Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:19

Тошкентда минтақа бош дипломатлари учрашди


Марказий Осиё ва Япония ташқи ишлар вазирлари учрашувига бу гал Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов раислик ва мезбонлик қилмоқда.
Марказий Осиё ва Япония ташқи ишлар вазирлари учрашувига бу гал Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов раислик ва мезбонлик қилмоқда.

Марказий Осиё ва Япония ташқи ишлар вазирлари иштирокида Ўзбекистон пойтахтида ўтаётган учрашувда истиқболли ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақа хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари манфаатларига жавоб берадиган устивор иқтисодий дастурлар каби масалалар муҳокама этилиши режаланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, “Марказий Осиё плюс Япония” диалоги доирасида ўтказилаётган учинчи йиғилишда Ўзбекистон, Япония, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлари ва Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси иштирок этиши режаланган.

“Марказий Осиё плюс Япония” диалогининг биринчи учрашуви 2004 йили Қозоғистонда, иккинчи учрашуви эса 2006 йилда Японияда бўлиб ўтган.

7 август куни ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қанат Саудабаев Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан музокаралар ўтказди.

Қозоғистон ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги алоқалар ривожи ва томониларни қизиқтирган муҳим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Куннинг иккинчи ярмида эса Тошкентда “Марказий Осиё+Япония” форматида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Япония Ташқи ишлар вазирларининг мажлиси ўз ишини бошлади.

Марказий Осиё ва Япония Ташқи ишлар вазирлари ўзаро истиқболли ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақа хавфсизлигини таъминлаш ҳамда минтақа давлатлари манфаатларига жавоб берадиган устивор иқтисодий дастурлар каби масалаларни муҳокама этиши режаланган.

Шу ўринда “Марказий Осиё+Япония” мулоқоти Марказий Осиё давлатлари учун қандай аҳамиятга эга?” деган савол туғилади.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толиповга кўра, “Марказий Осиё+Япония” диалоги 90-йилларда Япония ҳукумати олиб борган “Буюк ипак йўли” стратегиясидан келиб чиққан. Бу стратегия Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорлик, шунингдек, иқтисодий тараққиётни таъминлаш каби мақсадларни кўзлагани боис муҳим аҳамиятга эга.

- “Марказий Осиё плюс Япония” диалоги доирасида Япония бир неча йўналиш бўйича иш олиб боришни кўзлаган. Биринчиси, Марказий Осиё мамлакатлари орасида минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш. Иккинчи йўналиш эса Марказий Осиёда хавфсизлик тизими, барқарорлик, тинчликни мустаҳкамлашга кўмак беришдан иборат. Ниҳоят, муҳим йўналишлардан бири демократик ривожланиш, фаровонликка эришиш, минтақа халқларининг турмуш даражасини кўтаришда кўмаклашиш ҳам кўзда тутилган. Буни умумий мақсадлар десак, амалда жуда кўп лойиҳалар амалга оширилаяпти. Иқтисодий, маориф каби соҳаларга катта сармоялар ётқизиш, маслаҳатлар ва грантлар орқали ҳам Япония Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам бериб турибди, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Фарҳод Толипов фикрича, Япониянинг Марказий Осиё стратегияси жуда муҳим узоқни кўзлаган фойдали стратегия бўлиб унинг доирасида қатор лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

- Минтақавий ҳамкорлик дейилар экан, хусусан, инфратузилма масаласи тушунилади. Мамлакатлар ўртасида автомобил, темир йўллар қурилиши, алоқа тизимларини ўрнатиш жуда муҳим. Чунки мана шу орқали минтақада интеграцияга эришиш мумкин ва ягона бозор яратиш мумкин. Мана шуни Япония марказий осиёликлар учун жуда муҳим мақсад, деб эътироф этган ва шунга кўмак беришни баён қилган. Ҳозирда Япония сармоялари инфратузилма, яъни йўлларни қуриш ва бошқа шу каби лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаяпти. Албатти буни фақат ижобий ва фойдали, деб баҳолашимиз мумкин, дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи.

Айрим тахлилчилар “Марказий Осиё+Япония” диалогига минтақа ва Япония бир хил ёндошмайди, деган фикрда.

Лондондаги Иқтисодиёт институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Матвеева бу фикрга қўшилади.

- Томонлар бу мулоқотга турлича ёндошади. Чунки Япония бу диалогга умумий минтақавий жараён сифатида ёндошади, дейлик, Япония-Ўзбекистон икки томонлама муносабатлари сифатида ёндошмайди. Япония нуқтаи назаридан минтақавий лойиҳаларда қатнашса, Ўзбекистон кўпроқ манфаат кўради. Энергетика, инфратузилма, чегараларни очиш ва ҳаказолар шулар жумласидандир. Бироқ Ўзбекистон бошқа йўналишда ҳаракат қилмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимидан чиқди. Қўшни республика билан чегара ёпилди. Менимча, ҳозир очилган. Шу боис томонлар диалогга турлича ёндошмоқда. Бу диалог Япония учун Ўзбекистонни қўшни давлатларга қанчалар очиқ бўлса, шунча кўп манфаат кўриши ҳақида ишонтиришга уринишдан иборат, дейди британиялик таҳлилчи.

Хўш, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан Япония қандай манфаат кўради? Бу борада мутахассислар турли фикрда.

Фарҳод Толиповга кўра, Япония аввало халқаро миқёсда муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш орқали ўз хавфсизлигини таъминлаш сиёсатини олиб бормоқда.

- Япониянинг ташқи сиёсати ҳозирда қайта кўриб чиқиляпти. Буни “масъулиятли пацифизм” дейилади. Бу махсус термин. Унга кўра, қисқа қилиб гапирганда, масъулиятли пацифизм – Япония хавфдан ҳоли, агар атрофдаги бошқа давлатлар ва умуман халқаро ҳамжамият хавфсиз бўлса, деган ғояни ўзида мужассамлантирган. Япония фақат ўз чегараларида қолиб, ўзини ҳимоя қилиши тор ёндошув. Энди Японияда “қаерда халқаро хавфсизликка таҳдидлар бўлса, иложи борича, ўша ерга ҳам ёрдам бериш керак, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш керак ва шу орқали Япониянинг хавфсизлиги мустаҳкамланади”, деган ақида бор. Мана шундай тамойил уларнинг ташқи сиёсатига киритилган, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Анна Матвеева эса Япониянинг фаоллигини Марказий Осиё учун дунёнинг етакчи давлатлари, жумладан, Хитой билан рақобат, шунингдек, Қирғизистондаги қонли воқеалардан кейин минтақа барқарорлигини сақлашга ҳисса қўшиш йўлидаги уриниш сифатида қараш керак, деган фикрда.

- Япония узоқни кўзлаб иш олиб бормоқда. Улар ўз мавқеини мустаҳкамлаш чораларини кўрмоқда. Шу боис улар техник экспертиза, маориф, соғлиқни сақлаш соҳаларига сармоялар ётқишмоқда. Масалан, Ўзбекистонда вазият ўзгарса, яъни ҳокимиятга анча фаол бўлган ва дунёга замонавий нуқтаи назардан қарайдиган янги раҳбарият келса, японияликлар аллақачон яхши базага эга бўлган бўлади. Япониянинг ҳамкорлигига узоқ муддатни кўзланган стратегик мақсад сифатида ҳам қараш лозим, дейди Лондондаги Иқтисодиёт институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Матвеева.
XS
SM
MD
LG