Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:06

Ўзбек расмийлари тожик нашрларидан норози


6 август куни Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси Тожикистон оммавий ахборот воситалари ва бу мамлакатдаги дипломатик корпуслар ҳамда давлат айрим идораларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотини тарқатди.

Баёнотда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тожик оммавий ахборот воситаларини Тожикистонга тегишли юк вагонлари ҳамон Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилганига оид ёлғон ва асосланмаган маълумотлар тарқатаётганликда айблаган.

- Ўзбекистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан олинган баёнот Тожикистондаги барча оммавий ахборот воситалари, Душанбе шаҳридаги халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар ва давлат айрим идораларига хабарнома тариқасида тарқатилди. Мазкур ҳужжатда Тожикистон темир йўллари раҳбарияти ва айрим оммавий ахборот воситаларининг Тожикистонга тегишли юк вагонлари ҳозирда ҳам Ўзбекистон ҳудудида асоссиз ушланиб турилгани ҳақида берилаётган маълумотлар нотўғрилигини тасдиқловчи маълумотлар ва рақамлар келтирилган, дея билдирди Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов.

Ўзбекистон элчихонаси расмийсининг айтишича, Термиз-Амузанг станцияларида қатор техник муаммолар бўлишига қарамай, тожикларга тегишли юк вагонлари бетўхтов Душанбе станцияси орқали транзит қилиниб турилибди.

- Ўзбекистон темир йўл станцияларида мавжуд бўлган техник носозликлар бўлишига қарамай, юк вагонлар бетўхтов имкон қадар ўз вақтида юборилиб туриши учун ҳаракатлар қилинаяпти. Ҳар куни 15 тадан 20 тагача юк вагонлари Душанбе станциясига етказиб берилаяпти, дер экан Ўзбекистон элчихонаси вакили Раҳимжонов бу масала атрофида оммавий ахборот воситаларида ёйинланаётган ёлғон хабарлар икки давлат алоқаларига салбий таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратади.

Ўзбек расмийлари баёнотидаги маълумотларга кўра, Термиз-Амузанг темир йўлини тиклаш ишлари жараёнида ҳам Тожикистонга юк вагонлари ўтказиб турилган. Ўзбекистон темир йўллари ширкати йўллардаги техник муаммоларга қарамай, 1337 та юк вагонини транзит қилган. Шундан 322 таси озиқ-овқат маҳсулотлари, 607 таси ёнилғи, 261 таси эса қурилиш материаллари ва 147 таси эса қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экани таъкидланган баёнотда.

Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёноти билан танишиб чиққан Тожикистон темир йўллар ширкати масъуллари бунинг аксини гапиришмоқда.

Мазкур идора масъул ходимларидан бири Баҳодир Мирзоназаровнинг Озодликка маълум қилишича, ўтган бир ҳафта давомида ўз идораси Ўзбекистон томондан бирорта ҳам юк вагонини қабул қилиб олмаган.

- Шу кунларда (Ўзбекистон) юк вагонлари транзитини тўхтатган, бирорта вагонни қўйиб юбормаяпти. Беришмаяпти юкларни. Негалиги бизга номаълум, ҳамма нарса у томонга боғлиқ, дейди Тожикистон темир йўллар ширкат масъули Баҳодир Мирзоназаров.

Тожикистонлик темирйўлчи ўзбек расмийлари баёнотида Қудуқли ва Бекобод станциялари орқали Душанбе шаҳри ва Сўғд вилоятига юк вагонлари транзити ҳеч бир тўсиқсиз ўтиб турганига оид келтирилган маълумотлар ёлғон эканини таъкидлади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, бундан бир ҳафта аввал Тожикистон транспорт ва коммуникация вазирлиги Ўзбекистон бу мамлакатга тегишли юк вагонлари транзитини батамом тўхтатиб қўйгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Юк вагонлари транзити атрофидаги Тошкент ва Душанбе ўртасидаги жанжал олти ойдир буён давом этиб келмоқда.

Гарчи бу баҳсли муаммо БМТ, ЕХҲТ минбарларигача кўтарилган эса-да, ҳануз ечимини топмаётир.

Аксарият бу муаммо икки республика давлат раҳбари юзма-юз музокарасида ҳал бўлишига ишонч билдирган эдилар.

Аммо жорий йил июнида Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг Тошкентдаги юзма-юз учрашувида ҳам юк вагонлари транзити масаласи узил-кесил ҳал бўлмади.
XS
SM
MD
LG