Линклар

logo-print

Ислом Каримов Медведевга сим қоқди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 5 август куни россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев билан телефон мулоқоти ўтказди.

Кремл матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ Каримов ташаббуси билан ўтказилган ушбу мулоқот чоғида Россияда давом этаётган ўрмон ёнғинларини бартараф этиш масалалари ва Қирғизистондаги вазият муҳокама қилинган.

Айтилишича¸ Каримов суҳбат чоғида Россияда давом этаётган ўрмон ёнғинлари тўғрисидаги хабарларнинг Ўзбекистонда катта хавотир билан қабул қилинаётганини таъкидлаб, Россия ҳукумати томонидан кўрилаётган чораларнинг тез орада самара беришига катта умид билдирган. Айни пайтда¸ Каримов ўрмон ёнғинларини бартараф этишда Ўзбекистоннинг Россияга ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

Қирғизистон масаласига тўхталган президентлар у ерда рўй берган қонли тўқнашувлар оқибатларини бартараф этишда расмий Тошкент ва Москва ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликка юқори баҳо берганлар.

Президентлар, шунингдек минтақада барқарорликни сақлаб қолиш йўлида келажакда ҳам ушбу йўналишда қилинаётган ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштиришга келишиб олдилар, деди Озодлик билан суҳбатда Кремл матбуот хизмати вакили.
XS
SM
MD
LG