Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:23

Тожикистонда одамфурушлик авж олмоқда


Ҳисоб-китобларга кўра, йилига 800 мингга яқин киши одам свадоси қурбони бўлади, уларнинг кўпчилигини жинсий қулликка сотиб юборилганлар ташкил қилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, йилига 800 мингга яқин киши одам свадоси қурбони бўлади, уларнинг кўпчилигини жинсий қулликка сотиб юборилганлар ташкил қилади.

Жорий йилнинг тўрт ойи давомида Тожикистонда одам савдоси билан боғлиқ 5 та жиноят иши очилди ва хорижда одам савдоси қурбони бўлган 13 нафар тожикистонлик аёл ватанига қайтарилди.

Тожикистон ҳуқуқ идоралари маълумотларига кўра, тожикистонлик қизлар кўпроқ Россия, Қозоғистон ва Дубай шаҳарларига жинсий қуллик учун олиб кетилмоқда экан.

- Дубай шаҳрида жинсий қулликка сотилган 13 нафар фуқаромиз жорий йил февралидан май ойигача босқичма-босқич ватанга қайтарилди ва уларга психологик ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 2007 ва 2009 йиллар мобайнида одам савдоси билан шуғулланган 5 кишига нисбатан жиноят ишлари очилди, дея маълум қилди Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими масъулларидан бири Валихон Муллаев.

Унинг айтишича, сал аввалроқ одам савдоси билан шуғулланган яна икки нафар тожикистонлик аёл устидан тергов ниҳоясига етиб, уларнинг иши судга юборилган, яна уч киши эса айни пайтда шу жиноятда қўли борликда гумонланиб қидирувга берилган.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Тожикистон ҳукумати одам савдосига қарши кураш бўйича ҳозирда АҚШ ҳукумати, Халқаро Миграция ташкилоти ва МДҲнинг кўплаб давлатлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганига қарамай, одам савдоси қурбонлари сони аввалги йилларга нисбатан камаймаётганини маълум қилди.

Унга кўра, одамфурушлар транзит коридорларини тез-тез ўзгартираётгани бу иллатга қарши курашда бир қатор қийинчиликлар туғдирмоқда экан.

- Аввал улар учун асосий коридор Қирғизистон саналарди. Эндиликда эса Россия ва Қозоғистон билан бирга Ўзбекистон ҳам одамфурушлар учун коридор вазифасини ўтамоқда. Одам савдоси билан шуғулланаётган кишиларнинг ўз транзит коридорларини ўзгартириб туришлари ишимизда анча чигалликлар туғдирмоқда, дер экан Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Муллаев ўз идораси ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бу йўналишда фақат ўзаро маълумот алмашиши бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганини айтди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими масъули мамлакатда одам савдоси билан боғлиқ жиноятнинг камаймаётганининг асосий сабабларига ҳам тўхталди.

- Менимча, қизларимизнинг одам савдоси қурбони бўлаётганига асосий сабаблардан бири уларнинг ҳуқуқий саводсизлиги бўлса, бошқа бир сабаб уларнинг тил билмаслиги ҳамда иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан таъминланмаганидир. Аксар ҳолларда қизлар алдов йўли билан шундай ҳолатларга тушиб қолаётган бўлса, баъзан улар била туриб жинсий қулликка сотилгани маълум бўлади. Чунки кам таъминланган оила фарзандлари иқтисодий қийинчиликдан чиқишнинг ягона йўли шунда, деб билади, дейди Ички ишлар вазирлиги расмийси Муллаев тожикистонлик қизларнинг айримлари ўз ихтиёрига кўра хорижга чиқиб кетаётганини ҳам инкор этиб бўлмаслигини қайд этаркан.

Валихон Муллаев тожикистонлик қизлар Дубайдан ташқари Россия шаҳарларида ҳам пулланаётганини қўшимча қилди.

- Тожикистонлик қизлар кўпинча ўз ватандошлари томонидан жинсий қулликка сотилаётир. Масалан, жорий йилда эр-хотин бир аёлни Россияда иш билан таъминлаш ваъдаси билан олиб кетиб, уни ўша ердаги меҳнат муҳожирларига сотгани маълум бўлди. Айни пайтда улардан бири ҳибсга олиниб, бу иш юзасидан тергов давом этмоқда. Бошқа бири эса ҳозир қидирувда, дейди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Муллаев.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 10 август куни Душанбе шаҳрида Тожикистонда кўлами кенгайиб бораётган одам савдосига қарши кураш мавзуига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳисобот берган Халқаро Миграция ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Зейнал Гажиевга кўра, сўнгги беш йил ичида Дубайда одам савдоси қурбони бўлган тахминан 250 киши Тожикистонга қайтарилиб, уларга молиявий ва психологик ёрдамлар кўрсатилган.

Ажабланарлиси шундаки, шу йил июл ойида ўзининг олти ойлик иш фаолияти бўйича ҳисобот берган Тожикистон Бош прокуратураси масъуллари сўнгги икки йил давомида тожикистонлик қизларнинг хориж давлатларида одам савдоси қурбони бўлаётгани билан боғлиқ ҳолатлар қайдга олинмаганини даъво қилган эдилар.

Аснода Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу мамлакатда ҳозиргача хорижлик фуқароларнинг одам савдоси қурбони бўлгани расман қайдга олинмаган.

Аммо, маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчиларга кўра, тожикистонлик аёлларнинг мамлакат ичкарисида танфурушлик билан шуғулланиши ҳолатлари кўпайган. Маълумотларга кўра, жорий йил олти ойи давомида мамлакат ичкарисида 116 та ана шундай ҳолат расман қайдга олинган.
XS
SM
MD
LG