Линклар

Умида Аҳмедовага чиқиш визаси берилмади


Аксар мамлакатлардан фарқли ўлароқ Ўзбекитсон паспорти фуқароларга бемалол ҳаракат қилиш имконини бермайди.

Аксар мамлакатлардан фарқли ўлароқ Ўзбекитсон паспорти фуқароларга бемалол ҳаракат қилиш имконини бермайди.

Ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова чиқиш визасини икки ойдан буён ололмаяпти. Бугунги кунда збекистонда мустақил журналист, ҳуқуқ фаоллари ва ўзгача фикрловчилар ҳукуматнинг чет элга чиқиши норасмий тарзда тақиқланганлар рўйҳатига киритилгани айтилади.


Ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова шу йилнинг 24 майида ўзи яшаб турган жойдаги ички ишлар бошқармасига чиқиш визасини сўраб мурожаат қилгани, орадан икки ойдан ортиқроқ вақт ўтганига қарамасдан виза ололмаётганини айтади.

- Рад этилгани ҳам йўқ¸ бергани ҳам йўқ. Май ойида топшириб қўйган эдим ҳужжатимни. Июлда хабар олганимда¸ июлда ҳам йўқ эди. Августда хабар олсам¸ августда ҳам йўқ. “Нимага беришмаяпти?” десам¸ “Билмаймиз” дейишди. Ўзи бизларнинг Ўзбекистон қонуни бўйича 18 иш куни ëки 21 иш куними ОВИР ни кўриб чиқиши керак. Бир ойгача бериши керак Ўзбекистон қонуни бўйича,- деди Умида Аҳмедова.

Унинг айтишича, кузга белгилаган ҳорижий сафари туфайли чиқиш визасини олиш учун ОВИРга мурожаат қилган.

- Испанияда октябр ойида кўргазма бўлиши керак эди. Апрелдан май ойигача Билбао шаҳрида бўлдим ўзининг юртида қийинчиликка тушиб қолган ижодкорларга ëрдам бериш бўйича. Улар “Мана шароит яратамиз. Ижод қилинг. Нима хоҳласангиз шуни олинг. Кейин бизга отчëтний виставка қилиб берасиз” дейишди. Шунақа лойиҳани мўлжаллаб қўйишган эди. Шунинг учун Билбаодан келишим билан чиқиш визасига документ топшириб қўйган эдим,- дейди чиқиш визасини ололмаётган таниқли фотосуратчи.

Озодлик Умида Аҳмедова хужжатларини топширган Тошкент шаҳридаги Хамза тумани ички ишлар бошқармаси хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими билан боғлади. Бўлим мутасаддиси бу борада изоҳ беришдан бош тортди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 10 феврал куни Миробод туман жиноий ишлар суди Умида Аҳмедовани Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича айбдор деб топган. Таниқли ижодкор 2009 йилнинг 18 августида эълон қилинган амнистияга мувофиқ, суд ҳукми билан авф қилинганди.

Швейцария элчихонаси ҳомийлигида 2006 йили нашр қилинган "Аëл ва эркак: тонгдан шомга қадар" деб номланган бадиий суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филми учун" ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбланган Умида Аҳмедовага қарши жиноий иш 2009 йил 13 май куни қўзғатилган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-немис форуми раҳбари Умида Ниёзова чет элга чиқиш ҳуқуқини берувчи система ҳақида махсус тадқиқот ўтказган.

- Бу тизим коррупция учун катта имконият туғдириб беради. Чиқиш визасини олиш учун борган фуқаролар ҳар доим турли расмий ва норасмий тўловларни тўлайди. Иккинчидан¸ ҳар қандай одам Ўзбекистондан чиқмаслиги учун яхшигина баҳонадир бу,- деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-немис форуми раҳбари.

Умида Ниёзовага кўра, Ўзбекистонда чиқиш визаси берилмайдиганлар рўйхатига энг аввало, ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар, диний ташкилотларга алоқадор фуқаролар киради. Шу билан бирга Ўзбекистон шу пайтга қадар Марказий Осиё давлатлари орасида чиқиш визаси амал қилаётган ягона давлат ҳисобланади, дейди Умида Ниёзова.

Айни пайтда чиқиш визаси берилмагани боис Ўзбекистондан чиқа олмаётганлар рўйхатида ҳуқуқ фаоллари Баходир Намозов, жиззахлик Саида Қурбонова, Мамир Азимов, Ўктам Пардаев, журналист Аъло Ходжаев борлиги маълум.
XS
SM
MD
LG