Линклар

Ўшлик депутат Дилшод Мўминов иши судга оширилди


Ўшдаги июн воқеалари чоғида шаҳардаги ўзбекларга қарашли кўплаб дўкон ва ошхоналар қаторида депутат Дилшод Мўминовга қарашли икки кафе ҳам ёқиб юборилганди.

Ўшдаги июн воқеалари чоғида шаҳардаги ўзбекларга қарашли кўплаб дўкон ва ошхоналар қаторида депутат Дилшод Мўминовга қарашли икки кафе ҳам ёқиб юборилганди.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминовнинг иши судга оширилгани ҳақида унинг ҳимоячиси Татьяна Томина хабар берди. 13 июлдан буён ҳибсда сақланаётган депутат Мўминов оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланмоқда.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминовнинг ҳимоячиси Татьяна Томинага кўра, 5 август куни тергов ишлари тугатилган.

- Иш прокуратурага оширилган, кейин судга юборилади. Умуман олганда, ҳаммаси қонун доирасида бўлди. Фақат уни содир этмаган жиноятларда айблаётганликлари ғалати. Менинг ҳимоям остидаги Дилшод Мўминов бирор айбни бўйнига олмади. Гарчи унинг бўйнига бир қанча айб қўйишга ҳаракат қилишмасин, ишонарли далиллар тергов жараёнида кўрсатилмади, дейди Татьяна Томина.

Депутат ҳимоячиси Дилшод Мўминовга қийноқлар қўлланилмаганлигини айтди, бироқ унга нисбатан айбини бўйнига олиши учун босим бўлганлигини таъкидлади.

Дилшод Мўминовга дастлаб қуролланган гуруҳни ташкил этганликда айблов қўйилган. Кейинчалик, унинг адвокатига кўра, Дилшод Мўминовни оммавий тартибсизликларда қатнашганликда айблашган. Шунингдек, ов милтиғини сақлашда лоқайд бўлганликда айб қўйилган. Аммо, адвокатнинг айтишича, бу айбловларнинг бирортаси исботланмаган. Ҳимоячи Дилшод Мўминовни гаров эвазига озод қилишга ҳам ҳаракат қилган.

- Биз ҳаракат қилдик. У касал, қандли диабети бор, юқори қон босими. Биз изоляторга бир неча бор тез тиббий ёрдамни чақирдик. Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ходимлари келиб, унинг аҳволини кўришди. Аммо ҳамма мурожаатларим натижасиз бўлди. Энг охирида ҳатто Ўш вилоят комендантига мурожаат қилдим. Бироқ бу хам натижа бермади. Комендант ёрдам беришини айтган эди, аммо шу пайтгача уч кун ўтди - ёрдамдан дарак йўқ. “У тирик қолади, ўлмайди” дейишади, дейди ҳибсда сақланаётган Дилшод Мўминовнинг ҳимоячиси.

"Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминовнинг озод этилиши учун ҳуқуқ –тартибот органлари ходимлари пул сўрашдими?" деган саволимизга у шундай жавоб берди:

- Мен қанча пул, ким сўраганини айта олмайман, аммо мен биламанки, шундай бўлиши мумкин. Менда исбот, далил йўқ. Чунки ҳуқуқ-тартибот идоралари менинг ўзимга келиб бундай мурожаат қилишга қўрқишади, деди адвокат Татьяна Томина.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов 1969 йилда туғилган. Ўш шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланган Мўминовнинг “Гулноза” ҳамда “Қашқар” номли кафелари бўлган. Бу иншоотлар Ўш қирғини бошланган пайтда талон-тарож қилиниб, ёқиб юборилган. Ундан ташқари, депутатнинг автомашинаси ҳам ёқиб юборилган.

- 10 июн куни, ўша уруш бошланган пайтда, кечаси соат 12 ларда унинг машинасини ёқиб юборишган, деди Дилшод Мўминовни таниганлардан бири.

Дилшод Мўминов Ўш шаҳар кенгашига Ўн адир (расмий номи Амир Темур) мавзесидан сайланган эди. Ўш қирғини бошланган пайтда ҳам Дилшод Мўминов Ўн адир аҳолиси билан бирга бўлиб, уларга кўмак берган. Ўн адир аҳли Қирғизистон муваққат ҳукумати президенти Роза Ўтунбаевага Дилшод Мўминовни чиқаришда кўмак беришни сўраб, хат ҳам ёзишганлигини ўша ерлик суҳбатдош тасдиқлади:

- “Ёрдам беринг, шу одам ҳалол, пок одам, халқнинг хизматини қилган, халқнинг обрўли, эътиборли одами” деб илтимос қилиб ёзганмиз хатда. Бутун Амир Темурликлар ёзган. 30 минглик элнинг номидан берганмиз хатни. Бизда, бу ерда фақатгина одамларни тинчлантириб юрган. Энди Оллоҳ билади, чиқиб кетади, деган умиддамиз. Чиқиб кетса, яхши бўлади, деди Ўшнинг Ўн адир мавзесида яшовчилардан бири.

Ўш вилоят коменданти матбуот котиби Раҳматилло Аҳмедов депутат Мўминов ҳибсга олиниши бўйича қисқа маълумот берди:

- Унга (Дилшод Мўминовга - таҳр.) нисбатан Қирғизистон Жиноят Кодексининг 229, 233-моддаларига асосан жиноят содир этганликда гумон қилиниб, жиноий иш қўзғатилган, деяди Раҳматилло Аҳмедов.

Бу шу пайтга қадар Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов иши бўйича олинган ягона расмий маълумот. Ўш прокуратураси, Ўш шаҳар ички ишлар бўлими бундан бошқа маълумот беришдан бош тортмоқда.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминов устидан суд жараёни Қорасув туман судида бўлиб ўтиши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG