Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:06

Қирғизистонда парламент сайлови куни белгиланди


Қирғизистонда парламент сайловлари 10 октябр куни ўтказилиши ҳақидаги тегишли фармонни мамлакат президенти Роза Ўтунбаева имзолаган.
Қирғизистонда парламент сайловлари 10 октябр куни ўтказилиши ҳақидаги тегишли фармонни мамлакат президенти Роза Ўтунбаева имзолаган.

Қирғизистон жанубида фавқулодда ҳолат бекор қилинишини ортидан мамлакат парламентига сайловлар шу йилнинг 10 октябрига белгиланди. Мазкур сайловларда, кузатувчиларга кўра, Қирғизистонда рўйхатга олган 150 чоғли партиядан қарийб ярми иштирок этиши кутилмоқда.

Қирғиз ҳукумати мамлакат жанубидаги ўта таранг вазият боис сайлов кунини эълон қилмаётган эди.

Юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган зўравонликлардан икки ой ўтиб, душанба куни ҳукумат мамлакат жанубида жорий этилган фавқулодда ҳолат ва комендантлик соатини бекор қилди.

Қирғизистонда сўнгги бор парламент сайлови 2007 йилда ўтказилган ва мамлакат тарихида биринчи марта Қурмонбек Бакиевнинг "Ақ Жўл" партияси парламентда аксарият ўринларни эгаллаб олган эди.

"Ақ Жўл" ёрдами билан Бакиев конституцияга ўзгартиришлар киритиб, президентлик ваколатларини кенгайтириб олди.

Шу йил апрел ойида эса Қирғизистонда давлат тўнтариши рўй берди ва Бакиев ҳокимиятдан четлатилди.

Иқтидорга келган муваққат ҳукумат парламентни тарқатиб юборди. Янги ҳукумат Қирғизистонда парламент бошқаруви жорий этиш истагида бу масалани умумхалқ муҳокамасига қўйди.

Июн ойидаги овоз бериш жараёни мамлакат жанубида юзлаб одамларнинг ўлимига зомин бўлган этник тўқнашувлар ортидан ўтказилди.

Янги конституциявий ўзгаришлар ва эски парламентнинг тарқатиб юборилиши Қирғизистонда қайта парламент сайловлари ўтказиш заруратини ўртага чиқарди.

Қирғизистонда янги тузилажак парламент аввалгидан фарқли 120 ўриндан иборат бўлади ва бунда ҳеч бир партия 65 тадан кўпроқ ўринга даъвогарлик қилолмайди.

Парламент Қирғизистон тарихида биринчи марта мамлакатга раҳбарлик қиладиган бош вазирини сайлайди. Президентлик лавозими Германия ва Чехиядаги каби рамзий бўлиб қолади.

5,5 миллион аҳолига эга Қирғизистонда 148 та партия ва сиёсий ҳаракат рўйхатга олинган. Бу партияларнинг ҳаммаси парламент сайловида қатнашади, дейиш қийин. Уларнинг ярми парламент сайловида ўз кучини синаб кўриши кутилаяпти.

Таҳлилчилар Қирғизистондаги беш ёки олти партия парламентда депутатлик ўрнига эга бўлиши мумкинлигини башорат қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG