Линклар

Қирғизистоннинг АҚШдаги Муваққат вакили Арслан Анарбаев Озодлик билан суҳбатда мамлакат жанубида рўй берган миллий асосдаги зўравонликлардан сўнг Қирғизистонда миллатлараро тотувликни қарор топтириш бир неча ўн йилликларга чўзилиши ва муваққат ҳукумат вазиятни 100 фоиз назорат қила олмаëтганини тан олди.



- Бу жараён анча вақт, балки бир неча ўн йил давом этиши мумкин. Лекин, бир нарсани биламизки, биз бу жараённи ҳозирдан бошлашимиз керак. Бунинг учун июн ойидаги даҳшатли ҳодисалардан азият чеккан аҳолига ёрдамлар бериш, озиқ-овқат, дори-дармон ва уйларини қишдан олдин тиклаб олишлари учун керакли қурилиш материалларини етказиб беришимиз лозим, деди Арслан Анарбаев.

Қирғизистонда апрел ойидаги давлат тўнтаришидан сўнг муваққат ҳукумат томонидан мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонасига раҳбар этиб тайинланган Анарбаев Аскар Акаев президентлиги даврида ҳам¸ Қурмонбек Бакиев раҳбарлиги даврида ҳам ҳукумат лавозимларида ишлаган.

"Ҳозир Қирғизистондаги Роза Ўтунбаева бошлиқ янги ҳукумат июн ойидаги қонли ҳодисалардан сўнг мамлакат жанубини тўлиқ назорат қиляптими?" деган саволга жавоб бера туриб Арслан Анарбаев бу ҳақда кейинги кунларда кучайган хавотирларни тасдиқлади .

- Яхши савол. Бу саволга ҳукуматимиз мамлакат жанубини 100 фоиз назорат қиляпти деб, дадил жавоб бера олмайман. Лекин, муваққат ҳукумат вазиятни назорат остига олиш учун бор имкониятни сафарбар этмоқда, деди қирғиз дипломати.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Арслан Анарбаев Қирғизистон-АҚШ алоқаларига тўхталар экан, Вашингтон билан ҳамкорлик Бишкек ҳукумати учун устивор вазифалардан бири эканини таъкидлади.

- Апрел ойидаги ҳодисалардан сўнг Қирғизистон ҳукуматида ўзгаришлар рўй берди, лекин АҚШ-Қирғизистон алоқалари унчалик ўзгаргани йўқ. Қирғизистон АҚШ билан эришилган келишувлар доирасида олган мажбуриятларига амал қилмоқда ва бу келишувлардан воз кечмоқчи эмас. Ва ўйлайманки, АҚШ ҳам Қирғизистонни минтақавий хавфсизлик ва Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларида ўзининг ҳамкори ва иттифоқчиси деб билади, деди Қирғизистоннинг АҚШдаги Муваққат вакили Арслан Анарбаев.

Қирғизистонда ҳам Россиянинг¸ ҳам АҚШнинг ҳарбий базаси бор. Қирғизистондаги апрел ойидаги ҳукумат тўнтариши ва июн ойидаги тартибсизликлардан сўнг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун муҳим бўлган Бишкекдаги АҚШнинг Манас ҳарбий базаси келажаги борасида саволлар ўртага чиққан эди. Озодлик билан суҳбатда қирғиз дипломати Бишкекнинг Манас бўйича келишувни қайта кўриб чиқиш режалари йўқлигига шама қилди.

- Мен аминманки, Россиянинг ва айни пайтда АҚШнинг Қирғизистондаги ҳарбий ҳозирлиги бир-бирига халақит қилмайди. Бу ҳарбий бўлинмалар ўз вазифасини бажаради¸ холос. АҚШ томони билан Манас базаси бўйича икки томонлама шартномамиз бор. Айнан шу шартномада айтилганки, томонлардан бири шартномани олти ой олдин огоҳлантириш орқали тўхтатиши мумкин. Бошқа томондан агар Афғонистонда вазият яхшиланса¸ АҚШ базасига бу ерда ҳожат қолмайди. Шунингдек, Россия базаси тақдири масаласини муҳокама қилиш вақти соати ҳам келади. Бу минтақада вазият қандай бўлишига боғлиқ. Агар вазият ёмонлашадиган бўлса¸ Россия ҳозирлиги масаласи долзарблигини йўқотмайди, деди қирғиз дипломати.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG