Линклар

АҚШ Ўшда ҳарбий база очиш режаларидан қайтгани йўқ

  • Фаррух Юсуфий

Қирғизистонда барқарорлик ўрнатишда кўмаклашиш АҚШнинг Манас ҳаво базаси истиқболлари учун муҳим, деб кўрилмоқда

Қирғизистонда барқарорлик ўрнатишда кўмаклашиш АҚШнинг Манас ҳаво базаси истиқболлари учун муҳим, деб кўрилмоқда

АҚШнинг нуфузли “Washington Рost” газетасига кўра, мазкур база маҳаллий ҳарбийларни тайёргарликдан ўтказиш учун мўлжалланган. Қирғиз расмийлари буни рад этаётган бўлса, таҳлилчилар бундай режани амалга ошириш бугунги вазиятда реал ва мақсадга мувофиқ, деган фикрни илгари сурмоқда.

“Танг вазиятга қарамасдан, Қирғизистонда АҚШ базасини қуриш режалари назардан соқит қилингани йўқ”, дея номланган мақолада “Washington Рost” мухбири Уолтер Пинкус июн ойида қонли воқеалар рўй берган Ўшда яратилажак АҚШ ҳарбий базаси қирғиз қўшинларини тайёргарликдан ўтказиш учун мўлжалланишини ёзади.

10 миллион АҚШ долларига тушадиган “Ўш полигони”, деб номланувчи АҚШ базасини ташкил қилиш масаласи ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурманбек Бакиев ҳукумати билан ҳам муҳокама қилинган ва ҳозирда Вашингтон Роза Ўтунбаева билан муносабатларни кенгайтириш уринишлари доирасида бу масала муҳокамасини давом эттирмоқда.

Айни пайтда, дейилади 7 август куни чоп этилган мақолада, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк Қирғизистон жанубида ҳукумат қўшинлари ва маҳаллий ўзбеклар ўртасидаги таранглик юқори даражада сақланиб қолаётганини қайд этмоқда. Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармасида гапирган Блэйк Қирғизистоннинг Тожикистон билан жанубий чегараларидаги вазиятдан ташвиш билдириб, “баъзи жанггари гуруҳлар бу чегара орқали минтақага киришга уриниши эҳтимоллари борлигидан” хавотир билдирди, дейилади яна мақолада.

“Washington Рost”га кўра, Блэйк Қўшма Штатларнинг Қирғизистонда “масъулиятли ва самарали полиция кучларининг ташкил этилишида кўмаклашишиши лозим”лиги ҳақида гапирган бўлса-да, янги база қуриш масаласига тўхталмаган.

Айни пайтда, Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг котиби Алик Орозов Озодлик радиоси қирғиз хизмати билан суҳбатда Ўшда ҳарбий база яратиш бўйича америкаликлар билан музокаралар бораётганини инкор қилди.

- Ҳукуматдан бундай гап чиққани йўқ, америкаликлар билан бу ҳақда сўзлашувлар ҳам бўлгани йўқ. Бизга бу ҳақда ҳеч қандай мурожаат ҳам бўлгани йўқ, биз ҳам улардан бу ҳақда сўраганимиз йўқ. Агар биз ҳукуматга бўйсунмай, тартибсизликларни давом эттираверсак ва ҳукуматнинг вазиятни назоратга олишга куч етмай қолса, АҚШ биздан рухсат сўрамасдан вазиятга аралашиши мумкин, деди Қирғизистон хавфсизлик кенгаши котиби.

Қирғизистон расмийлари “Ўш полигони” тузилиши ҳақидаги хабарларни инкор қилаётган бўлса-да, “Washington Рost” газетаси ўз манбаларига таяниб, “Ўш полигони” зобитлар учун ётоқхона ва хизматчилар учун казармалар, отиш майдони ва бошқа керакли инфратузилмалардан иборат яхши қўриқланган гарнизон бўлишини ёзди.

Роберт Блэйк Карнеги жамғармасида қилган чиқишида, Қирғизистондаги АҚШга тегишли “Манас” ҳаво базаси Қўшма Штатларнинг миллий хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этиши, лекин бу базанинг самарали фаолият юритиши Қирғизистонда барқарорлик ҳукм суришига боғлиқ эканини таъкидлаган.

Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий таҳлилчиси Александр Гольц Ўшда АҚШ ҳомийлигида ҳарбий базанинг яратилиши нафақат амалга ошириб бўладиган лойиҳадир, балки бугунги вазият буни тақозо қилади, деган фикрда.

- Афтидан бу жуда реал лойиҳадир. Ҳар қалай, Америка расмийлари бу ҳақда аниқ ишораларни қилишди. Америкаликлар позициясини тушуниш осон. Қирғизистонда Афғонистондаги АҚШ қўшинларини таъминлаш бўйича ўта муҳим база жойлашган. Америкаликлар бу база Афғонистондаги контингентни ошириш, энг муҳими эса, қўшинларни олиб чиқишда энг муҳим рол ўйнашини яхши тушунади. Қўшинларни олиб чиқишда, қўшинлар нисбатан ҳимояланмаган шароитда, фронт ортидаги таъминот базаси жойлашган минтақада беқарорлик ёки тўғридан тўғри ҳужумлар таҳдидининг бўлиши ҳарбий қўмондонлар учун жиддий бошоғриқ, деганидир. Шунинг учун бундай ўта кўнгилсиз вазиятнинг олдини олиш мақсадида америкаликлар бу мамлакатда барқарорликни таъминлай оладиган қўшинларни тайёрлаш учун бундай база яратиш ниятида кўринади,- дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц.

“Washington Рost” газетасига кўра, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк Карнеги жамғармасида қилган чиқишида ўзининг ўтган ойда Ўшга қилган сафари ҳақида ҳам тўхталиб, Қирғизистон жанубида маҳаллий ўзбекларга нисбатан тазйиқлар ҳам давом этаётганини ва Қирғизистон ҳукумати мазкур ҳолатни тўғри тушунган ҳолда тегишли чоралар кўриши ўта муҳимлигини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG