Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:05

"Бу режим мени озодликка чиқармайди"


-дейди саломатлиги кундан куни ёмонлашиб бораётган қамоқдаги ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳабибулла Оқпўлатов. Бу ҳақда Озодликка тутқуннинг яқинлари хабар қилди. Уларга кўра, Ҳабибулла Оқпўлатовнинг қамоқ жазоси тугай деб қолганда ҳар сафар унга ички тартиб-қоидаларни бузганлик айби қўйилиб, янги жазо муддатлари қўшиб бериляпти.

Олмалиқ шаҳридаги 64/45- жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Ҳабибулла Оқпўлатовнинг саломатлиги ёмонлашган. Бу ҳақда Озодлик радиосига яқинда Ҳабибулла Оқпўлатовни қамоқда кўриб қайтган ўғли Йўлдош гапириб берди:

-Дадам битта оёғининг тиззасигача музлаб, ҳеч нарсани сезмай қолганини айтди. Кўзлари ҳам яхши кўрмай қолган, тишлари тўкилиб кетган. Бир ўнтача тиши қолган, холос,-дейди Йўлдош.

Унинг айтишича, Ҳабибулла Оқпўлатов қамоқхона назоратчиларининг унга қилаётган муносабатидан шикоят қилган:

-Худди чет элдан келган одамга қилган одамга муомала қилгандай муносабатда бўлишади, дейди. Сен унақасан, бунақасан, сен тузумни алмаштирмоқчи бўлгансан деб, доим ниқташар экан. Худди диний айбловлар билан қамалган диндорларга муомала қилишгани каби, -деди Йўлдош.

Унга кўра, бундай муносабатлар бежиз қилинмаётир. Чунки дадаси аллақачон жазо муддатини ўтаб бўлган, бироқ Ҳабибулла Оқпўлатовга қамоқхона ички қоидаларини бузганлик айби қўйилиб, янги суд ҳукми билан жазо муддати қўшиб бериляпти. Ва ҳозир ҳам, дейди Йўлдош, дадамга учта асоссиз қоидабузарлик айби қўйилган:

-Биринчи нарушение, қаторда тўғри юрмадинг, деб қўйган. Иккинчисида соқолинг олинмаган деган, учинчисида эса ётадиган каравотингни тагидан сигарет кули топдик, деган.

Ваҳоланки, дадам битта оёғининг тиззадан пастини ҳис қилмай қолган. Бундай одамга қаторда тўғри юрмадинг, деган айбни қўйишнинг ўзи мантиқсизликдир,-дейди Йўлдош.

Унга кўра, дадаси у билан бўлган суҳбатда токи Ислом Каримов ҳокимият тепасида экан, озодликка чиқолмаслигини айтган
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевга кўра, сўнгги пайтларда ушбу жамиятнинг қамоқхоналарда қолаётган аъзоларининг саломатлиги ёмонлашгани жиддий ташвиш уйғотади:

-Ҳозир қамоқхоналарда соғлиғи жуда ёмонлашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг уч нафар аъзоси ҳақида хабар олдик. Булар жамиятнинг Сирдарё бўлими аъзоси Алишер Караматов, иштихонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Норбой Холжигитов ва Ҳабибулла Оқпўлатовлардир.

Яна бир сафдошимиз, жиззахлик Жамшид Каримов ҳақида 3 йилдан бери ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Бундан ташқари Ўзбекистон қамоқхоналарида яна ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам оғир шароитларда тутқунликда сақланмоқдалар,-дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Иштихон туман бўлими аъзоси Ҳабибулла Оқпўлатов 2005 йилда товламачилик айби билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ўша йили иштихонлик ҳуқуқ ҳимяочилари Норбой Холжигитов ва Саттор Ризаевлар ҳам қамалган эди. Амнистияга кўра, Ҳабибулла оқпўлтовдан жазо муддатининг 2 йили олиб ташланди.

Бироқ, жазо муддати тугашига 8 кун қолганда 2009 йилнинг 30 сентябрида Навоий шаҳар жиноят ишлари суди уни қамоқхонанинг ички тартиб-қоидаларини бузганликда айблаб яна 3 йилга озодликдан маҳрум этди.
XS
SM
MD
LG