Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:48

Мирзакматовнинг "бош плани" амалга оша бошладими?


Kyrgyzstan - Cheremushky district, Osh, 20Jul2010
Kyrgyzstan - Cheremushky district, Osh, 20Jul2010

Ўш шаҳрининг Манас ота микрорайонида 76 квартирали кўп қаватли иккита уй қурилиши бошланди. Ўшнинг ёндириб юборилган маҳаллаларидаги уйлар култепага айланганича турибди, аҳоли ёндирилган уйлари учун товон пули олиш у ёқда турсин, уйларни қайта тиклаш масаласида расмийлардан бирон бир жўялироқ гап ҳам эшитгани йўқ.

Ўш шаҳар вице-мэри Таалай Сабиров Озодлик қирғиз хизмати мухбирига “Кўп қаватли уйларни, молиялаш тўхтаб қолмаса, 7-8 ойда битирамиз”, деди.

Унинг айтишича, уйи куйганлар ўша кўпқаватли уйларга кўчишга мажбур. “Улар кўчишга мажбур”, деди Таалай Сабиров.

Лекин унинг оғзидан чиққан кейинги гап мана бу бўлди: Уйни хоҳламаса, ер берамиз, ссуда берамиз.

Вице-мэрнинг айтганларидан бир нарса тушуниб бўлмади: уйи куйганлар Манас отада қуриладиган янги кўп қаватли уйларга кўчишга мажбурми – мажбур эмасми?

Нима учун у киши “хоҳламайдиганларга ер берамиз”, дейди?

Ахир уйи ёндирилганларнинг ўз ери, шу кунда култепа бўлиб турган участкаси борку?!

Лекин оддий ўшликларнинг айтишича, бу саволлар устида бош қотириб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ: биринчидан, Манас отадаги уйлар битган тақдирда ҳам уйи куйган ўзбекларга тегмайди.

Мана бир ўшликнинг гапи.

- Умуман 2000 йилнинг бу ëғига жабрланганларни ҳам шу баҳонада жойлаб қўямиз деган мақсадда қурилаяпти¸ дейди ўшликлардан бири.

Иккинчидан, дейди хавфсизлигига таҳдид бўлгани учун исмини айтмаслигимизни сўраган ўшлик, Манас отада қурилаётган кўпқаватли уйлардан квартира таклиф қилишган чоғда ҳам ўзбеклар у ерга бориб яшашга тайёр эмас.

Чунки, бу микрорайон

- Асосан қирғиз миллатларининг тўлиқ яшаган жойи. Ўзимизнинг текстил комбинат томондаги сал чеккароқ жойда.

Озодлик: Битди ҳам дейлик. Уйи куйган ўзбеклар ўша уйга кўчиб борадими?

- 95 фоизи кўчиб бормайди. Мен бунга аминман¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган ўшликлардан бири.

Ўш шаҳар мэрияси ўз чўнтагидаги пулгами, донор мамлакатлар берадиган пулгами, ҳар қалай қурилишни бошлабди.

Шаҳар вице-мэри сўзларига қараганда, иккита кўпқаватли уй бировнинг – донорларнинг пулига қуриладиган кўринади.

Демак, нақдми, насиями – ҳар қалай пул борга ўхшайди.

Балки мэрия ўша пулдан бир қисмини уйи куйганларга бериб, ана ундан кейин Манас отадаги уйларни қуришни бошлагандир?

Йўқ, дейди бошқа бир исмини айтмаслигимиз шарти билан гапирган ўшлик.

- Фактический одамлар ҳали уйини тиклашни бошлагани йўқ. Маҳаллаларда уйлардан ахлатларни кўчага олиб чиқиб ташлаш бошланган. Қурилиш учун жой тайëрлашаяпти. Ҳали бирор кишининг қурилишни қайта бошлаганини кўрмадим.

Озодлик: Давлат ëндирилган уйларга товон пули бердими ëки бериши тўғрисида қандайдир гап борми?

- Бунақа гаплар йўқ. Қорасув район¸ Қизилқишлоқ айил ҳукуматига қарашли Навоий кўчасининг яшовчиларига 30 минг сўмдан пул ажратилаяпти. Шиферларни олаяпмиз деб айтиб беришди одамлар¸ дейди ўз исмини айтмасликни маъқул кўрган ўшликлардан яна бири.

Қизилқишлоқ қишлоқ ҳукуматида берила бошлаган 30 минг сўмдан пул (1 АҚШ $ = 46 қирғиз сўми) товон пулими ёки қарзнинг дастлабки қисмими – аниқлашга улгурмадик.

Лекин Ўшнинг бошқа четидаги Шарқ қишлоқ ҳукуматида 50 минг сўмдан товон пули, 200 минг сўмдан қарз ваъда қилинганини билдик.

Демак, шаҳар атрофидаги ёндирилган маҳаллалар аҳлига ёрдам ҳозирча, ваъда кўринишида бўлса ҳам берилмоқда.

Лекин худди шундай гапни Мелис Мирзақматов бошқараётган Ўш шаҳри бўйича айтиш имконсиздир.

Фақат қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайдиган микрорайонда иккита кўпқаватли уй қурилиши бошлаб юборилгани, шаҳарнинг ёндирилган Черёмушки, Мажримтол, Бешкўприк ва бошқа маҳаллалари аҳолисидан фожеадан икки ой ўтаётган бўлса ҳамки биров хабар олмагани, товон пули тўғрисида ҳам, кредитлар тўғрисида ҳам бирон оғиз гап айтилмаётгани Ўш шаҳар мэрининг фожеадаги алоҳида роли тўғрисидаги гумонларни янада кучайтирмоқда.

Ўш шаҳар вице-мэри Таалай Сабировнинг хабар қилишича, шаҳарнинг бош плани куни кеча тайёр бўлиб, тасдиқлаш учун республика ҳукуматига юборилди.
XS
SM
MD
LG