Линклар

logo-print

Ўтунбаева қирғиз милицияси жиноятини тан олди


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева июн ойида Ўш вилоятида амалга оширилган ҳужумлар чоғида Қирғизистон хавфсизлик кучларининг маҳаллий ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилганини расман тан олди.

"Ассошиэйтэд пресс" агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида Ўтунбаева бир неча ҳолатга ҳам тўхталиб, хусусан, Ўш шаҳри яқинидаги Наримон қишлоғида июн ойида ўтказилган "зачистка" чоғида қирғиз милициясининг ўзбек миллатига мансуб икки шахсни отиб ўлдирганини тан олди.

Ўш ва Жалолободдан олинаётган хабарларга қараганда, қирғиз милицияси ва ҳарбийлари ўзбекларни ҳануз ноқонуний ҳибсга олмоқда, ҳибсдан озод қилиш эвазига катта миқдорда пул талаб қилмоқда, кўча-кўйда ҳақорат қилмоқда ёки оддий қирғизларнинг ўзбекларни таҳқирлашига бефарқ қарамоқда.

Қирғизистон расмийларига кўра, Ўш ва Жалолобод вилоятларида рўй берган тартибсизликлар оқибатида 350 киши нобуд бўлган, 2000 нафардан ортиқ киши тан жароҳати олган.

Бироқ мустақил манбалар Қирғизистон жанубидаги хунрезлик қурбонлари сони 2000 нафардан ортиқ бўлганини, қурбонларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбеклар эканлигини таъкидлаб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG