Линклар

Цензура бекор бўлган кун

  • Абдулла Искандар

Қайта қуриш отаси Михаил Горбачёв ва идеологи Александр Яковлевлар СССР номли кўзага яширинган сўз эркинлиги девини озодликка чиқариб тарихда қолишди.

Қайта қуриш отаси Михаил Горбачёв ва идеологи Александр Яковлевлар СССР номли кўзага яширинган сўз эркинлиги девини озодликка чиқариб тарихда қолишди.

20 йил олдин Михаил Горбачëв матбуотни эркин қилиш ҳақидаги фармонга қўл қўйди ва айнан 20 йил олдин Ўзбекистонга матбуотнинг ашаддий душмани бўлган Каримовни раҳбар қилиб тайинлади. Бу тарих ҳазили ўзбек матбуоти учун қимматга тушди, демоқда ўзбек матбуотини сўнгги 20 йил давомида кузатган журналистлар.

Бундан 20 йил олдин Совет иттифоқида цензура бекор қилиниб¸ матбуот тўғрисидаги қонун қабул қилинди.

“Матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари эркиндир¸ цензурага йўл қўйилмайди” деган икки жумла янги бир давр эшигига очқич бўлди.

Совет иттифоқида цензура 1918 йилда Лев Троцкий буйруғига кўра, жорий қилинган эди. Кейинчалик бу идора Гослит¸ Узлит шаклида Совет иттифоқи таркибидаги Ўзбекистонда ҳам фаолият юритди.

Совет иттифоқидай улкан мамлакат цензурасини бекор қилган қонунни ëзган уч нафар ҳуқуқшунос - Юрий Батурин¸ Владимир Энтин ва Михаил Федотовлар СССР номли кўзага яширинган сўз эркинлиги деган девни озодликка чиқаришди.

Владислав Листьев сўз эркинлиги тимсоли сифатида, ўзбеклар ёдида ҳам қолди.
Эркин сўзга ташна совет халқи Москва садоси радиосини жон қулоғи билан эшитар ва ҳар жума куни зангори экрандан бериладиган “Взгляд” кўрсатувини жодуга сеҳрланган бола каби берилиб кўришар эди.

Матбуот ҳақидаги қонун қабул қилиниши Ўзбекистон матбуотини ҳам бир силкитди.

Одатда чорвадор ва пахтакорларга атаб мусиқий эшиттириш берадиган ўзбек радиосидан жиддий мушоҳадали суҳбатлар янграй бошлади. Ўзбекистон телевидениесида эса журналист Октябр Мўминов учинчи студиядан туриб эмин-эркин эшиттиришлар олиб борди.

Ўша даврда Хоразм телевидениесига раҳбарлик қилган Қурбонбой Матризоев цензура бекор бўлган кунни яхши эслайди.

Қурбонбой Матризоев: Шундай қарор қабул қилинди. Лит бекор қилинди. Қароргача эфир материалларини олиб кетиб¸ мен телевидениеда ишлаганман¸ эфирга чиқмасидан олдин лит кўрар эди. Лит кўриб¸ битта биттадан материалларни ўқиб¸ ҳар бир бетига имзо қўйиб “Эфирга рухсат берилди” деган печатини босар эди. Кейин эфирга беришга рухсат бериларди. Шунгача раис бўлса ҳам¸ бош муҳаррир бўлса ҳам¸ мен бош муҳаррир бўлиб ишладим¸ унинг қўли ўтмасди. Шундай эди олдин. Бу қарорни яхши қабул қилдик. Агар ундай бўладиган бўлса¸ эркинлик бўлади матбуотда. Ëзган нарсангни кўриб ўтиришмайди. Истаган материалингни ўзинг истаганингча берасан. Борадиган ерга бориб ўрганасан. Шундай бўлишига қарамасдан, 1989 йилда имконият унчалик йўқ эди. Одатдагидек раҳбарларда ҳам¸ бошқаларда ҳам лит бўлмаса ҳам қўрқиш аломати бор эди. Одамларнинг психологияси¸ руҳияти шунга тузилган эди. “Ундай бўлмасмикан. Мана буни берсак¸ гап бўлмасмикан” деган нарса бўлар эди. Чунки кўп йиллар мобайнида одат тусига кирган эдида назорат остида ишлаш.

Озодлик: Мана сиз матбуотда шунча йил ишлаган одамсиз. Цензура қанчалик зарур?

- Цензура зарур эмас. Агар газетами¸ телевидениеми¸ матбуот органида ҳаëтни тушунадиган¸ шу даврнинг руҳи билан яшайдиган¸ масъулиятни сезадиган одам бўлса¸ у одамга цензура керак эмас. Қайси йўлдан кетишини¸ қайси ғояга хизмат қилишини билмаса¸ буни кимдир кўриб¸ рухсат бериб борса яхши бўлади. Агар шундай одам раҳбар бўлиб ўтириб қолса¸ умуман цензуранинг кераги йўқ. Одамларимиз маънавиятли¸ маърифатли¸ билимли бўлиши¸ ўз соҳасини яхши тушуниши керак. Шунда ҳеч нарсадан қўрқмайди. На танқиддан¸ на текширувчилар бўлсин қўрқмайди. Ўзи исботлаб берадиган бўла олиши керак ëзган нарсасини ëки қўяëтган саҳна асарини. Лекин барибир бизнинг ҳозирги раҳбариятимизда¸ газета муҳаррирлари деймизми¸ театр директорлари деймизми¸ ҳеч ким уларга дакки бермаса ҳам уларда қўрқинч аломатлари ҳозир ҳам бор¸- дейди бир пайтлар Хоразм телевидениесида раҳбар бўлган Қурбонбой Матризоев.

Аммо бу эшиттиришлар давлат тасарруфидаги медианинг янгиланаëтганидан дарак эди холос.

Янги қонун эса 18 ëшга тўлган ҳар бир совет фуқаросига матбуот яратиш ҳуқуқини берган эди.

"Муносабат" газетаси совет Ўзбекистонидаги илк мустақил ҳафталик.
Цензура бекор қилинганига қадар “Муштум” журналида ишлаб юрган Фахриддин Худойқулов мана шу фармон сиëҳи қуримасдан бутуниттифоқ “Муносабат” ҳафталигини Москвадаги матбуот қўмитасида рўйхатдан ўтказди. Бу қарор менинг ҳаëтимни тубдан ўзгартирди¸ дейди ҳозир сиëсий муҳожир бўлиб¸ Канадада юк машина рулини айлантираëтган Фахриддин Худойқулов.

Фахриддин Худойқулов: Цензурани бекор қилиш билан бир даврда матбуот ҳақида қонун ҳам чиқди. Биз буни орзиқиб кутаëтган эдик. Шу жумладан шахсан мен ҳам орзиқиб кутаëтган эдим. Чунки кўп йиллар орзу қилиб юрган мустақил газета очиб уни юритиш¸ ҳаққоний информация бериш каби ниятларимиз бор эди. Шу амалга ошадиганга ўхшаб кўриниб қолди. Натижада биз газетанинг керакли ҳужжатларини тайëрлаб¸ Москвага йўл олдик. Москвада қарийб бир ҳафта ëтиб¸ 200 минг рус ва 200 минг ўзбек тилларида чиқадиган бутуниттифоқ газетаси сифатида "Союзпечать" деган ташкилотдан рўйхатдан ўтказдик. СССР почтасига кириб тарқатиш бўйича шартнома туздик. Хуллас ҳамма ишларни тамомлаб¸ бира тўла компютерлар олиб¸ Ўзбекистон тарихида биринчи марта компютерда газетани макет қила бошладик.

Орадан уч ой ўтиб ноябр ойида бу газетанинг нишона сони чиқди. Биринчи кунлардан мен билан билан жуда яқин ва актив ишлаган дўстимиз¸ укамиз¸ шоир Қудрат Бобожон ëрдам берди. Бизга ëзувчилар союзининг тагидан жой беришган эди. Мамадали Маҳмудов у пайтда ëзувчилар союзида хўжалик мудири эди. У кишининг соясида жойли бўлиб қолган эдик. Ўша ердаги учта компютерда кечалари билан уйга бормасдан газетани макет қилар эдик. Горбачëв қўл қўйган ва бутуниттифоқ депутатлари қабул қилган цензурани бекор қилиш тўғрисидаги қонунни биз эркинлик даракчиси сифатида қабул қилдик. Ишларимизни шунга қараб бошладик. Мана шунга ҳам 20 йил бўлди.

Озодлик: Фахриддин¸ мана Горбачëвнинг қарори яхши муҳит яратибди. Ундан олдинги муҳит қандай эди?

Фахриддин Худойқулов: Мен “Муштум” журналида 1983 йилдан бошлаб 1989 йилнинг охиригача ишладим. Оддий ходимликдан бўлим бошлиғи лавозимигача чиқдим. Биласиз жуда кучли цензура бор эди. Узлит деган ташкилот бор эди. У ерда ҳурматли кишилар ўтиришар эди. Бизнинг журнал ҳар 15 кунда чиқадиган бўлгани учун ўша ерга навбатчи муҳаррир борар эди. Сарғайиб эшикда кутиб ўтирар эди. Тушунмаса ҳам, “мана бу бўлади¸ мана бу бўлмайди”, деб белгилаб чиқарди.

Озодлик: Исмларини айтиб қўйинг. Тарих билиб қўйсин.

Фахриддин Худойқулов: Эсимда қолмаган. Эркин ака эсимда қолган лекин. Амаллаб ялиниб¸ ëлвориб¸ материалларимизни бошқача тушунтириб ўтказардик. У пайтда айтмоқчи бўлган гапингиз сатр орасига ëзилар эди. Яъни уни тўғридан тўғри гап сифатида ëза олмас эдингиз. Сатрларга сингдириб юборардингизки¸ ўқиган одам сизнинг фикрингизни¸ демократик қарашингизни тушунсин. Эркин ака буни кўп ҳам тушунмас эди. У жумлаларга эътибор қиларди. Балки тушуниб тушунмасликка олгандир. “Иттифоққа қарши бир нарса кетиб қолмасин. Улуғ рус оғага қарши бирор нарса кетиб қолмасин” ва ҳоказо гапларга эътибор берарди. Шу жараëнда ишлар эдик. Шароит шунақа эди. Ҳамма шунақа қиларди. Баъзан айтмоқчи бўлган гапимизни айтар эдик. Фақат ҳаммаси сатр орасида эди. Маъно билан келиб чиқадиган даражада эди. Очиқчасига у ундай¸ бу бундай дея олмас эдик. Тошкент марказида Ўзбекистон марказий комитети нашриëтининг иккита асосий биноси бор. Биттаси журнал биноси¸ биттаси газета биноси дейиларди. Узлит газета биносида эди. Катта идораси менимча Навоий кўчасида эди.

Озодлик: Улар печат босиб берарди-а?

Фахриддин Худойқулов: Ҳа. Печат босиб¸ жимжимадор қилиб қўл қўйиб берарди. Ундан кейин нашриëт босмага қабул қиларди. Имзо ва печат бўлмаса, ëзган нарсангиз ҳеч қаерга ўтмасдан столнинг устида қолиб кетаверарди.

Озодлик: Горбачëв келгандан кейин лит бекор бўлдими? Қандай бўлди бу?

Фахриддин Худойқулов: Горбачëв келиб қонунга имзо қўйгани билан ҳеч нарса бекор бўлгани йўқ. Ташкилотлар жой жойида қолдию¸ биз у ерга бормадик. Масалан "Муносабат" газетасини чиқараëтганда биз ҳеч қанақа литга бормадик. Фақат бориш тўхтатилди.

Озодлик: Муносабат газетасининг нечта сони чиқди?

Фахриддин Худойқулов: Учта сони чиқди.

Озодлик: Цензура аломатлари қандай пайдо бўлганини айтиб беринг.

"Муносабат" газетасининг илк сонларидан биридаги мақола сарлавҳаси сўз эркинлиги яқин кунларда ёпилишидан огоҳлантирган эди.
Фахриддин Худойқулов: Бизни ҳатто цензура ҳам қилиб ўтиришмади. Бизни тўғридан тўғри келиб қўпол куч билан босиб олиб кетишди. 50 та ОМОНчилар келди. Биз учинчи сонини тайëрлаëтган эдик. Икки кундан кейин иттифоқ референдуми бўлиши керак эди. Референдум 15 мартда бўлиши керак бўлган бўлса¸ бу 13 мартларда бўлаëтган гап. Кечқурун газета тайëрлаб ўтирсак¸ тақир-туқир бўлди. Ëзувчилар уюшмасида қоровул амаки бор эди. Шу киши қўрқиб кетган¸ чиқсак¸ ваҳима. Атрофни бутун милициялар ўраб олган. Ҳаммаси каскали¸ қуролланган. Биз Қудрат иккаламиз нима қилишни билмай бир-биримизга қараб қўйдик¸ газетамиз кечқурун Чимкентга кетиши керак эди. Газетанинг янги тайëрланаëтган сонида бутуниттифоқ референдумига қарши овозлар бор¸ мақолалар бор. Биз тиш-тирноғимиз билан қарши бўлган референдум эди бу. Айрим нарсаларни қутқариш учун Қудрат Бобожонга орқа эшикдан нарсаларни бериб¸ шу ерда ҳеч бўлмаса битта компютер қолсин деб битта компютерни олиб қолдик. Бутун архивларимиз ўша ерда эди. Қудрат буни биларди. Мени қамаб қўйса ҳам эртага келиб буни Қудрат давом эттирарди. Бизни ҳам машинага тиқиб олиб кетишди. Эрталабгача ушлаб ўтириб қўйиб юборишди. Табиийки орқамиздан одам қўйишди. Биз кейин дарров Қудрат билан ҳаракат қилиб Чимкентга олиб бориб айтилган муддатда газетани чиқариб келдик. Тарқатишни бошлаганимиздан кейин бизнинг газета турган омборимизга ўт қўйиб юборишди. Кечаси ëнғин бўлиб кетибди. Бизнинг хабаримиз йўқ эди. Ўт ўчирувчи машиналар келган¸ бутун ëзувчилар союзи оëққа турган. Хуллас шунақа нарсалар бўлган. Милиция бизнинг одамларни олиб кетиб қамаб қўяр эди. Биз кечқурунгача юриб милицияхонадан тарқатувчиларни олиб чиқиш билан шуғулланар эдик. Цензура мана шунақа кўринишларда намоëн бўлган.

Озодлик: Евтушенконинг “Ҳақиқат учун уч минут” деган шеъри бор. Уни Омон ака таржима қилган. Эркин мабуот билан шуғулланган даврларингиз сиз учун қандай давр эди?

- Юксак ижодий кўтаринки руҳ¸ қанот боғлаган пайтларимиз эди. Ҳозир қарасангиз¸ фантастик¸ эришиб бўлмайдиган даврларга ўхшайди. Бир тарафдан файзли эди¸ одамлар¸ дўстлар¸ ижодкорлар¸ шароит бошқача эди. Газетачининг ҳурмати бор эди. Милицияхоналарга борсак ҳам ўринларидан туриб кутиб олишарди. Бизнинг одамимизни қамаб қўйганда. Уни бўшатиб олиш учун келаяпмиз. Аслида бундай ўйлаб қараса одамлардан бошқа ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Одамлар ўзгарди¸ одамларнинг психологияси¸ онги¸ муҳит ўзгарди. У пайтда одамлар актив эди¸- дейди Фахриддин Худойқулов.

Журналистикадан дарс берадиган профессор Олег Панфилов назарида¸ бу қонун журналистларни енгил нафас олдирди.

- Бу қонун қабул қилинганидан 20 йил кейин шуни айта оламанки¸ у қонунни қабул қилган Михаил Горбачëв журналистикани эркин қила олди¸ аммо одамларни эркин қила олмади. Менимча¸ аввалига одамлар эркин бўлса¸ журналистика янада эркинроқ бўлар эди¸- дейди Олег Панфилов.

Дадахон Ёқубов Горбачёв ҳуррияти берган имкониятдан самарали фойдаланди.
Горбачëв ҳуррияти, деб ном олган қайта қуриш ва ошкоралик даври меваларидан бири сифатида "Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари" эшиттириши бўлди. Бу эшиттиришга бошловчилик қилган Дадахон Ëқубовнинг айни пайтда Ўзбекистондан чиқиб кетгани айтилади. Дадахон Ëқубовнинг рафиқаси Саида опа ҳам бундан 20 йил муқаддам цензура бекор бўлган пайтни яхши эслайди.

Саида опа: Бизларнинг турмушимизда жуда катта ўзгаришлар бўлган ўшанда. Демократия деб юрганку Горбачëв. Нафақат шахсий ҳаëт¸ ижодларида ҳам катта ўзгаришлар бўлган. Ўшанда кўрсатувларини кўрган мухлислар бўлса¸ эсида бордир. У киши фақат “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари”, деган кўрсатувни қилмаганларку.

Озодлик: Олдин Ахборотда ишлаганлар-а?

Саида опа: Ҳа¸ олдин махсус корреспондент бўлганлар. Ўша Ахборотда ишлаб юрганларида долзарб мавзуларни кўтариб чиқардилар¸ фельетонлар бўларди. Ҳаммаси эсимда. Кўпинча биз биргаликда ижод қилардик. Ҳамма кўрсатувлари эсимда. “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари”га кўпинча ҳукумат мавзу берарди. 20 йил бурун халқимиз учун¸ ватанимиз учун оз-мунча меҳнат қилдиларми.

Озодлик: Ўша пайтда Арманистонда зилзила бўлганда борганлар-а?

Саида опа: У пайтда биринчилар қаторида борганлар. Кейин Тожикистоннинг фахрий ëрлиғини ҳам олганлар. Тожикистонда бўлган урушга ҳам борганлар. Фарғона фожеаларига ҳам борганлар. Фарғона фожеаси бўйича тузилган комиссия раиси бўлганлар. Қўқонда Абдухолиқов деган мухбир бўларди. Улар вертолëтда юриб энг нима жойларидан съëмка қилишган. Қаерда жанжал¸ тўполон бўлса¸ дарров борардилар.

Озодлик: Совет ҳукумати пайтида ўтмай қолган программалари бўлганми?

Саида опа: Бўлган. Кўп эмаску¸ лекин бўлган. У пайтда Абдуллаева Раъно Ҳабибовна ишларди. Телевидениеда бўлганку¸ лекин охирига етказиб ўтказганлар. Горбачëв даврида кўрсатувларининг кўпи ўтган. Битта-иккита кўрсатувлари ўтмай қолган даври ҳам бўлган. Уларни уйда архивда сақлардилар. Эфирда кетишига кўп ҳаракат қилардилар.

Озодлик: Мана лит деган идора бор эди. Лит бекор қилинганини эслайсизми?

Саида опа: Эслайман. Дадахон акам лит йўқолиб ошкоралик кириб келганда жуда ҳам хурсанд бўлганлар. Жуда зўр кўрсатувларни ўша вақтдан фойдаланиб қилган эдилар.

Озодлик: Бунақа эркинлик ҳам жуда узоқ бўлмади. Одамга имконият берилган пайтлар бўларкан.

- Булар энди бизлар учун фақат эслаб қолинадиган нарсалар бўлди. Бугунги кунда телевидениеларни кўраяпсизларку. Кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ. Корейс сериали¸ турк сериалларидан бошқа публицистика деган нарсанинг ўзи йўқ. Танқид деган нарса йўқ. Бизда цензура йўқ бўлгани билан кўнглингиздаги кўрсатувни қила олмайсиз. Ҳатто ҳар бир гапингиз ҳам сиз истагандай кетмайди¸- дейди Дадахон Ëқубовнинг рафиқаси Саида опа.

Тошкентдаги метро поезди Ҳамид Олимжон бекатидан Пушкин бекатига ўтаётганда бир силкиниб ер юзига чиқиб олади. Зимистондан чарчаган кўзлар кун ëруғидан қувнайди. Аммо сал ўтмай поезд яна қоронғуликкка шўнғийди. Горбачëв даврида бекор қилинган цензура мустақиллик даврида яна тикланди. Матбуотда давлат сирларини сақлаш қўмитаси деб номланган идора 2004 йилгача фаолият кўрсатди.

Ўзбекистондаги ҳар бир ҳоким ва ҳокимча ўзини матбуот¸ адабиëт ва театр билимдони деб билади ва цензура билан шуғулланади¸ дейди 1999 йилда Хоразм театрида “Ревизор” спектаклини қўйганидан кейин сохта айблов билан ҳибсга олинган Қурбонбой Матризоев.

- Жуда мустаҳкам ишланиб¸ образлар ҳам яхши ишланиб театр саҳнасида қўйилди “Ревизор” асари. Кейин бир рус газетасида мақола чиқди. Ўшандан кейин асар қўйилмай қолди. Директор бўлсам ҳам менга “қўйманг” демади¸ лекин спектакл ўзидан ўзи қўйилмай қолаверди. Озгина тазйиқлар бўлди. Бундан хабарингиз бор. “Ревизор”да у пайтдаги ҳокимликлар ҳақида гап кетади. Танқидий нуқтаи назардан қаралган¸ ахлоқсизлик масалалари кўтарилган. Шунинг учун айрим одамлар ўзини кўрган бўлиши мумкин. “Ревизор” спектали изсиз йўқолиб кетдику¸- дейди Қурбонбой Матризаев.

Ўша пайтда Хоразм вилояти ҳокими муовини бўлган Ботир Раҳимов “Ревизор” комедиясида ўз аксини кўргани боис уни репертуардан олиб ташлатишга ва театр директорини қаматишга муваффақ бўлгани айтилади.

Айни пайтда Ўзбекистонда цензура вазифаси нафақат ҳокимлар балки бош редакторлар зиммасига ҳам юкланган¸ дейди Олег Панфилов.

- Ўзбекистондаги медиани эркин деб аташга тилим айланмайди. Чунки Ўзбекистонда давлат диктатураси бор. Кўзга кўринмас цензура мавжуд. Шунингдек ҳукуматнинг журналистларга нисбатан кучли босими бор. Бу ҳолат токи амалдаги сиëсий тизим ўзгармагунча ўзгармасдан қолаверади¸- дейди Олег Панфилов.

Олег Панфиловга кўра бундан 20 йил олдин Михаил Горбачëв матбуотни эркин қилиш ҳақидаги фармонга қўл қўйди ва айнан 20 йил олдин Ўзбекистонга матбуотнинг ашаддий душмани бўлган Каримовни раҳбар қилиб тайинлади.

Бу тарих ҳазили ўзбек матбуоти учун қимматга тушди¸ деб гапини якунлади суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG