Линклар

Тошкентда уйлар арзонлаяпти

  • Садриддин Ашур

Уй-жой савдоси билан шуғулланадиган маклерлар Тошкентда уй олувчидан сотувчи кўпроқ эканидан гапиришмоқда

Уй-жой савдоси билан шуғулланадиган маклерлар Тошкентда уй олувчидан сотувчи кўпроқ эканидан гапиришмоқда

Тошкентдаги «Avesta Research» аналитик маркази ўтказган тадқиқот хулосасисига кўра, кейинги ярим йил давомида пойтахтдаги уйлар нархи 6,5 фоизга арзонлаган. Оддий тошкентликлар эса, турар уй-жойларнинг нархи бундан ҳам кўпроқ арзонлаганидан гапирмоқда.


Тошкентдаги кўчмас мулк бозори тадқиқоти билан шуғулланадиган «Avesta Research» аналитик маркази ўтказган тадқиқотга кўра, шаҳарда турар уй-жойларнинг нархи тушишда давом этяпти. Июнь ойида уйлар нархи ўртача икки фоизга, кейинги ярим йилда эса 6,5 фоизга арзонлаган.

«Avesta Research» маркази Тошкентдаги уйларни уч радиусга бўлиб тадқиқот ўтказган. “А” радиуси бу шаҳар маркази, “В” радиуси шаҳар марказидан 5-10 километр узоқликда жойлашган уйлар ва “С” радиуси марказдан 10 километрдан узоқроқ масофада жойлашган уйлардир.

Тадқиқотга кўра, шаҳар марказидаги уйларнинг ҳар квадрат метри 821 доллардан 800 долларгача, энг узоқдаги уйларнинг ҳар квадрат метри эса 434 доллардан 424 долларгача арзонлаган.

«Avesta Research» аналитик маркази таҳлилчиси Карен Сарадиконовнинг Озодликка айтишича, уйлар нархи арзонлашиibнинг асосий сабаби, ўтган йили жаҳон бўйлаб авж олган молиявий бўҳрон билан боғлиқ. Бу инқироз сабаб Ўзбекистондаги кўп инвесторлар бозорни тарк этишди, дейди таҳлилчи:

- Асосий сабаб шу, инвесторлар кетишди. Илгари бизда вазият бошқача эди. Масалан, инвесторлар илгари кўчмас мулкни турар уй-жой учун эмас, балки корхона эҳтиёжи учун бутун-бутун подъездларни сотиб олишарди. Ҳозир кўчмас мулк бозорида талаб сусайди,-дейди кўчмас мулк бозори таҳлилчиси Карен Сарадиконов.

Уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланадиган тошкентлик маклер Фарида опанинг айтишича, Тошкентда уйларнинг нархи 2008 йилнинг ёз ойларидан бошлаб пастлай бошлаган:

- Бундан икки йил олдинда. 2008 йилда бир хоналилар 25 минггача кўтарилди. 23 мингга беринг деб ялинган одамлар ҳам бўлганди ўзимнинг бир хонали уйимни сотаман деганимда. Нарх-наво қандай бўлади, сотиб қўйсам ололмай қоламанми, деб 23 мингга ҳам бермаганман. Балкони катта¸ ремонти тоза эди. Уйим Аҳмад Югнакий кўчасида жойлашган. Ҳозир эса 23 мингга уч хонали олса бўлади, дейди Фарида опа.

Сўнгги ярим йил ичида Тошкентдаги уйлар 15 фоизга арзонлади, дер экан Фарида опа ўз сўзларини далил ўлароқ, буларни қўшимча қилади:

- Мана Мирзо Улуғбек туманини олайлик. Олдин Югнакий¸ ТТЗ томонларда 2 хонали квартиралар 23-24 минг бўлган бўлса¸ ҳозир 21¸ даже 20 мингга беришга ҳам тайëр. Уч хоналилар 30 минг бўлган бўлса¸ ҳозир 25-26 мингга беради. 15 фоизгача тушди, -дейди маклер Фарида опа.

Яна бир тошкентлик маклер Жамолиддин ҳам марказдаги уйлар бундан икки йил олдингига нисбатан деярли 30 фоизга арзонлаганини айтади:

- Марказдаги икки хонали 40 минглик уйлар 30 мингга ҳам тушиб кетди. Шаҳардан четроқ жойдаги 40 минглик уйлар ҳам 30 минг бўлди. масалан шаҳар чеккасидаги 4 хонали 40 минглик уйлар 30 минг бўлди. Нархлар охирги ойларда секин тушиб бораяпти. Ҳалигача тушаяпти,- дейди тошкентлик маклер Жамолиддин.

Кўчмас мулк бозори билан шуғулланадиган маклерлар фикрича, уй-жой нархларининг тушиши биргина дунёдаги молиявий инқироз билан боғлиқ эмас. Маклер Фарида опа бунинг яна учта сабаби бор дейди:

- Биринчидан¸ кўплар кўчиб кетаяпти. Мана ҳозир яна рус халқининг Россияга кетиш жараёни яна кучайди. Иккинчи сабаб эса қора бозорда долларнинг сўмга нисбатан ўсиши билан боғлиқ. Учинчиси эса, одамларнинг иқтисодий аҳволи билан боғлиқ. Яъни ортиқча пул йўқ. Одамлар кўпроқ болаларига ўқишга дейди¸ тўйга дейди¸ умуман харидор ҳам йўқда. Яна бировлари муҳтожликдан сотаяпти. Шунинг учун уйлар нархи ташлаяпти,- дейди Фарида опа.

Маклер Жалолиддин уйлар нархи пастлаш ҳақидаги Фарида опанинг фикрини қувватлар экан, буларни қўшимча қилади:

- Сабаблари халқда етарли пул йўқлигининг ҳисобига бўлиши ҳам мумкин. Одамларга сотиб олиш осон эмасда. Кимдадир бор¸ кимдадир йўқ. Кўпчиликни олиб қараганда қиммат квартира сотиб олишга қурби етган одам йўқ. Бундан ташқари Тошкентда бузилаëтган жойлар бор эди. Ҳозир бузилмаяпти. Буздиришлар тўхтаган. Эски ҳовлиларни буздириб¸ квартираларни олишаëтган эди одамлар. Давлат бир пайтлар уйларини бузиб одамларнинг қўлига пул бериб чиқариб юбораëтган эди, квартира сотиб олаëтган эди одамлар. Унақа нарсалар ҳозир тўхтаб қолган. Ҳозир Ўзбекистонда битта-иккита жойларда қурилиш бўлаëтган экан. мен аниқ билмайманку шу гапни эшитдим танишлардан.

Озодлик: Ҳозир уй сотадиган кўпми¸ уй оладиган кўпми?

- Сотиб оладиган одам жуда ҳам кам. Сотаман деганлар жуда кўп,- дейди маклер Жалолиддин.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган Абдуллажон фикрича, уйларнинг нархи пастлаши ўтган йили Ўзбекистонда кўзга кўринган бойларнинг қўлга олинишидан ва уларни таъқиб этилишидан сўнг бошланган. Шундан сўнг ҳашаматли уйларнинг нархлари кескин ташлади ва бу ўз навбатида иккиламчи турар жой-бозорига ҳам таъсир қилди, дейди Абдуллажон:

-Қаттиқ текшир-текшир бўлиб катта бойларнинг уйи¸ ҳаммасини йиғиб олдику. Ана шундан кеийн уйлар резко ташлади. 200 минг долларлик уйлар 80-90 минг бўлиб қолди,- дейди Абдуллажон.

«Avesta Research» аналитик маркази тадқиқотига кўра, уйларнинг нархи пасайиши ортидан Тошкентда ижарага бериладиган уйларнинг ҳақи ҳам ошган. Ҳозир Тошкент марказида ижарага бериладиган уйларнинг ҳар квадратига жойига қараб 5 доллардан 18 долларгача ҳақ талаб қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG