Линклар

logo-print

Қирғизистон жанубида комендантлик соати бекор қилинади


Рамазон ойида Ўш ва Жалолободда комендантлик соатини бекор қилиш чақириқлари аввал ҳам янграганди.

Рамазон ойида Ўш ва Жалолободда комендантлик соатини бекор қилиш чақириқлари аввал ҳам янграганди.

Шу йилнинг 10 августидан Ўш шаҳри, Ўш ва Жалолобод вилоятларининг айрим туманларида комендантлик соати бекор қилинади. Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати сайти Қирғизистон президенти маъмурияти масъулларига таянган ҳолда хабар қилади.

"Қирғизистон Республикасининг Ўш, Жалолобод, Ўзган шаҳарлари, Ўш вилоятининг Қорасув, Аравон туманлари ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ, Бозорқўрғон туманларида фавқулодда ҳолатни бекор қилиш тўғрисида"ги декретни шу йилнинг 9 август куни Қирғизистон ўтиш даври президенти, мамлакат Муваққат ҳукумати раиси Роза Ўтунбаева имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 10 июнидан 11 июнига ўтар кечаси Ўш шаҳрида бошланиб, кейинчалик Жалолобод вилоятига кўчган қонли воқеалар аввалидаёқ қирғиз расмийлари мамлакат жанубидаги бир неча шаҳар ва туманларда комендантлик соати жорий этгандилар.

Умумхалқ референдуми баҳонасида 26 июн куни бекор қилинган комендантлик соати 28 июндан бошлаб қайтадан жорий этилган ва у 10 августгача амалда бўлиши эълон қилинганди.

Бундан бир ҳафта муқаддам Бишкекда матбуот анжумани берган Қирғизистон муфтийси Чубак ҳожи Жалилов ҳам Рамазон ойи олдидан мамлакат жанубида жорий этилган комендантлик соатини бекор қилиш зарурлигини таъкидлаганди.

Бу йил Қирғизистонда, муфтият қарорига кўра, мамлакат мусулмонлари Рамазон рўзасини 11 августдан бошлаб тута бошлайдилар. 10 август оқшомида эса Қирғизистондаги барча масжидларда биринчи таровиҳ намозлари ўқилади.

Ислом арконларидан бўлган Рамазон рўзаси, одатда, 29 ёки 30 кун мобайнида тутилади. Рамазон ҳайитининг қачон ўтказилиши эса, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси қарорига кўра, ойнинг ҳолатига қараб 9 ёки 10 сентябрга белгиланади.

Рамазон ойидан кейин мамлакат жанубида яна комендантлик соати жорий қилинадими-йўқми – бу ҳақда бирор бир расмий маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG