Линклар

Покистон миллиардлаб долларлик ёрдамга муҳтож


БМТнинг Покистон бўйича вакили Жан-Морис Риперт ушбу мамлакатда сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун миллиардлаб долларлик ёрдам зарурлигини қайд этди.

Жаноб Рипертга кўра, Покистоннинг табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Ҳайбар Пахтунква, Панжоб ва Сингх вилоятлари, айниқса кўпроқ ёрдамга муҳтож.

Покистон расмийларига кўра, ҳозирга қадар сув тошқинлари оқибатида 1600 одам ҳалок бўлган, 14 миллион одам бошпанасиз қолган.

Расмийларга кўра, мамлакатнинг шимолий минтақасида давом этаётган сўв тошқинлари ва ер кўчкилари оқибатида биргина якшанба куни камида 50 киши нобуд бўлган.

- Сув тошқинларидан Сват водийси аҳолиси энг катта зарар кўрди. Юзлаб одамни сув тошқинлари олиб кетди. Минглаб хонадон вайрон бўлди, юз минглаб ўйлар сув тагида қолди. Ҳукуматнинг табиий офат оқибатларини бартараф этиш борасида ҳеч нарса қилмаётгани ўта ачинарли ҳолатдир,- дейди сув тошқинларидан омон қолган покистонликлардан бири.

Мамлакат бўйлаб давом этаётган кучли ёмғир рўй берган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш ишларида жиддий муаммоларни туғдирмоқда.

Расмийларга кўра, об-ҳаво шароити ёмон бўлганлиги боис қутқарув ишларида қатнашаётган ва сув тошқинларидан зарар кўрган аҳолига ёрдам етказиб бераётган вертолётлар парвози номаълум муддатга тўхтатилган.
XS
SM
MD
LG