Линклар

БМТ: Покистонда сув тошқини оқибатларини бартараф этишга катта маблағ зарур


Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Покистон бўйича вакили Жан-Морис Риперт ушбу мамлакатда сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун миллиардлаб долларлик ёрдамлар зарурлигини қайд этди.

Жаноб Рипертга кўра, Покистоннинг табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Ҳайбар Пахтунква, Панжоб ва Сингх вилоятлари айниқса кўпроқ ёрдамларга муҳтож.

Покистон расмийларига кўра, ҳозирга қадар сув тошқинлари оқибатида 1600 одам ҳалок бўлди, 14 миллион одам бошпанасиз қолди.

Покистонда давом этаётган кучли ёмғир мамлакатда рўй берган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш ишларида жиддий муаммо туғдирмоқда.

Расмийларга кўра, об-ҳаво шароити ёмон бўлганлиги боис қутқарув ишларида қатнашаётган ва сув тошқинларидан зарар кўрган аҳолига ёрдам етказиб бераётган вертолётлар парвози номаълум муддатга тўхтатилган.

Айни пайтда НАТО қўмондонлиги Покистон ҳукуматига табиий офат оқибатларини бартараф этишга ва жабр кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдами етказиб беришга кўмаклашишга ваъда берди.
XS
SM
MD
LG