Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:22

Бозорда бору чўнтакда пул йўқ


Икки ёки уч фарзанди бор оилалар бу йилги ўқув йилини бошлаб олиш бир миллион сўм атрофида харж қилишига тўғри келмоқда.
Икки ёки уч фарзанди бор оилалар бу йилги ўқув йилини бошлаб олиш бир миллион сўм атрофида харж қилишига тўғри келмоқда.

дейди фарзандлари учун мактаб уст-боши харид қилмоқчи бўлган ўзбекистонликлар. Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йилиининг бошланишига 20 кун вақт қолди. Бу вақт орасида орасида фарзандларини ўқув йилига тайёрлашга уринаётган ота-оналар нархлар қимматлиги ва харид қилиш учун нақд пуллари йўқлигидан шикоят қилишмоқда.


Мактаб бозоридаги нарх-наволарни текширишни Тошкентнинг Чорсу буюм бозоридан бошладик. Озодлик радиоси илтимоси билан тошкентлик тадбиркорлардан бири Жаҳонгир Шосалимов мактаб ўқувчиларининг уст-бошлари, пойафзали ва ўқув қуроллари сотиладиган бозорни айланди. Жаҳонгир ака, бизни бозорда мактаб ўқувчилари кийимлари сотадиган сотувчи билан суҳбатлаштирди. Биз сотувчидан 7 синф ўқувчисига керак бўлган кийим-кечакларнинг нархи хақида сўрадик:

- Шундай вараққа ëзиб олсангиз¸ бемалол ҳисоблаб олаверасиз. Костюм-шимнинг ўзи 80-90-100 минг туради. Туфлиси 20 мингга бориб қолади. Кўйлаги билан 30 минг¸ олинг мана 40 минг бўлар. Галстук¸ ременлари билан 50 минг. Устдаги кийим 150-200 мингга тушади. Папкаси билан 200 мингга тушади. Канцтовар бир йиллик қилиб оламан десангиз¸ 80-90 мингга бораяпти,- дейди бу сотувчи.

Унинг айтишича, агар болага спорт машғулотлари учун кийимлар ҳам харид қилинадиган бўлса, яна 100 минг сўм сарфланади. Шундай қилиб, 7 синф ўқувчисининг бир йиллик мактаб кийимлари ўртача 400 минг сўмга тушяпти.

Бу Тошкентдаги нархлар. Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳрида эса нархлар бир мунча арзонроқ кўринади. Қизи биринчи синфга борадиган Насимжон спорт кийимидан ташқари 150 минг сўм хараж қилишини айтади:

- Бирма-бир айтадиган бўлсак¸ форма кийими 25 минг. Бу ўртачаси. Оқ кофта 13 минг. Қиз болага юбка 20 минг. Туфли 30 минг. Калготка 4000 дан 5000 гача. Қиз болаларнинг бошига тақадиган оддий бантиги 5000 сўмдан 6000 сўмгача. Пайпоқларнинг энг пасти 1500 сўм. Дафтар-китоб солиб борадиган сумка 10-15 минг. Президент совғаси сифатида бериладиган сумка ҳеч қанчага чидамас экан. Бир-икки ойга етадими йўқми дейишади. Бундан ташқари яна спорт кийими. Спорт кийимининг энг пасти 15 минг. Кроссовка 15 минг атрофида. Бу пасти. Бу сифати баланд¸ яхши кийим эмас. Ўртача мен ҳисобладим. Агар икки жуфтдан олсам икки барафар бўлади,- дейди Насимжон.

Ҳамма ота-она ҳам ўз фарзандини мактабга каму-кўстсиз, бинойидек қилиб жўнатишни истайди. Бироқ бюджетдан маош олиб ишлайдиган аксарият одамларнинг маошлари деярли 100 фоиз пластик карточкаларга ўтказилмоқда. Хўш, мактаб бозорларида пластик карточкага савдо қилиш мумкинми?

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов ана шу саволга жавоб топиш учун яна Чорсудаги бозорни айланиб чиқди:

-Ҳозир мен кўрган жойда дафтар-қалам ҳаммаси бор.(бозор шовқини) Булар нақд пулга. Мана сўрадим, терминал йўқ……… Ҳозир ичкарига кираман. Мана бу ерда мен сотувчи билан гаплашдим. Улар “Терминалга қимматроқ. Бизда арзонроқ” дейишаяпти. Мен ҳозир терминали бор жойга кириб кўраман (шу ерда сотувчи билан озгина суҳбатлашган суҳбатдошимиз кейин гапини давом эттирди). Булар ҳам терминалга йўқ дейишаяпти. Демак¸ терминалга йўқ. Кеча ҳам мен бештача сотувчи билан гаплашганман. Бозорда терминал йўқ десангиз ҳам бўлади,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Бозорчиларнинг айтишларича, Тошкентда терминал орқали мактаб ўқувчилари уст-боши билан савдо қиладиган дўконлар ҳам бор, бироқ уларда танлов кам ва нархлар бозорга нисбатан 15-20 фоиз баландроқ.

Хўш, пуллари пластик карточкаларда қотиб турган ота-она бундай ҳолатда нима қилади?

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ўқитувчилик қилаётган Сайфулла аканинг айтишича, уларнинг маошлари 100 фоиз пластик карточкаларга ўтказилаётганига 7 ой бўлди. У ҳозиргача нақд пул тополмаётгани учун фарзандига мактаб кийими ололмаётганидан гапиради:

- Энди бирор илож қиладида. Бирор нарса чиқариб сотади. Буғдой сотади¸ сигирнинг сутини¸ қатиғини¸ ëғини сотади. Бирор нарса сотиб пул қилибми¸ бирор нарса оладида. Давлат томонидан бериладиган пулнинг ўзи йўқ. Мени ҳам озроқ буғдойим бор. Шуни сотсам¸ олиб бераман. Кийим-кечак олиб беришим керак барибир. Эртага у болаларнинг орасида чеккаланиб қолмаслиги¸ эзилмаслиги керакда барибир,- дейди Сайфулла ака.

Лекин Тошкентдаги бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларда аҳвол бир мунча яхши,- дейди шаҳар мактабларидан бирида ўқитувчилик қилаётган Елена Семёновна:

- Биласизми биз бу масалада унчалик қийналмаяпмиз. Чунки маошларимизнинг 40 фоизи пластикка ўтказилади. Уни ҳам коммунал тўловлар учун тўлаймиз. Ота-оналар бир йўлини топиб фарзандларини мактабга тайёрлашяпти,- дейди тошкентлик Елена Семёновна.
XS
SM
MD
LG