Линклар

logo-print

Жанубдаги зўравонликларга оид янги ҳисобот эълон қилинди


Қирғизистон Бош прокуратураси Ўш ва Жалолобод вилоятларида июн ойида рўй берган этник тўқнашувларга оид янги ҳисоботини эълон қилди.

24.kg сайтининг прокуратура ҳисоботига таяниб хабар қилишича, мамлакат жанубидаги зўравонликлар юзасидан 3601та жиноят иши очилган, 3138 киши жабрланувчи, деб топилган.

Прокуратурага кўра, 25та жиноят иши ниҳоясига етказилган ва судга оширилган. Жанубдаги хунрезликларга алоқадорликда гумон қилинган 257 шахс қўлга олинган ва улардан 238таси ҳибс этилган.

Қонли тўқнашувлардан сўнг жанубда 355 шахснинг жасади топилган, улардан 197 нафари отиб ўлдирилган, 42 нафари ёқиб юборилган, 47 шахс чавақлаб ўлдирилган, 65 нафари турли тан жароҳатидан ҳалок бўлган, 4 шахс эса чўктириб юборилган. Топилган жасадлардан жами 293тасининг шахси аниқланган.

13 июндан 4 августга қадар Ички ишлар бошқармасига бедарак йўқолган фуқаролар бўйича 117та шикоят аризаси тушган. Олиб борилган қидирув ишлари натижасида уларнинг 71 нафари милиция ходимлари томонидан топилган, 46 нафар шахснинг қаерда экани ҳозирга қадар номаълумлигича қилмоқда.

Қирғизистон Ҳарбий прокуратураси ҳам ҳарбий бўлинмаларга қилинган ҳужумлар юзасидан 23та жиноят иши очган.

Қирғизистон жанубида рўй берган қонли тўқнашувлар чоғида расмий маълумотларга кўра, 300дан ортиқ киши нобуд бўлган. Бироқ мустақил манбалар қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида рўй берган қонли тўқнашувлар қурбонлари сони 2000 дан ортиқ эканни айтиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG