Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:54

Ҳамшира ўрнига пахта терадиган мардикорлар мавсумга шай


Бу йилги пахта мавсуми одатда эртадан кеч иш кутиб ўз паккаларида турадиган мардикорлар учун қизиғин давр бўладиган кўринади.
Бу йилги пахта мавсуми одатда эртадан кеч иш кутиб ўз паккаларида турадиган мардикорлар учун қизиғин давр бўладиган кўринади.

Ўзбекистонда пахта мавсуми ҳали бошланмасданоқ давлат муассасалари ўз ходимларининг ёппасига далага хайдалиши олдини олиш чораларини кўрмоқда. Масалан, Тошкентдаги тиббиёт муассасалари ўз ходимлари ўрнига мардикорларни ёллашни ташкили тарзда уюштириш учун ходимлардан 180 минг сўм топшириб қўйишларини талаб қилмоқда.


Тошкентлик ҳамшираларга пахта мавсумида далага чиқмаслик эвазига 180 минг сўм олиб келиш таклиф қилинди.

Бу пулга мардикор ëллаб¸ ҳамширалар ўрнига пахта теришга жўнатилади¸ деди Тошкентдаги касалхоналардан бирининг ҳамшираси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда пахта мавсуми эртароқ бошланиши ҳақидаги Тошкент вилояти ҳокимияти эслатмасидан сўнг вилоятдаги корхоналар ўтган йилги мавсум тажрибасидан хулоса чиқариб¸ йиғим-теримга ҳозирланмоқда.

Ўтган йилларда Ўзбекистондаги пахтага жалб қилинган ишчи-хизматчилар ўз ўринларига мардикорларни жўнатиш тажрибасини шакллантиришди.

Масалан ўтган йили "пахтага бориб қўлим тирналмасин" деган шаҳарлик ишчи ўз ўрнига бирор мардикор топиб¸ нархини келишиб муаммосини ҳал қилган эди.

Бу йил Тошкент тиббиëт муассасалари раҳбарияти мардикор ëллаш ишини ташкилий тарзда ялпи ҳолатда қиладиган бўлди.

Тошкентдаги туғруқхоналардан бирида доя бўлиб ишлайдиган Феруза (исми ўзгартирилган) бир кун ичида пахта мавсумида мардикор ëллаш учун 180 минг сўмни туғруқхона бош санитарига бериши керак. Акс ҳолда Феруза ўз ишидан айрилади.

- Ўтган йил 150 мингдан эди. Бу йил 180 минг бўлибди. Мардикор ëллаймизда. Бизлар бормаймиз. Бизлар пул берамиз¸ мардикор ëллашаркан. Бормайдиганлар пул берадида.

Озодлик: Мажлис қилиб¸ чақириб айтишдими?

- Йўқ¸ ишхонадаку ҳар куни. Ишхонада айтилади. Мажлисларда ҳам айтилади.

Озодлик: Ишхонадаги раҳбарлар айтаяптими?

- Ҳа¸ старший¸ главврач ҳамма¸- дейди Феруза.

Мардикорни ўзим ëлласам яхши бўлар эди¸ аммо бу йил бунга изн йўқ¸ дейди Феруза.

- Старшийга беришаркан¸ кейин улар ўзлари ëллашаркан. “Биз ўзимиз мардикор олиб келамиз” десак¸ “йўқ” дейишади. Бизлар олиб келадиган мардикорга улар қарашмас экан. Ўз жавобгарлигига олмас экан. Бир хиллар болаларини жўнатади¸ бир хиллар эрларини жўнатади. Тошкент пропискаси билан паспорти бўлиши керак. Пропискаси бўлмаса¸ паспорти бўлмаса¸ олишмас экан¸- дейди Тошкентдаги туғруқхоналардан бирида доя бўлиб ишлайдиган Феруза.

Феруза олдида иккита танлов бор¸ у ë 180 минг тўлаши ë пахтага чиқиши лозим.

- Масалан мен иккита боламни кимга ташлайман? Иккита боламга қарайдиган одам йўқ. Пахта терардим¸ лекин болаларимга ким қарайди? Ëш келинлар бора олмайди. Улар пул бериб мардикор ëллашади¸- дейди Феруза.

Озодликка маълйм бўлишича¸ Тошкент вилоят ҳокимлигида 2010 йилги пахта терим мавсумини ўтказиш бўйича йиғилиш бўлган ва бу йиғилишда теримга жалб қилинадиган ташкилот раҳбарларига қаттиқ талаблар қўйилган.

Бу талабга кўра ходимлар теримга чиқиши ташкилотнинг фаолият юритишига халал бермаслиги керак.

Масалан, ҳамширалар ëппасига ишга чиқсину¸ аммо режаланган жарроҳлик амалиëти тўхтамасин.

Урганч туман марказий касалхонаси жарроҳининг Озодликка айтишича¸ ҳамшираларнинг ëппасига пахтага жалб қилиниши боис амалиëтлар асосан тўхтайди.

Ўтган йили Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда Хоразм вилоятида ҳар куни 2500 дан ортиқ тиббиёт ходими пахта далаларида меҳнат қилаëтганини айтган эди.

Мулозимга кўра, ўтган йилги пахта мавсумида биргина Урганч шаҳридан 1790 нафарга яқин тиббиëт ходими¸ вилоятдаги бошқа туманлардан 800 нафар тиббиëт ходими далага чиққан.

Бу ҳолат вилоятдаги ўрта тиббий ходимларнинг аксарияти мавсум давомида (мавсум баъзан икки ойдан ошади) пахтага чиқарилганини англатади.

Урганч туман марказий касалхонаси жарроҳига кўра, бундай ҳолатда касалхона фаолиятини ушлаб туришнинг бирдан бир йўли ўз ўрнига бировни ëллашдир.

Ўз ўрнига бировни юбориш амалиëти Андижондаги касалхоналарда ҳам қўлланилмоқда¸ дейди шаҳрихонлик ҳамшира Саҳодат.

- Кам таъминланган оилалар кўпку қишлоқларда. Йўл киралари¸ пули берилади. Бориб териб келиб ўрнингизга ëзиб қўяди. Ўзингиз бора олмасангиз¸ йўл кирасини берасиз. Кейин нормадаги пахтани териб сизнинг номингизга ëздиради. Сиз пулини олиб берасиз ëки ëнингиздан берасиз пулини¸- дейди Саҳодат.

Суҳбатдошга кўра, ҳозир Андижонда пахта теришга ихтисослашган мардикорлар армияси мавжуд.

- Пахта тераман деган теримчилар бор. Бир кишини биламан. Пахтани зўр теради. У қизнинг пахта теришидан баъзида пахта териш машиналари ҳам ҳижолат бўлади. Эшитишимча¸ у опа ҳозир Андижон шаҳрига турмушга чиққан. У шаҳарда ўтиради. Лекин ҳар пахта теримида отпуска олади пахта териш учун. Шунақа қилиб пахта теради¸- дейди шаҳрихонлик ҳамшира Саҳодат.

Пахтага ўзининг ўрнига мардикор юбориш тажрибаси талабаларга ҳам мақул келмоқда. Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Мамиржон Азимовга кўра, ўтган йили Тошкентдаги милиция академияси курсант ва ўқитувчилари (лейтенантдан генералгача) Жиззах вилоятининг Арнасой туманига пахта теримига олиб келинган. Курсант ва ўқитувчилар ўзлари пахта термасдан, ўрниларига маҳаллий аҳолини ёллашган. Жиззахлик болалар пул эвазига бўлажак милиционерлар ўрнига пахта теришган.

Самарқандлик талабанинг Озодликка айтишича¸ ўтган йили у ë 300 долларга тиббий справка сотиб олиб пахтадан қолиши, ë ўрнига мардикор ëллаши зарур бўлган. Самарқандлик талаба мардикорни 100 долларга ëллаб муаммони арзон ечганидан хурсанд.

Тошкентдаги туғруқхона дояси Ферузадан талаб қилинадиган 180 минг сўм ҳам ўша 100 долларга тўғри келади. "Агар бу пулни топа олмасам¸ мени ишдан бўшатишади. Ҳозир эрим киракашлик қилиб¸ шу пулни топишга кетди" дейди пахта мавсуми ташвиши эрта келганидан шошиб қолган суҳбатдош.

- Аризамни ëзиб ташлаб келдим. Агар шу пулни олиб келиб бермасам¸ бўшатиб юборамиз деган эди. Билмадим¸ масалан мен 180 минг йиға олмадим. Бугун олиб бориб бераман деган эди хўжайиним. Бугун олиб бориб берса керак¸- дейди Тошкентдаги туғруқхона дояси Феруза.

Ўзбекисон пахтасининг мажбурий меҳнат эвазига терилаëтгани халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари танқидига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистондаги тиббиëт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиши зарур бўлган республика касаба уюшмаси ходими ҳамшираларнинг шартномада кўзда тутилмаган ишларга жалб қилиниши масаласи уюшма кун тартибида эмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG