Линклар

logo-print

“Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари шароити қониқарли”


Қозоқ расмийлари тасалливор баёнотларига қарамай, Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг яқинлари маҳбус-қочқинлар тақдиридан хавотирланмоқдалар.

Қозоқ расмийлари тасалливор баёнотларига қарамай, Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг яқинлари маҳбус-қочқинлар тақдиридан хавотирланмоқдалар.

Олмаота шаҳар миграция департаменти Қозоғистондан бошпана сўраб келган ва айни пайтда шаҳар тергов ҳибсхонасида сақланаётган 30 қочқиннинг тез кунда озод бўлиб кетишига умид қилади. Бу ҳақда мазкур департамент раҳбари Гулсара Олтинбекова билдирди.

Олмаота шаҳар миграция департаменти раҳбарига кўра, 9 июндан 11 июнгача Қозоғистоннинг жанубий пойтахтида қўлга олинган ўзбек қочқинлари айни пайтда қониқарли шароитда сақланмоқда.

- Бизнинг кўчма комиссия ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари билан бирга Олмаотадаги 1-тергов ҳибсхонаси ва миллий хавфсизлик комитетининг шаҳар департаменти тергов ҳибсхонасидаги қочқинлар қониқарли шароитда сақланаётганини аниқлади. Бу борада улар томонидан бирор шикоят бўлгани йўқ. Улар билан мен ўзим ҳам гаплашдим – уларга яхши қарашаяпти, яхши боқишаяпти, дейди Гулсара Олтинбекова ўзбек қочқинларининг ушланиши бўйича барча процессуал меъёрларга, мавжуд қонунчилик тартибига риоя қилингани ва бу борада ҳуқуқ-тартибот идораларига ўз ташкилотининг эътирози йўқлигини қўшимча қиларкан.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳри хавфсизлик кучлари ўтказган рейд давомида 50 чоғли ўзбек қочқини ушланган, кейинроқ уларнинг 20 тачаси қўйиб юборилганди. Қолган 30 қочқин ҳали-ҳануз шаҳардаги тергов ҳибсхоналарида сақланмоқда ва улар то тергов процедуралар якунлангунича, айрим маълумотларга кўра, уч ойгача ҳибсда ушлаб турилиши мумкин.

Бу қочқинларга экстрадиция хавф солмаётганини таъкидлаган Олмаота шаҳар миграция департаменти раҳбари шу кунда ўз идораси БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари маҳаллий ваколатхонаси ҳамда халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳибсхонадаги қочқинлар ҳолидан бохабар бўлиб тургани, ҳозирда улар билан интервюлар ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганини айтди.

Қочқинларга нисбатан қозоқ расмийлари томонидан қўпол муносабатда бўлинаётгани, уларни “ваҳҳобий, террорчи” деб ҳақорат қилинаётганини инкор қилган Олтинбекова, жумладан, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда бу ҳодисалар кузатилмаганини ва бу борада қочқинларнинг бирортасидан шикоят тушмаганини айтади.


- Сезган бўлсангиз, бизда асосан аёллар ишлайди. Табиатан бизда кимнидир ҳақорат қилиш, хафа қилиш одати йўқ. Бизга, умуман олганда, мурожаат қилувчининг кимлиги, унинг қанақа диндалигининг фарқи йўқ. Бизга бу одамларнинг қандай сабабга кўра бу ёққа келиб қолгани қизиқ, холос. Қайси динни, қайси оқимни танлаш эса уларнинг шахсий иши, дейди Гулсара Олтинбекова.

Айни пайтда Олмаота шаҳар миграция департаменти раҳбари Ўзбекистондан келаётган қочқинларнинг кўпи ўзларига нисбатан таъқиб ва тазйиқ бўлгани, қийноқлар қўлланилгани ҳақида асосли далилларни келтиролмаётганини ҳам қайд этади.

- Агар қочқинлик мақомини сўраётган шахс ўзига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинганидан шикоят қилса, буни исботлаш учун у, табиийки, қандайдир визуал далиллар - фотосуратлар, соғлиғига етказилган зарар ҳақида шифокорлар хулосаси каби далилларни келтириши лозим. Ана шундан кейин биз бу далилларни қочқиннинг ишига тиркаб қўямиз, дейди Гулсара Олтинбекова Ўзбекистонда қийноқлар бор-йўқлиги юзасидан бирор изоҳ бериш ўз ваколатлари доирасига кирмаслигини, бу қўшни давлатнинг ички иши эканини ҳам қўшимча қиларкан.

Қозоғистонда юрган ўзбекистонлик бошпана изловчилардан бири эса Ўзбекистонда, масалан, ҳибсхона ёки қамоқхонада қийноқ қўлланилгани ҳақида бирор визуал (фото ё видео) далил топиш ёки бу борада шифокор хулосасини олиш амри маҳол эканини айтади.

- Масалан, бирор аёл киши зўрланган бўлса, у аёл докторга бориб: “Мени шундай-шундай жойда зўрлашди, шу зўрлаш ҳақида менга справка беринглар” деса, унга справка берилмайди. Чунки ўша докторлар ҳам амалидан қўрқади, эртага Ўзбекистонда яшашини ўйлайди. Чунки у ерда ўша врачнинг имзоси бўлади, ўша врачнинг қўлидан берилгани факт-далил бўлади. Шунинг учун ҳеч ким беролмайди, дейди Қозоғистонда юрган ўзбек қочқинларидан бири.

Аснода Олмаота шаҳар миграция департаменти раҳбари ўз идорасига мурожаат қилаётган ўзбек қочқинлари иши, уларнинг гаплари нақадар асослилигини текшириш юзасидан БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари маҳаллий ваколатхонаси ҳамда халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари тиғиз ҳамкорлик олиб бораётгани, мазкур ташкилотлар тавсияларидан унумли фойдаланаётгани қайд этди.

Мавзу юзасидан маълумот: 2010 йилнинг апрел ойидан Қозоғистонда бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки уларни юртига қайтариб юбориш масаласини ҳал қилиш ваколати мамлакат Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаментига ўтказиб берилган. БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эса, Қозоғистон ҳукуматининг жорий йил январ ойида қабул қилган “Қочқинлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, бундан буён мазкур жараёнда фақат кузатувчи ва маслаҳат берувчи вазифасини ўтайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG