Линклар

Қирғизистон жанубида ўзбеклар мулкини эгаллаб олиш ҳолатлари камаймаяпти


Ўш воқеаларида уйлари омон қолган ўзбекларнинг мулклари талон-тарож қилинаётгани ҳақидаги хабарлар кети узилмаяпти.

Ўш воқеаларида уйлари омон қолган ўзбекларнинг мулклари талон-тарож қилинаётгани ҳақидаги хабарлар кети узилмаяпти.

Бир қатор ўшликлар билан 10 август куни ўтказилган суҳбатлардан мана шундай хулосага келиш мумкин. Уларнинг айтишича, маҳаллий маъмурлар қирғиз ёшларининг зўравонлигига қарши курашиш ўрнига, ўз ҳаракатлари билан уларни рағбатлантиряпти.


Бир ўшликнинг шаҳар марказида, Наримонов номидаги мактаб атрофидаги кўпқаватли уйлардан биридаги квартираси қирғиз ёшлари томонидан босиб олингани тўғрисида 9 август куни эшитган эдик.

Уй эгасининг телефонини излаб топдик. Лекин у гапиришга қўрқди.

Шунинг учун воқеа тўғрисида, исмини айтмаслик шарти билан, унинг қариндоши айтиб берди.

Қариндош: Қариндошимнинг квартираси 4 хонали, икки ўзбек қўшнисиники 3 хонали. Уччаловининг квартираси эагллаб олинган.

Озодлик: Демак, қариндошингиз 7 август куни ўша квартирасига боради...

Қариндош: Борса, уйини эгаллаб ўтиришган экан, уй бизники бўлди, деб.

Озодлик: Кимлар ўтирган экан?

Қариндош: Қирғиз қизлар, қирғиз йигитлар.

Шундан сўнг квартирасига киролмаган ўзбек оиласи ҳуқуқ-тартибот органларига арз қилади.

Қариндош: Милицияга, СНБга хабар қилишганидан сўнг, улар квартирани босиб олганларни чиқарган бўпти.

Эътибор беринг: "Чиқариб юборипти", демаяпти, "Чиқарган бўпти", деяпти, суҳбатдошимиз.

Чунки, эртаси – 8 август куни квартирасига борганида уни уйидан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари олиб кетиб қолган. Бир кеча-кундуз ушлаб турган ва 9 август куни қўйиб юборган.

Қариндош: Кеча ҳибсдан ажратиб олиб чиқишди

Озодлик: Неча пул тўлашди?

Қариндош: Пулни айтмаяпти. Эсон-омон қутулганимизга шукур деяпти. Сиз билан гаплашишгаям қўрқишди. Эшитиб қолишса, яна қамаб қўйиб қийноққа солишади, дейишди.

Қариндошининг айтишича, "Уйимни эгаллаб олишди", деб арз қилгани учун ўзи айбдорга айланган ўшлик ўзбек ҳибсдан озод бўлганидан кейин домдаги квартирасига боргани йўқ –квартираси ўзиникими, босқинчиникими – билмайди.

Биз воқеа юз берган маҳалла раиси Набижон ака билан ҳам боғландик.

Озодлик: Наримонов мактаби ёнидаги домда яшайдиган ўзбекларнинг квартираларини эгаллаб олишганидан хабарингиз борми?

Набижон ака: Бу ҳақда бизга мурожаат бўлмади. Мурожаат қилганларнинг ҳаммасини милиция билан опкелиб, уйларига олиб кириб қўйдик.

Озодлик: Нечта уй эгаллаб олинган эди?

Набижон ака: 30-40та.

Озодлик: Ҳаммаси эгаларига қайтарилганми?

Набижон ака: Ҳа. Лекин кўпчилик уйларига барибир бормаяпти. Кечаси тунаш учун боришаяпти холос. Қўрқишаяпти.

Набижон аканинг айтишича босқинчилар ҳайдаб чиқарилиб, эгаларига қайтарилган 30-40 уй шаҳардаги Сун Ят Сен ва Аношин кўчаларидадир.

Лекин бу билан шаҳарнинг марказий бозори яқинидаги бу кўчалар аҳолиси муаммолари ҳал бўлиб қолгани йўқ.

Ҳар ҳолда Сун Ят Сен кўчаси аҳолиси вакиллари бундан икки ҳафта олдин, Озодлик мухбири Ўшда бўлган кунлари мана бундай деган эди:

- Тунлари 10-15 бола кўчамизда юриб, дарвозаларимизни тарақлатаяпти, тинчлик беришмаяпти. Ҳовлиларимизга бостириб кириб, кўзга кўринган нарсани кўтариб олиб чиқиб кетаяпти. Очиқдан-очиқ энангди урай сартлар, яна нега бу ерга келдинг, бу уйларга сенлар келишинг керакмас эди, деб жанжал қилишаяпти,- деган эди Сун Ят Сен кўчасида яшайдиган ўшлик йигит.

Ўшанда суҳбатдошимиз конкрет бир воқеани ҳам айтиб берганди.

- Мана бугун бировнинг уйига кириб, холодильниги билан шифонерини олиб чиқиб кетишди. Биринчи марта 12 дан 15 минут ўтганда, кейин 3 дан 15 минут ўтганда олиб кетишди. Бу воқеа тунда, комендант соати вақтида рўй берди.

Милиция ҳам, ҳарбийлар ҳам бундай талончиликка бефарқ қараб турганини, суҳбатдошим бу тузилмаларнинг бир миллатли эканлигидан, деб тушунтирди.

Ўшлик яна бир расмий – Оқбура ҳудудий кенгаши раиси Муҳаммадамин Исмоиловнинг айтишича, Сун Ят Сен кўчасидаги вазият бироз барқарорлашиб қолган.

- Сун Ят Сен кўчаси июн фожеаси кунлари вазият энг оғир кўчалардан бири бўлди. Ўзбекларнинг кўпчилиги уйларидан ҳайдаб чиқарилди. Шу кунда кўпчилик ўз уйларига қайтган,- дейди Муҳаммадамин ака.

Бўлса бордир. Фаолиятини Ўш шаҳар мэрияси назорат қиладиган ҳудудий кенгаш раиси айтганидай, Сун Ят Сен кўчасидаги вазият бироз юмшаса - юмшагандир.

Лекин Наримонов номидаги мактаб яқинидаги кўпқаватли уйлардан биридаги уч квартирадан, эгалари - ўзбек оилалари
7 август куни ҳайдаб чиқарилгани вазият юмшагани тўғрисидаги гапга ишонишга имкон бермайди.

Чунки Сун Ят Сен кўчаси билан Наримонов номидаги мактаб битта маҳаллада жойлашган.

Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг айтишича, бировнинг мулкини тортиб олиш 2005 йилги Март инқилобидан кейин мамлакат бўйлаб кенг тарқалган касалликка айланиб кетди.

- Бировнинг мулкини эгаллаб олишга оид сиз айтаётган алоҳида бир ҳолат ёки мен айтаётган оммавий кўринишлар Қирғизистон учун жуда катта муаммодир. Давлат бу муаммо ечими йўлида конкрет чоралар кўришни бошламас экан, аҳвол янада ёмонлашиши мумкин,- дейди ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG