Линклар

Афғонистонда ҳануз тинч фуқаро нобуд бўлаяпти


БМТ ҳисоботига кўра, тинч аҳоли вакиллари асосан йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида нобуд бўлган.

БМТ ҳисоботига кўра, тинч аҳоли вакиллари асосан йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида нобуд бўлган.

Халқаро кучлар томонидан талафот етказилиши камайганига қарамай, Афғонистонда тинч аҳоли орасида яраланган ва ўлганлар сони кўпаймоқда. Буни 10 август куни БМТ расмийлари эълон қилди.

БМТ жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида Афғонистонда нобуд бўлган ва яраланган тинч аҳоли вакиллари сони ўтган йил шу даврига нисбатан 31 фоизга кўпайганини маълум қилди.

- 31 фоиз нимани англатади? Бу жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида Афғонистондаги можаролар пайтида 3 минг 268 нафар тинч аҳоли вакиллари жабр кўрганини англатади, деди 10 август куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Стаффан Де Мистура.

БМТ ҳисоботига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида тинч аҳолидан 1 минг 271 киши ўлган, 1 минг 997 киши яраланган.

БМТ ҳисоботида тинч аҳоли орасида кўрилган талафотнинг учдан икки қисми, яъни 76 фоизи учун Толибон ва Ал-Қоида жанггарилари масъул эканини билдирилган.

Ўтган йил тинч аҳоли орасидаги талафотнинг 50 фоиздан кўпроғи учун жанггарилар масъул экани маълум қилинган эди.

Тинч аҳоли вакиллари асосан йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида нобуд бўлган.

БМТ ҳисоботида АҚШ, НАТО ва бошқа ҳукуматларга қарашли кучлар уюштирган ҳужумлар оқибатида 368 одам нобуд бўлгани қайд этилган.

Ҳужжатга кўра, жорий йил биринчи ярмида жанглар бораётган ёки ҳарбий ҳужумлар уюштирилган минтақаларда нобуд бўлган болалар сони ўтган йил шу даврига нисбатан 55 фоиздан кўпроққа ошган.

Афғонистон Мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси жорий йилнинг етти ойи давомида мамлакатда тинч аҳолидан 1 минг 325 киши ўлганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга кўп.

8 август куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида комиссиянинг матбуот вакили Нодир Нодирий жанггариларга тўғридан-тўғри мурожаат қилди.

- Комиссия қуролли мухолифатни ўз диний (шаръий) мажбуриятларига амал қилишга чақиради. Можарода иштирок этаётган бошқа томонларни ҳам ўз мажбуриятларини бажаришга даъват қилади. Халқаро қонунлар ва Женева Конвенциясига мувофиқ, тинч аҳоли орасида талафот кўрилишига имкон қадар йўл қўйилмаслиги лозим. Жанг майдонидаги уларнинг қонуний ва ҳақиқий вазифалари тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўлиб қолиши керак, деди Афғонистон Мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси матбуот вакили Нодир Нодирий.
XS
SM
MD
LG