Линклар

Россияда муҳожирлар ҳам рўйxатга олинади


Расмийлар ва жамоатчилик ташкилотлари Умумроссия рўйҳатга олиш тадбири олдидан муҳожирларни тинчлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Расмийлар ва жамоатчилик ташкилотлари Умумроссия рўйҳатга олиш тадбири олдидан муҳожирларни тинчлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Россияда 14 октябрдан 25 октябрга қадар аҳолини рўйхатга олиш Умумроссия тадбири бўлиб ўтади. Аҳолини рўйхатга олишда Россияда яшаётган барча шахслар, жумладан, вақтинча истиқомат қилаётган меҳнат муҳожирлари ҳам ҳисобга олинади.

Россия тарихида иккинчи маротаба ўтказилаётган аҳолини рўйхатга олиш олдингисидан фақат тўлдиришга бериладиган анкеталардаги саволлар билан фарқланади.

Бу ҳақда маълумот берган Давлат статистикаси федерал хизмати раҳбари Александр Суринов, рўйхатга олишдан кўзланган асосий мақсад - Россия ҳудудида яшовчи барча одамларни ҳисобга олиш эканлигини таъкидлаб, жумладан бундай деди:

- Биз рўйхатга олиш жараёнида бутун мамлакат бўйича Москвада, Чукоткада, Калининградда жисмоний шахсларни пулли контракт асосида жалб қиламиз. Улар махсус тайёрланади, махсус ҳужжат ва нишонлар билан таъминланади. Тўғри, Россия ҳудудида яшовчи ва маҳаллий қонунларни бузаётган шахсларни рўйхатга олиш жуда мушкул масала. Лекин ҳамма гап шундаки, ҳисобга олишда улардан на исми-шарифи, на ҳужжатлари талаб қилинади. Рўйхатга олиш фақат оғзаки тарзда олиб борилади. Меҳнат муҳожирлари “вақтинча истиқомат қилаётганлар” сифатида қайд қилинади,- дейди Росстат раҳбари Александр Суринов.

Россия аҳолисини рўйхатга олишга 600 мингга яқин кўнгиллилар жалб қилинади. Барча ўлка ва вилоятларда минтақавий рўйхатга олиш бўлимлари очилади, дея қўшимча қилди Суринов.

Давлат статистика хизмати Россияда яшаётган меҳнат муҳожири сонини аниқлашда турли жамоат ташкилотларини ҳам жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ташкилотлар ёрдамида олинган маълумотлар Россиянинг ижтимоий-иқтисодий дастурларни режалаштириш ва ҳаётга тадбиқ қилинаётган демографик сиёсат натижаларини аниқлашга кўмаклашиши айтилмоқда.

“Москва Миллатлар Уйи” қошида тузилган “Москва ўзбеклари ҳамдўстлиги” раҳбари Виктор Тепляков жорий йилнинг октябрида бўлиб ўтадиган аҳолини рўйхатга олиш тадбиридан меҳнат муҳожирлари ташвишга тушмаса ҳам бўлаверади, дейди:

- Меҳнат муҳожирлари рўйхатга олиш тадбиридан умуман қўрқмасалар ҳам бўлаверади. Улар қайддан ўтганидан кейин эртасига Миграция хизмати ёки милиция ходимлари келади, деб қўрқишлари мумкин. Асло ундай эмас. Мана куни кеча Росстат вакиллари билан бўлган учрашувда айнан шу масала кўтарилди. Росстат вакиллари “бизни қайддан ўтаётган шахснинг қонуний-ноқонуний яшаётгани умуман қизиқтирмайди”, дея алоҳида урғулади. Дарҳақиқат, муҳожирлардан бирорта ҳужжат талаб қилинмайди. Қолаверса, аҳолини рўйхатга олиш Россияда квоталар масаласида тартиб ўрнатишга катта ёрдам беради. Биласизку, меҳнат муҳожирларига тегишли барча статистика рақамлари кабинетларда ўйлаб топилган,- дейди “Москва ўзбеклари ҳамдўстлиги” раҳбари Тепляков.

Росстат расмийларининг айтишича, октябрда ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш Умумроссия тадбири давомида муҳожирларга “миграция амнистияси” эълон қилинади, яъни бу даврда бирор бир давлат органи томонидан меҳнат муҳожирларидан ҳужжат талаб қилинмайди.

Шунингдек, Росстат оммавий ахборот воситалари орқали милиция ва миграция хизмати ходимларини жалб этмаган ҳолда, меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш имконига эканини билдирди.

Турли маълумотларга кўра, Россияда 12 миллиондан 30 миллионгача меҳнат муҳожири истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG