Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:34

Россияда милиция "ребрендинги" муҳокама этилмоқда


Россиялик кузатувчиларинг кўпчилиги милиция ислоҳоти номигагина ўтказилаётгани ҳақида гапирмоқдалар.
Россиялик кузатувчиларинг кўпчилиги милиция ислоҳоти номигагина ўтказилаётгани ҳақида гапирмоқдалар.

6 август куни Россия президенти Дмитрий Медведев милицияни полиция деб номлаш таклифини илгари сурди. Мамлакатда эса “Полиция тўғрисидаги” қонун лойиҳасининг сентябр ўрталаригача давом этадиган умумхалқ муҳокамаси бошланди.

7 август куни Россия президенти Дмитрий Медведев таклифи билан “Полиция тўғрисидаги” қонун лойиҳаси россияликлар муҳокамасига тақдим этилди. Дмитрий Медведев бу ҳужжат “Милиция тўғрисидаги” эски қонундан мутлақо фарқланишини билдирди:

- Бизга ўз ишини самарали, виждонан ва маромида бажарадиган мутахассис ходимлар керак. Шунинг учун мен ҳуқуқ мухофазаси органларига уларнинг асл номи – полицияни қайтариш вақти келди деб ҳисоблайман, - деди Ички Ишлар вазирлиги ислоҳотларига бағишланган йиғилишда Дмитрий Медведев.

Россия раҳбари Ички ишлар вазирлиги ва орган ходимлари устидан қатъий ижтимоий назорат ўрнатувчи қонун-қоидаларни жорий қилиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, муҳокамага тақдим этилган қонун лойиҳаси юзасидан ҳар бир фуқарога ўз фикр-мулоҳазасини билдириш имкониятини яратиш мақсадида интернетда махсус "Законопроект-2010.ру” сайти очилди.

Янги қонунга мувофиқ милиция, эндиликда полиция, ходимининг деярли ҳар қандай вазиятдаги ваколатлари белгилаб берилади. Лойиҳа муаллифлари фикрига кўра, “Полиция тўғрисида”ги қонун энг аввало орган ходимларининг фаолиятини тартибга солиш ва уларга нима мумкин, нима мумкин эмаслигини аниқ чегаралаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Сўнгги пайтларда Россияда милиция билан боғлиқ содир бўлган бир қатор ноҳуш воқеалар милиция ислоҳоти зарурлигини барчага маълум қилди. Россияда бу қоннуннинг муҳокамаси аллақачон умумхалқ тус олди ва жамиятни иккита қарама қарши тоифага бўлиб юборди.

Жамоатчилик палатасининг Ҳуқуқ мухофазаси органлари ва суд тизимининг ислоҳотлари устидан ижтимоий назорат комиссияси раиси Анатолий Кучерена янги қонуннинг тарафдорларидан бири эканлигини билдирди:

- Гап Федерал полиция ҳақида кетаётган экан, менинг фикримча айнан қонунда кўрсатилган тузилма тузилиши кераклигига аминман. Ниҳоят полициянинг ҳеч бўлмаганда ваколатларини аниқлаб оламиз. Қолаверса, қонунда белгиланган орган ходимларининг доимий тестдан ўтиши унининг маълумотини, малакасини оширилишига, ижтимоий обрўси ортишига олиб келади, - деди қонунни маъқуллаган Анатолий Кучерена.

“Инсон ҳуқуқлари учун” умумроссия ҳаракати раҳбари Лев Пономарев эса, аксинча, "Милиция" атамасини "Полиция" деб ўзгартириш ҳеч қандай ўзгаришларга олиб келмаслигини гапирди:

- Милиция ислоҳоти имитацияси давом этмоқда. Бу фақат ном ўзгартириш, холос. Ҳақиқий ислоҳот Ички ишлар вазирлигини бошқармаётган одамлар томонидангина амалга оширилиши мумкин. Ахир айнан шу одамлар милицияни парокандаликка учратган. Агар вазият узгармаса халқ ҳозир милиция ходимларини “мент” деб атаётган бўлса, кейинчалик полициячиларни “полицай” деб атайди. Айтингчи, қай бири ҳақоратлироқ? - дея ўз фикрини баён қилди Лев Пономарев.

Янги қонунга ўз мулоҳазаларини билдирган Москвадаги Халқаро Ҳелсинки гуруҳи раиси Людмила Алексеевага кўра, бу қонун жуда пухта ва асосли равишда муҳокама этилмоғи зарурлигини таъкидлаб шундай деди:

- Бу қонунни милиция ислоҳоти деб аташ қийин, бу шунчаки косметик ўзгартиришлар. Ростини айтсам, милиция дарҳақиқат ҳаммани жонига тегди. Шунинг учун унинг муҳокамасида барча иштирок этмоғи лозим. Бу қонун қабул қилинмасдан аввал муҳокамага қўйилгани қувонтирарли.

Агарда бу қонун милиция ходимлари томонидан ёзилган бўлиб ўзлари томонидан қабул қилинса, у яна эскичасига халқни эмас, балки ҳокимиятни халқдан қўриқловчи тузулмалигича қолаверади, - дейди Людмила Алексеева.

Россияда ҳуқуқ мухофазаси органларининг ислоҳотлари ва улар тўғрисидаги қонунларнинг қизғин муҳокамаси кетаётган бир пайтда, Ўзбекистонда 20 йилдирки на милиция, на Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунлар қабул қилинган.
XS
SM
MD
LG