Линклар

Украинада фош этилган жиноий халқа занжири Ўзбекистондан изланади


Ўзбекистонликлар тана аъзоларини операция қилиб олиш амалиëти Киевдаги миллий жарроҳлик институтида амалга оширилган.

Ўзбекистонликлар тана аъзоларини операция қилиб олиш амалиëти Киевдаги миллий жарроҳлик институтида амалга оширилган.

Украина хавфсизлик кучлари “қора трансплантологлар” номини олган одам тана аъзолари савдоси билан шуғулланган халқаро жиноий гуруҳ фаолиятини фош этди. Бу гуруҳнинг украиналик жарроҳлари¸ асосан ўзбекистонлик аёллар тана аъзоларини олиб сотиш билан шуғулланган.


Украина Ички ишлар вазирлиги ходимлари Давлат чегара хизмати ёрдамида одам аъзолари савдоси билан шуғулланаётган жиноий гуруҳнинг айрим аъзоларини қўлга олди.

Бу ҳақда Киевда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берган вазирликнинг Кибержиноятлар ва одам савдосига қарши кураш департаменти бошлиғи Юрий Кучер, мазкур жиноий тўда ўз фаолиятини бир неча мамлакат, хусусан Ўзбекистонда ҳам амалга оширганини билдирди:

- Тузилган схемага кўра, жиноий гуруҳга Шалимов институти хирургларидан тўрт нафарининг алоқадор эканлиги аниқланди. Мен¸ шифокор деб аташга тилим бормаётган шахслар ҳақида маълумот бермоқчиман. Улардан бирининг уйида ўтказилган тинтувда нақд 200 минг АҚШ доллари ва депозитда яна 300 минг доллар топилди. Мен Киев атрофида уларга тегишли ҳашаматли қасрлар, машиналар ва ҳоказолар ҳақида гапирмаяпман. Жиноятчилар уч йил давомида Исроил фуқароси бошчилигида Украина, Россия, Молдова, Белорус ва Ўзбекистондаги одамлар, асосан 18 дан 25 ёшгача бўлган соғлом аёлларни алдаб¸ уларни Озарбайжон ва Эквадорга олиб ўтган, деди Украина Ички ишлар вазирлиги қошидаги Кибержиноятлар ва одам савдосига қарши кураш департаменти бошлиғи Юрий Кучер.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу мамлакатларда одамларнинг тана аъзолари украиналик хирурглар ёрдамида операция қилиб олинган ва Исроилдаги бадавлат донорларга сотиш учун олиб ўтилган. Бу иш билан шуғулланиб келган жиноий синдикат йиллик даромадинигн 18 миллион доллар экани тахмин қилинмоқда. Украина Ички ишлар вазирлиги ҳисоб-китобича¸ Киевда ўтказилаëтган жарроҳлик амалиëти давомида қўлга олинган бу гуруҳ ҳозирда қадар камида 40 миллион доллар атрофида соф даромад орттирган.

Мазкур жиноий гуруҳ устидан олиб борилаётган тергов тафсилотларини аниқлаш мақсадида қилган қўнғироғимизга жавоб берган Украина Ички ишлар вазирлигининг Одам савдосига қарши кураш департаменти ходими қўйидагиларни маълум қилди:

- Дастлаб бу маълумотларни биз Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизга тақдим этишимиз керак. Ҳа, жарбдийда донорлар ҳақида бизда тўлиқ маълумот йиғилган, уларнинг барчаси¸ аниқроғи 50 нафари ҳам тирик. Тергов тугаганидан кейин ҳам маълум сабабларга кўра улар кимлиги ошкора этилмайди. Айтишим мумкинки, бу жиноий гуруҳ таркибига 12 нафар турли мамлакат фуқаролари кирган. Уларнинг Ўзбекистонда ҳам ўз вакили бўлган. Бугунги кунда жиноятчилардан 4 нафари қўлга олинди, дейди Украина Ички ишлар вазирлиги қошидаги Кибержиноятлар ва одам савдосига қарши кураш департаменти оператив ходими.

Олинган хабарларга кўра, мазкур ҳодиса юзасидан Украина Жиноят Кодексининг 149-моддаси 2-банди (одам савдоси) бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистонда одам тана аъзоларини хориждаги донорларга контрабанда қилувчи жиноий гуруҳларнинг борлиги¸ Бухорони титратган "одамхўр қораевлар иши"дан сўнг маълум бўлган эди.

Бундан ўн йил олдин, 2000 йилда Бухородаги ахлатхоналардан бирида одам танаси қолдиқлари топилган ва бу топилма кўп ўтмай бутун Ўзбекистонни ларзага солган туркум қотилликларнинг очилишига сабаб бўлган эди.

Оила бошлиғи¸ асли озарий бўлган Фируддин Қораев Бухоро Озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтида декан лавозимида ишлаган ва ўнлаб бухоролик йигитларни Жанубий Кореяга ишга юбораман¸ деган баҳона билан ўз уйига олиб келиб¸ уларни сўйиб¸ тана аъзоларини хорижга сотиш билан шуғулланган. Тергов давомида Қораев ўзи ишлаган институт биносининг юқори қаватидан ўзини ташлаб жонига қасд қилган эди.

Кейинчалик¸ кўлами камайтирилиб¸ тафсилотлари жамоатчиликдан бекитилган бу воқеа¸ Ўзбекистонда одам танаси аъзоларини хорижга сотиш билан шуғулланувчи гуруҳлар борлиги ҳақида ошкор бўлган¸ ҳозирча ягона воқеа бўлиб қолмоқда.

Украина Ички ишлар вазирлиги Тошкентга йўллайдиган маълумотнинг¸ Киевда фош этилган жиноий тўданинг Ўзбекистондаги халқаларига қанчалик ойдинлик киритиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG