Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:21

“Олтин минбар” кинофестивали ташкилотчилари орасидаги келишмовчиликка муфтий ҳам аралашди


Россия муфтийси Равил Ғайнутдин “Олтин минбар” кинофестивалини сақлаб қолиш тарафида.
Россия муфтийси Равил Ғайнутдин “Олтин минбар” кинофестивалини сақлаб қолиш тарафида.

“Олтин минбар” Қозон мусулмонлар халқаро кинофестивали ўртасидаги келишмовчиликлар тадбирнинг иккига бўлиниб кетишига сабаб бўлди. Мусулмонлар кино ижодиётига бағишланган танловлар 2010 йилдан бошлаб Москва ва Қозонда бўлиб ўтади.

Аҳолисининг 20 миллионга яқини мусулмон бўлган Россияда 2010 йилга қадар “Олтин минбар” Қозон мусулмонлар халқаро кинофестивали ўтказилар эди. Бундан кейин Россияда мусулмон давлатлар учун иккита кинофестивал ўтказиладиган бўлди. “Олтин минбар” фестивалидан ташқари, энди “Мусулмон киноси Қозон халқаро фестивали” ҳам ўтказилиши айтилмоқда.

“Олтин минбар” Мусулмонлар халқаро кинофестивали Бош директори Зауди Мамирговнинг Озодликка айтишича, шу пайтгача битта тадбир бўлиб келган фестивалнинг иккига ажралишига ташкилотчилар орасидаги молиявий келишмовчиликлар ҳамда Татаристон расмийларининг айримлари олиб бораётган сиёсат сабаб бўлган:

- Анжуманимизнинг номи “Олтин минбар”лигича қолади. Шунчаки татаристонлик ҳамкасбларимиз бизни кино анжуманига деярли ҳеч қандай маблағ қўшмаганлигимизда айблаб, алоҳида анжуманга тайёргарлик кўрмоқда. Ваҳоланки, уни ташкиллаштиришда биз ҳам федерал, ҳам ҳомийлик маблағларини жалб қилган эдик. Биз чет элдан келаётган барча кино юлдузларини қабул қилиш, жойлаштириш ва кузатиш харажатларини ўз зиммамизга олган эдик. Нима бўлганда ҳам, дастлабки режаларимизга кўра, “Олтин минбар” фестивалини энди Шимолий Кавказда ўтказишини режалаштирмоқдамиз. Қозондаги фестивалдан эса менинг умуман хабарим йўқ,- дейди “Олтин минбар” Мусулмонлар халқаро кинофестивали раҳбари.

Ўзбек кино санъатига алоҳида тўхталар экан, жаноб Мамиргов ўзбекистонлик санъаткорларнинг киноасарлари “Олтин минбар” фестивалининг биринчи кунлариданоқ алоҳида ўрин эгаллаб келганини қайд этади:

- Ўзбек ижодкорлари азалдан бизнинг фестивалимиз тамойилларига мос руҳдаги ажойиб кино асарларини тақдим этиб келганини алоҳида айтишим жоиз. Улар ҳақиқий эзгулик, биродарлик ва бошқа ислом тамойилларини тарғиб этувчи асарларни яратишлари билан шуҳрат қозонган. Мана куни кеча мен “Олтин минбар” танловига келган ўзбек филмларидан бирини завқ билан томоша қилдим. Қанақа филм эканлигини қоидаларимизга кўра мен сизга ошкор қила олмайман, лекин ишончим комилки, уни сиз кейинроқ совринли филмлар қаторида кўрасиз,- дейди “Олтин минбар” кинофестивали Бош директори Зауди Мамиргов.

Унга кўра, “Олтин минбар” кинофестивали дирекцияси Москвада жойлашади ва Россия муфтийлар Кенгаши раиси шайх Равил Ғайнутдин “Олтин минбар” мусулмонлар кинофестивали президенти лавозимида қолишга розилик берган. Муфтий Равил Ғайнутдин 2005 йилдан буён ягона мусулмонлар кинофестивали президенти лавозимини эгаллаб келади.

Мусулмонлар кинофестивали иккига ажралиб кетиши ортидан “шайх кимнинг ёнини олади?” деган савол кўпчиликни қизиқтираётган эди.

Россия Муфтияти матбуот хизмати тарқатган расмий хабарда, “муфтий Равил Ғайнутдин “Олтин минбар”дан бошқа ҳеч қандай кинофорумларда иштирок этмайди, чунки шайх айнан шу ягона мусулмон киноанжуманининг сақланиб қолиши тарафдоридир”, дейилади.

“Мусулмон киноси Қозон халқаро фестивали”, деб номланадиган тадбир ташкилотчиларидан бири Ляйсан Файзуллинага кўра, Татаристонда ўтказилиши режалаштирилган мусулмон киноси танлови якунланиш арафасида ва унинг ўтказилиши сентябр ойига мўлжалланган:

- Анжуманнинг танлов комиссияси ўз ишини яунлади, конкурс ва конкурсдан ташқари танлов дастури деярли тайёр. Шу сабабли VI Қозон мусулмонлар халқаро кинофестивали режаланган 15 дан 19 сентябрга қадар бўлиб ўтади. Анжуманимизда 59 филм иштирок этмоқда. Танловда албатта Ўзбекистондан жўнатилган филмлар иштирок этади. Масалан ўтган йилги танловда ўзбекистолик Аюб Шаҳобиддиновнинг “Юрт” филми фестивалимизнинг “Тюрксой” халқаро ташкилоти махсус соврини билан тақдирланган эди.
Бу йилги танловда иштирок этаётган филмларнинг тўлиқ рўйхати кейинги ҳафтада эълон қилинади,- дея барча мусулмонларни кириб келаётган Рамазон ойи билан табриклади “Мусулмон киноси Қозон халқаро фестивали” ходими Ляйсан Файзуллина.
XS
SM
MD
LG