи Умидахоннинг айтишича, шаҳарнинг энг гўзал масканларидан бири бўлган Алишер Навоий кўчаси шу кунда яйдоқ бўлиб қолди:

- Дарахтлар кўп эди. Мен учун дарахтларнинг тургани яхши эди. Барибир соя-салқин яхши эди. Энди дабдала бўлиб қолибди. Бугун тушган эдик бизлар бозорга болаларим билан. Болаларимга ëқмади. Ўзи ҳеч кимга ëқмаяпти. Дарахтларнинг тургани яхши эди. Биз янгисини экса керак деб ўйладик. Иложи бўлса¸ энди сизлар айтинглар. Журналистсизларку. Айтинглар¸ ўрнига янгисини экишсин, дейди чирчиқлик Умидахон.

Алишер Навоий кўчасида яшовчи Маҳмуд аканинг сўзларига кўра, у ҳали бундай дарахтлар қирғинини ҳаётида кўрмаган. Унинг айтишича, бу дарахтлар ўрни кўкаламзорлаштирилиб, гул экиларкан. Бироқ, дейди у, иқлими жуда иссиқ бўлган Ўзбекистон учун гулдан кўра, дарахтларнинг фойдаси кўпроқ эди:

-Ўтиб кўрдим ҳозир кесиб ëтибди рабочийлари. Кўп эди. Гул экар эмиш. Ўзбекистонга дарахт керак деяпти¸ гул керак эмас. Соя керакку. Офтоб 50 даражага бораяптику. Асфалтда 60 дан ошиб кетади. Дарахт керак¸ соя керак. Одамлар норози бўлаяпти. Дарахт бўлмаса¸ гул соя берадими? Соя бермайди у. Бу йил роса иссиқ келдику. Мана ҳозир ҳам иссиқ. Мана катта шаҳарларда дарахт йўқ. одамлар қандай юради? Чирчиқ шундай зелений город. Дарахтни эса йўқ қилишаяпти. Кимгадир дарахт керак бўлган. Мен шундай деб ўйлайман¸ дейди чирчиқлик Маҳмуджон.

Шу шаҳарда яшовчи Маргаританинг айтишича, бу дарахтлар бундан 30 йил олдин ўтқазилган эди. Улар шу дарахтлар билан бирга катта бўлди, шу дарахтлар соясида болалиги ўтди, бугунги ҳолат эса ваҳшийликдан бошқа нарса эмас:

-Бизнинг шаҳримизда кимёвий корхоналар кўп. Мен ҳар бир дарахт учун курашиш керак¸ деб ўйлайман. Мен фарзандларимнинг тоза ҳаво олиб улғайишларини истардим. Ҳозир 30 йиллик дарахтларнинг қулаётганига қарашнинг ўзи жуда азоб, жуда оғриқли. Биз бу дарахтларнинг катта бўлаётганини кўриб қанчалик хурсанд бўлганимизни тасаввур қиласизми?

Энди эса дарахтларга нисбатан ваҳшийлик содир бўляпти. Мен тушунаман, гуллар чиройли, гуллар гўзал. Лекин гуллар кислород бермайди. Кислородни дарахтлар беради. Шаҳар ҳокимининг бошига бу хаёл қаердан келди, мен билмайман, дейди Маргарита.

Озодлик радиоси Чирчиқ шаҳар ҳокимияти билан боғланиб, дарахтлар кесилишининг сабабларини суриштирди. Қабулхонадан ҳокимликнинг коммунал бўлимига йўналтирилган Озодлик мухбири саволларига бу бўлимда жавоб берадиган одам топилмади.

2009 йилнинг ноябр ойида Тошкентнинг Амир Темур хиëбонидаги юз йиллик чинорлар кесиб ташланган эди. Буни расмийлар шаҳарни ободонлаштириш учун қилинганини таъкидлаган эдилар. Бироқ норасмий манбалар¸ қадим дарахтларнинг Ислом Каримов хавфсизлигига таҳдид деб кўрилгани боис¸ қирғин қилинганини айтган эдилар.

Шу йилнинг январ ойида Самарқанд шаҳри кўчалари ва паркидаги 80 йиллик чинорлар кесилган ва шаҳар ҳокиму тўралари бу ҳаракатлари учун яна халққа бирор изоҳ бермаган эди.
XS
SM
MD
LG