Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:18

“Қозоқгейт” иши якунига етмоқда


Америкалик тадбиркор Жеймс Гиффен (чапда) Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг хотини Сара Назарбоева билан.
Америкалик тадбиркор Жеймс Гиффен (чапда) Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг хотини Сара Назарбоева билан.

Нефт шартномаларини қўлга киритиш учун Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва бошқа қозоқ расмийларига пора берганликда айбланган америкалик тадбиркор Жеймс Гиффен иши ўз мантиқий якунига етиб қолган кўринади.

“Қозоқгейт” номи билан машҳур бўлган мазкур иш ўтган ҳафта сўнгида Ню Йорк федерал судида кўрилди ва бу маҳкамада Гиффен “майда қонунбузарлик”да айбланди.

Қозоғистон президентининг собиқ маслаҳатчиси, 69 ёшли Жеймс Гиффен нефт шартномалари тузиш учун қозоғистонлик мансабдорларга 80 миллион доллар атрофида пора берганликда айбланаётганди.

6 август куни Ню Йорк федерал судида у хорижий давлатлардаги ўз банк ҳисоб рақамлари ҳақида АҚШ солиқ хизматларига маълумот бермаганлик юзасидан ўз айбини тан олди. Айни пайтда у пора берганлик бўйича ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди.

- Унга энди кўп йиллик қамоқ жазоси хавф солаётгани йўқ. Бу майда қонунбузарликдир, деди Жеймс Гиффеннинг адвокати Вилям Шварц Блумберг агентлигига берган суҳбатида.

Агентлик маълумотларига кўра, эндиликда Гиффен фақат олти ойгагина қамалиши ва ҳатто умуман қамоқ жазосидан қутулиб қолиши ҳам мумкин.

Етти йилга чўзилган бу иш якунида, америкалик адвокат Майкл Перлисга кўра, Гиффен шу тариқа жиддий айбловлардан қутулиб қолиши, АҚШ ҳукумати эса “юзини сақлаб қолиши” мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2004 йилда Қўшма Штатлар прокуратураси Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни АҚШ нефт ширкатларидан 80 миллион атрофида пора олганликда айблаб чиққанди. Бироқ иқтидорда бўлган давлат раҳбари хорижий ўлкада жиноий жавобгарликка тортилмаслигини кўзда тутувчи давлат доктринаси асосида Назарбоевга расмий айблов эълон қилинмаганди. Назарбоевнинг ўзи ва қозоқ расмийлари неча йиллардан буён Гиффен ишининг уларга мутлақо дахли йўқлигини, бу Қўшма Штатлардаги ички суд маҳкамаси эканини мунтазам такрорлаб келадилар.

Қозоғистонлик кузатувчилар “Қозоқгейт” иши кутилганидек якунланаётганини қайд этмоқдалар.

- Жеймс Гиффен мазкур маҳкама жараёнида ўзининг АҚШ разведкаси топшириғини бажарганини муттасил таъкидлайверди. Бу унинг маҳкамада айнан шу тахлит ҳимоя шаклини танлаганини билдиради. “Қозоқгейт” бўйича суд жараёни Қозоғистоннинг юқори лавозимли мансабдорларига нисбатан айнан шу тарзда якунланса, мен бундан ҳайрон бўлмайман. Чунки ҳамма нарса Гиффеннинг кўрсатмаларига боғлиқ эди, дейди “Азат” умуммиллий социал-демократик партияси ҳамраиси Жармахан Туяқбай.

“Қозоқгейт” номини олган маҳкама жараёни бир неча марта қолдирилиб, кейин яна қайтадан бошланаверган. Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали АҚШ суд тизими, расмийлари ва нефт жабҳаси лоббиси мазкур жараёндан ўз мақсадлари учун фойдаланди, деган фикрда. Унинг фикрича, бу ишдан Қозоғистон ва унинг расмийларига қарши муайян қурол ўлароқ фойдаланилмоқда.

- Кейинги пайтларда Қозоғистон молия полицияси мамлакатда ишлаётган бир неча ғарб нефт ширкатларига, хусусан, “Тенгиз Шевройл” компаниясига нисбатан айблов эълон қилингани ҳақида баёнот тарқатганди. Бу мазкур жараённинг (“Қозоқгейт” назарда тутилмоқда – таҳр.) қонунийлиги юзасидан қандайдир шубҳа уйғотади, дейди Расул Жумали.

“Қозоқгейт” иши бўйича суд ҳукми, Блумберг агентлигининг хабар қилишича, шу йилнинг 19 ноябр куни эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG