Линклар

Қозоғистон қамоқхоналарида ўз жонига қасд қилиш авж олмоқда


Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакат қамоқҳоналаридаги маҳбуслар у ердаги шароитга норозилик ўлароқ ўз қоринларини тилиб юборганлар.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакат қамоқҳоналаридаги маҳбуслар у ердаги шароитга норозилик ўлароқ ўз қоринларини тилиб юборганлар.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари маҳбуслар ўртасида худкушлик ва исён кўтариш шаклидаги оммавий норозилик тадбирларига Қозоғистон қамоқхоналаридаги аёвсиз қийноқлар сабаб бўлганини таъкидлашмоқда.

Август ойи бошида Олмаотадаги 1-тергов ҳибсхонасида ўнга яқин маҳбус пичоқ билан ўз қорнини ёриб ташлагани маълум бўлди. Шундан кейин мазкур ҳибсхонада сақланаётганлар исён кўтардилар.

Аввалига ҳибсхона маъмурияти бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини, кейинроқ эса тергов изоляторида атиги икки киши ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини очиқлади. Аммо журналистлар саволига жавоб берган Олмаота шаҳри ва вилояти бўйича жиноят-ижроия тизими қўмитаси бошлиқ муовини Ирина Якупова пировардида тергов ҳибсхонасида чиндан ҳам олти киши қорнини пичоқ билан тилиб ташлагани, шундан сўнг оммавий исён бошланиб кетганини тан олди.

- Исён кўтарганлар май ойида ҳам тергов ҳибсхонасида тартибсизликлар уюштирган кишилар бўлиб, улар жиноят оламига мансуб маҳбуслардир, - дея изоҳлади мазкур воқеани Ирина Якупова.

Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида бўлиб ўтган исёндан аввалроқ Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарнинг бирида ҳам худди шундай ҳолат рўй берганди.

Кузатувчилар мамлакат қамоқхоналарида маҳбусларнинг ўз жонига қасд қилиши, оммавий исён кўтариш ҳолатлари сўнгги икки йил ичида авжига чиққанини таъкидлашмоқда.

Олмаота тергов ҳибсхонасида қорнини тилиб ташлаган Руслан Ибрагимовнинг онаси Наталя Ибрагимова ўғлининг сохта айблов билан 11 йилга судлангани, аммо ҳибсхонада ярим йил сақлангач, у ердаги ваҳшиёна қийноқларга чидай олмай, ноилож ана шундай ишга қўл урганини айтади.

- У ерда маҳбусларнинг бошларига халта кийдириб, уришар экан. Шунақа ишдан кейин ҳар қандай қоғозга қўл қўйиб бераверасан-да одам, - дейди маҳбуснинг онаси.

Ҳозирда колонияда сақланаётган қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Евгений Жовтис эса Қозоғистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг оммавий исён кўтариши, ўз жонига қасд қилишига мамлакатда беш йилдан бери эълон қилинмаган амнистия ва қамоқхоналарга маҳбус сиғмай кетгани билан изоҳлайди. У қозоқ қамоқхоналарида шароит ўта ночор эканига ҳам эътибор қаратади.

- Бундан ташқари, маҳбуслар норозилигига улар ҳақ-ҳуқуқининг бузилиши, сиз эшитган ва кўплаб оммавий ахборот воситалари ёритаётган дўппослашлар ва қийноқлар сабаб бўлмоқда, - дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Евгений Жовтис.

Аввалроқ қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат қамоқхоналарида кўпроқ диндор маҳбуслар аёвсиз қийноқлар остида қолаётганини таъкидлашганди. Озодлик радиоси орқали ҳам Орқалиқ шаҳридаги қамоқхоналарнинг бирида аёвсиз қийноқларга солинган диндор Азамат Каримбоев ва бошқа мусулмон маҳбусларнинг ўлими ҳақида аввалроқ хабар қилгандик. Гарчи маҳбусларнинг яқинлари бу диндорлар жасадларида аёвсиз қийноқ излари бўлганлигини эътироф этсалар-да, қозоқ расмийлари бу диндорлар қамоқда ўз жонига қасд қилганларини таъкидлаб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG