Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:33

Чиқиндилар мўмайгина даромад манбайига айланиши мумкин...


Ҳукумат эътибори кучайса, қайта ишланмай қолиб кетаётган чиқиндилар ҳам фойда келтириши мумкин, дейди тадбиркорлар.
Ҳукумат эътибори кучайса, қайта ишланмай қолиб кетаётган чиқиндилар ҳам фойда келтириши мумкин, дейди тадбиркорлар.

Ўзбекистонда 2 миллиард тонна саноат ва маиший чиқиндилар тўпланиб қолган. 12.uz ахборот порталига кўра, бу чиқиндиларнинг катта қисми қайта ишланмай, атроф-муҳитга жиддий зарар етказмоқда. Хусусий тадбиркорлар эса, ҳукумат имкон берса, бу муаммони ҳал қилиш қийин эмас, демоқда.


Ўзбекистонда йилига 100 миллион тоннадан ортиқ чиқинди пайдо бўлади. Унинг 14 фоиздан ортиқроғини заҳарли чиқиндилар ташкил этади. Мамлакат бўйича пайдо бўладиган чиқиндиларнинг атиги 0,2 фоизи ишлаб чиқариш корхоналарига қайта ишланган хом ашё кўринишида қайтиб келади.

Буҳақда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва таббий ресурслардан фойдаланиш миллий ҳисоботи” ҳамда турли вазирликлар ва ташкилотларга асосланиб, 12.uz ахборот портали маълум қилди.

Ўзбекистонда 2 миллиард тонна қаттиқ саноат ва маиший чиқиндилар тўпланиб қолгани ва у атроф муҳитга тахдид солиш баробарида қишлоқ хўжалик майдонларини ҳам эгаллаб турибди, дейилади мақолада. Бундан ташқари, Ўзбекистонда рангли ва қора металлургия соҳаларида ҳам йилига 300 минг тонна шлак кўринишидаги саноат чиқиндилари пайдо бўлмоқда.

Эколог олимлар қайта ишланмай қаровсиз қолган чиқиндилар табиий ходисалар таъсирида экологик вазиятни оғирлаштириши ва одамлар саломатлигига таҳдидни кучайтириши мумкинлиги борасида хавотир билдириб келмоқда.

Ўзбекистон экологик ҳаракати атроф муҳит муҳофазаси ва тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган нодавлат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғуллананди. Ташкилот вакилининг айтишича, Экоҳаракат чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш борасида қатор лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.

- Тошкент шаҳар бўйича йилига 750 минг тонна маиший чиқиндилар чиқади. Бу дегани бир райондан кунига ўртача 20-25 тонна чиқинди чиқади. Экоҳаракат томонидан Германия техник маркази билан ҳамкорликда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича завод қуриш лойиҳасини амалга оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Худо хоҳласа, агар шу проектимиз амалга ошса¸ Тошкент шаҳри бўйича маиший чиқинди муаммоси ҳал бўлади. Тўғри¸ лойиҳа жуда катта. Бунинг ҳали техник томонлари бор. Кейинчалик бу лойиҳани республика бўйича тадбиқ этиш ниятидамиз, дейди ўз исмини айтмасликни сўраган Экоҳаракат мутахассиси.

Унга кўра, ҳозир Ўзбекистонда қатор ташкилотлар, жумладан, “Махсустранс” ташкилоти ҳам чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шунга қарамай, бу соҳадаги энг катта муаммо маблағ етишмаслиги бўлиб қолмоқда.

- Умуман республиканинг ўзи ўтиш даврида¸ МДҲ мамлакатларида бу нарса бор¸ кўп нарса молияга келиб тақалади. Катта-катта шаҳарларда маиший чиқиндиларнинг проблемаси жуда юқори, дейди Экоҳаракат вакили.

Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида хусусий тадбиркорлик билан шуғулланган Баҳромнинг Озодликка айтишича, у бир йил давомида ўз даромадининг катта қисмини йўқотганидан кейин фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

- Хусусий тадбиркор бўлиб ишлаган эдим. Хусусий тадбиркорликни ëпганман мен. Шиша бутилкаларни қайта ишлаб¸ ювиб экспорт қилганман. Тугатишимга сабаб, биринчидан, ҳисоб рақамига келиб тушадиган валютний виручка бору¸ ўшани давлатга албатта сотиш тартиби бор эди, 50 фоиз. 50 фоиз давлатга бўлгандан кейин¸ қўпол қилиб гапирганда фойданинг ярмини давлатга бериб юборган бўламан. Ўша пайтда мен 2-3 миллион сўм пул йўқотдим, дейди ўзбекистонлик тадбиркор.

Баҳромга кўра, Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш учун бу соҳада ишлайдиган тадбиркорларга давлат томонидан шароитлар яратилиши лозим.

- Муаммо масаласи¸ биринчидан жой ажратиб бериш. Жойни ҳал қилиш жуда қийин. Мисол учун ижарага олса, ҳам жуда қиммат. Айниқса, Тошкентда жуда қиммат. Кичкина 10 га 10 дўконни ҳам фалон доллар, деб ижарага олишади. Давлат махсус жойлар тайëрлаб¸ энг ҳамëнбоп нархлар қилиб шароит яратиб бериши керак менимча. Биринчидан¸ нақд пул маблағларини таъминлаб бериши керак. Иккиламчи, тадбиркор маҳсулотни қайта ишлаш учун уни одамлардан сотиб олиши учун банклар уларни нақд пул билан таъминлаб туриши керак. Келдими¸ ҳисоб рақамида пул борми¸ ўша ҳисоб рақамдаги нақд пулни бериб мижозлар билан ишлашимизга имконият яратиш керак, дейди тадбиркор Баҳром.

Мавжуд муаммо ва қийинчиликларга қарамай, Экоҳаракат вакили чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаси истиқболларига ишонади.

- Ҳозирнинг ўзида қайта ишлайдиган цехлар кўп. У қоғоз бўладими¸ полиэтилен бўладими¸ бошқа бўладими. Мана Дойчкабел деган ташкилот бор. У ҳам полиэтилен, баклашкалар бўйича, синтетик иплар ишлаб чиқарадиган цехини очиб ишга туширди. Ҳажми жуда катта. 25 минг тоннагача ип ишлаб чиқаради. Мен Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишловчи соҳанинг келажаги порлоқ деб ҳисоблайман, дейди Экоҳаракат вакили.

Тадбиркор Баҳром агар чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига давлат томонидан эътибор кучайса ва сармоя ётқизилса, бу катта даромад келтирадиган соҳага айланиши мумкин, деган фикрда.

- Менимча¸ ҳозирча бу нарсага жуда катта эътибор берилмаяпти. Ғарб давлатларида масалан менинг машинам эскириб қолган бўлса¸ фалон пул тўлаб свалкага машинамни топширишим мумкин. Ёки эскириб қолган телевизор¸ эскириб қолган мебелни. Энди у ерда цивилизация. Бу нарса бизларда ҳали йўлга қўйилмаган. Бу нарсанинг кетига тушса, одамлар катта пул қилиши мумкин. , дейди ўзбекистонлик тадбиркор.
XS
SM
MD
LG