Линклар

logo-print

Тожикистон ўзбек гази бўйича қарзидан қутулди

  • Гулнора Равшан

“Тожиктрансгаз” расмийлари саноат корхоналари билан бир қаторда аҳоли ҳам табиий газ билан тўла таъминланиб турганини маълум қилишган эса-да, душанбелик истеъмолчилар табиий газ таъминотидан узилиб қолганидан шикоят қилмоқдалар.

“Тожиктрансгаз” расмийлари саноат корхоналари билан бир қаторда аҳоли ҳам табиий газ билан тўла таъминланиб турганини маълум қилишган эса-да, душанбелик истеъмолчилар табиий газ таъминотидан узилиб қолганидан шикоят қилмоқдалар.

Тожикистон Ўзбекистон олдидаги табиий газдан бўлган 1 миллион долларлик қарзини узгани ҳақида “Тожиктрансгаз” давлат унитар корхонаси раиси Саидаҳмад Шарофиддинов маълум қилди.

Унга кўра, айни пайтда “Ўзтрансгаз” ширкати соатига 26 минг кубометр табий газ узатиб турибди.

- Шундан 20 минг кубометри мамлакат жанубига ва яна 6 минг кубометри эса мамлакатимиз шимолий қисмига тақсимланиб берилмоқда, дея маълум қилди “Тожиктрансгаз” ширкат раиси Шарофиддинов Озодликка берган интервюсида.

Расмийнинг айтишича, ўзбек газидан мамлакатнинг “Тожикцемент”, ”Тожиказот” каби саноат корхоналари билан бирга газнинг асосий истеъмолчилари саналган душанбеликлар ҳам тўла фойдаланмоқдалар.

Бироқ душанбеликлар билан суҳбатларимизда улар ўзларига газ узатилаётганини инкор қилдилар. Шаҳар аҳолисининг каттагина қисми, қарийб олти ойдирки, табиий газ таъминотидан узилиб қолганидан шикоят қилмоқдалар.

- Йўқ, бизнинг газимиз йўқ. Газ бўлса иш осонроқ бўлар эди. Ўтин, кўмир йўқ. Свет кўп кетаяпти, қийин, харажат кўп бўлаяпти, деди Душанбе шаҳрининг Федина кўчасидаги уйларнинг бирида истиқомат қилаётган Сарвар ая.

Суҳбатдошимиз табиий газ танқислиги боис фойдаланган электр қувватига аввалги 70 сомоний (16 АҚШ доллари - таҳр.) ўрнига эндиликда 180 сомоний ёки тахминан 45 доллар тўлаётганидан норозилик билдирди.

Айрим норасмий манбаларга кўра, иқтидордаги ҳукумат мулозимлари аҳолига кўпроқ электр сотиш мақсадида аҳолини газ таъминотидан атайлаб узиб қўяяпти.

Соҳа бўйича таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистонда ёз мавсумида керагидан кўпроқ электри қуввати ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергетика тизимидан чиқиб кетганидан сўнг ортиқча электрини ташқарига экспорт қилиш имконини қўлдан берган Тожикистон ҳукумати уни аҳолига пуллашдан бошқа чора йўқ.

Аммо “Тожиктрансгаз” ширкат раиси Шарофиддинов бу фикрлар ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини таъкидлар экан, табиий газ таъминотидан узилиб қолган душанбеликларнинг аксарияти газ пулидан қарздор бўлиб қолган оилалар эканини маълум қилди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўз табиий газига эга бўлмаган Тожикистон мана анча йилдирки мамлакат аҳолиси ва саноат корхоналари эҳтиёжи учун табиий газни Ўзбекистондан сотиб олади.

2007 йил сўнгига қадар Тожикистон Ўзбекистондан қарийб 1 миллиард кубометр табиий газ импорт қилиб келган эди.

2008 йил Ўзбекистон табиий газ нархини икки бараварга оширганидан сўнг Тожикистон 500 миллион кубометр табиий газ сотиб олиш борасида шартнома имзолади. Аммо ҳисобсиз қарзи туфайли 2009 йил шу миқдор газдан атиги 220 миллион кубометрини импорт қилолди, холос.

Жорий йилда эса Тожикистон Ўзбекистондан 220 миллион куб газ сотиб олиш бўйича шартнома тузди. Айни ҳужжатга кўра, Тожикистон йил бошидан буён ҳар минг куб метр табиий газ учун 240 АҚШ доллари тўлаётган эди.

“Тожиктрансгаз” расмийси Шарофиддиновнинг билдиришича, 1 июлдан бошлаб Ўзбекистондан харид қилинадиган газ нархи 10 АҚШ долларига ошган ва эндиликда ҳар минг куб табиий газ баҳоси 250 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Ўзбекистон томони ўз газининг қийматини жаҳон бозоридаги нархлар асосида белгилаб келаётгани Тожикистон ҳукуматини ўз табиий газ заҳираларини ўзлаштириш борасида бош қотиришга мажбурлаётгани кузатилади.

“Тожикгеология” идораси ўтказган қатор тадқиқотлар натижасида Тожикистонда 800 миллиард кубометр газ заҳиралари мавжудлиги аниқланган ва бу заҳиранинг 80 миллиард кубометри Душанбе шаҳри яқинидаги Сариқамиш ва Шоҳамбари ҳудудларидадир.

Айни пайтда бу ҳудуддаги газ конида бурғулаш ишларига киришган россиялик мутахассислар, агар бу миқдор газ заҳиралари ўзлаштирилса, Тожикистонни Ўзбекистон газига қарамликдан қутқариш мумкинлигини айтиб келмоқдалар.

Аммо бундан бир йил аввал газ заҳираларини ўзлаштиришга бел боғлаган Россиянинг “Газпром зарубежнефтгаз” ширкати ҳозирча мақтанса арзигулик натижаларга эришолмаган.

Табиий газ таъминоти муаммоси эса тожикистонликлар учун ҳануз “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG